Мантиқсиз жой номлари қачон ўзгаради?

Мантиқсиз жой номлари қачон ўзгаради?

Водий томонга отланган йўловчилар бир дастурхон атрофида суҳбатлашиб қолишди:

— Қаерга кетяпсиз?

— Бўғозтеракдан Лаббай тоғага кетяпман, — дея жавоб берди йўловчилардан бири.

— Калака қиляпсизми? — қовоқлари ўйилди Сирдарёдан водийга йўл олган йигит...

Албатта, юқоридаги каби ҳолатларга кўпчилигимиз дуч келганмиз. Айрим жой номларини эшитганимизда бироз кулгули, биров эриш туюлгани ҳам бор гап. Бироқ унутмаслик керакки, ҳар қандай жой номи унинг табиий ва жойлашув шароити, ўзига хос хусусиятлари, ҳудуддаги одамлар турмуш тарзидан келиб чиқиб номланади. Шундай бўлсада айрим қишлоқ ва маҳалла номлари борки, бугунга келиб ўзгартиришни талаб қилади.

Жумладан, “мохов” сўзи бирор уруғдан ажралиб чиқиб, яйдоқ далада оиласи билан ерлашган одам “мохов” ёки “яккамохов” деб юритилган. У яшаган жойда секин қишлоқ пайдо бўлиб, “Мохов қишлоқ” деб атала бошланган. Тўғри, бунинг изоҳи бор. Аммо нега шу ҳудуднинг бошқа ўзига хос хусусиятлари бўла туриб, ҳанузгача “мохов” деб номлашимиз лозим. Ёки бўлмаса тулки қишлоғида яшайдиганларни “тулкиликлар” деб аташлари уларнинг кўнглига оғир ботмайди деб ўйлайсизми?

“Галаботир”, “Галатентак”, “Галадевона” номлари билан аталувчи ҳудудлар эса Ўрта Осиё арабларининг тўплари (галалари) билан боғлиқ дейишади. “Тентак” ва “девона” сўзлари бу ўринда салбий маънода қўлланмаслиги мумкин, аммо юқорида айтганимиздек, ҳаммага тушунтириб юргандан кўра, чиройли номга алмаштирган яхшироқ. Худди шундай Қашқадарё вилояти Чироқчининг Сарсон, Самарқанд вилояти Нуробод туманининг Товуқбулоқ, Қорақалпоғистоннинг Ешкиулгеч, (эчки ўлган), Ашаул (оч қишлоқ) қишлоқлари номини ўзгартирадиган пайт келмадимикан?

Яланғоч — яланглик демакдир

Айрим топонимик сўзларда ўлка табиатининг кўпгина хусусиятлари, этнографияси, асрлар давомида мамлакатда рўй берган тарихий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар акс этган бўлади. Шу боис, топонимик номларни тушуниб-тушунмай, улардан уялиш ярамайди. Масалан, айрим ҳолларда пойтахтимиздаги Яланғоч даҳаси, “Яланғочота” маҳалласи номи борасида баҳсларга гувоҳ бўламиз.  Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғатит турк» асарида эса «Яланғоч» — теп-текис, яланглик, яъни очиқ жой деган маънони англатиши қайд этилган.

Ёки бўлмаса, Эски жўва бозори номини оладиган бўлсак, маълумотларга кўра, турли томонларда Тошкентга ташриф буюрган савдогару элчилар, дарвешу мусофирлар шаҳарнинг қайси дарвозасидан киришмасин, шу бозор томон йўналган. Шаҳарнинг марказий бозори Эски Жўва (аслида-Иско Жўба), яъни юқори катта (жаҳон) бозори деб юритилган.

Мирзо Улуғбек туманида “Олтинтепа” ва “Катта Олтинтепа” маҳаллалари номини эшитган киши ҳам бу ерда олтин топилган тепалик бўлса керак тахминга боради. Аслида-чи?  

— Маҳалламиз ҳудудида илгари жуда кўп тепаликлар бўлган, — дейди йиғин масъул котиби Диёра Дадажонова. — Аммо олтинпепа дейилиши олтин сўзи билан боғлиқ эмас. Айни пайтда ҳам бизнинг ҳудуд атрофдаги маҳаллалардан анча тепаликда жойлаган. Шу боис “олд” яъни олди, янада юқори тепа маъносида қўлланилган. Яна бир манбааларга кўра, тепаликлардаги соф, ранги ҳам сариқ тупроқ ҳудуддаги ғишт заводи учун хом-ашё вазифасини ўтаган. Бир сўз билан айтганда, тупроқ олтинга тенглаштирилган.

 “Beauty” бўлса харидорлар кўпроқ бўладими?

Бугунги кунда нафақат пойтахтимизда балки чекка-чекка қишлоқларда ҳам хориж тилида номланган тўйхона, хизмат кўрсатиш шохобчалари, дўконларга кўзимиз тушади. Айримлар тадбиркорликни йўлга қўяр экан, хорижий номлардан фойдаланиш харидорларни ўзига кўпроқ жалб этади, деб ўйлайди. Аслида эса “Нурафшон”, “Тошкент”, “Умар Ҳайём”, “Ялпиз”, “Анор”, “Тумор”, “Эски шаҳар” каби миллий номлар билан аталган ресторану кафеларнинг мавқеи, машҳурлиги ажнабий сўзлар билан аталганлардан кам эмас. Шу маънода дўконларимизни “Market”, “Гўзаллик салони”ни  “Beauty”деб номлаш ўрнига, уларни ўз номи билан атасак, бизнингча, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Моҳичеҳра ЛАТИПОВА

Mahalla

 

  

 

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш