Масъулиятни кимдир англаяпти, кимдир эса ҳали-ҳануз ўзи билан ўзи овора

Газетамизнинг 2018 йил 25 октябрдаги 130-131-сонларида чоп этилган «Маҳаллада нега спорт майдони йўқ» сарлавҳали танқидий мақолада Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Ойдин» маҳалласида йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар қаламга олинганди. Жумладан, йиғинда биронта спорт майдонининг йўқлиги, натижада ҳудуд ёшлари қўшни маҳаллага қатнаётгани баён қилинганди.

Хўш, ўтган муддат ичида ҳудудда қандай ўзгаришлар кузатилди? Муаммоларга ечим топилдими? Айни саволларга жавоб излаб «Ойдин» маҳалласида бўлдик. Афсуски, кўрган манзараларимиз дилимизни хуфтон қилди: йиғиндаги вазият ҳали-ҳамон «эски тос, эски ҳаммом»лигича турибди.

— Маҳалламиз аҳолисини нафақат спорт майдончасининг йўқлиги, балки ичимлик суви, йўлларнинг таъмирталаблиги ҳам неча йиллардан буён қийнаб келади, — дейди йиғин раиси Иброҳим Қурбонов. — Мақола чоп этилгач, мутасаддилар томонидан муаммолар ўрганилди. Тез орада ичимлик суви етиб бормаган кўчаларга сув қувурлари тортилиши айтилди. Кўрамиз, йиллар давомида бериб келинган «ваъда» бу гал бажарилармикан?! Спорт майдончасини қуриш масаласи эса муаммолигича қолди. Ҳануз болаларимиз қўшни маҳаллага қатнаяпти.

Қайсидир маънода йиғин раисининг гапида жон бордек. Бироқ «давлат қачон қуриб берар экан» деб ўтирмай, ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлар бу ишга жалб қилинса бўлмасмиди? Муаммонинг ечими маҳалланинг ўзида бўлатуриб, давлатдан талаб қилиш қанчалик тўғри? Афсуски, фаолларда бу борада ташаббус етишмаяпти.

Ҳудудда жойлашган 10-умумтаълим мактабини 2015-2016 ўқув йилида таъмирлаш, унга ёндош ерда спорт зали қуриш режалаштирилган эди. Афсуски, орадан икки йил ўтса ҳамки, қурилиш ишлари бошланмади. Ўқувчилар ёзда иссиқдан, қишда совуқдан «чўчиб», спорт билан шуғулланишдан бебаҳра қолмоқда. Туман халқ таълими бўлими мудираси Муҳаббат Алимованинг айтишича, жорий йил мазкур мактабда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан спорт зали қурилиши кўзда тутилган.

«Теракли»да керакли ишлар амалга оширилдими?

Газетамизнинг 2019 йил 21 февралдаги 11-сонида «Марказдан четда — эътибордан четда деганими?» сарлавҳаси остида чоп этилган танқидий мақолада Олмалиқ шаҳридаги «Теракли» маҳалласидаги муаммолар қаламга олинганди.

— Мақола чоп этилгач, маҳалламизда шаҳар ҳокими билан учрашув бўлиб ўтди, — дейди 9-умумтаълим мактаби директори Ҳофиза Умарова. — Йиғилишда мактабимиз биноси қайта таъмирланиши таъкидлаб ўтилди. Фаолияти тўхтатилган болалар боғчаси эса қайта иш бошлади. 22 нафар ўғил-қиз тарбияланаётган маскандаги иситиш тизими билан боғлиқ муаммолар куз мавсумига қадар бартараф этилади.

Материалда: «Йиғин яқинидаги «Дорихона» деб аталувчи ҳудудда 15 йилдан буён 12 та хонадон истиқомат қилади. Аммо улар ҳеч бир маҳаллага бириктирилмаган. Аҳоли яшаётган тураржойларнинг эса кадастр ҳужжати йўқ»лиги айтилганди. Маълум бўлишича, «Теракли» ҳамда Абдулла Қодирий номли маҳаллалар оралиғида жойлашган ҳудудга ўзбошимчалик билан қуриб олинган уйларда истиқомат қилаётган хонадон эгаларининг юракдаги «дард»лари қисқа фурсатларда арийди.

— Мақола эълон қилингач, ҳудуд аҳолиси билан тушунтириш ишлари олиб борилди, — дейди Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Олмалиқ шаҳар филиали раҳбари Мирзоҳид Парпиев. — Жумладан, улардан мамлакатимизда эълон қилинган умумдавлат акцияси доирасида ерга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш бўйича аризалар қабул қилинди. Қисқа вақт ичида оилалар мулк ҳуқуқига эга бўлишади. Йил охиригача мазкур хонадонлар Абдулла Қодирий маҳалласига бириктирилиши кўзда тутилган.

***

Ўтган сафар мақоламизни: «Қачонгача ҳудудлардаги муаммолар кимнингдир аралашуви билан ҳал этилади? Масъулларга зиммасидаги вазифаларни ҳар куни, ҳар онда эслатиб туриш лозимми? Бундай лоқайдлик, вазифаларга совуққонлик билан ёндашув жамият ривожига салбий таъсир кўрсатмайдими?», дея якунлагандик. Кўрдикки, бир ҳудудда муаммолар ечимига киришилган бўлса, бошқасида ҳали-ҳануз «режалаштирилган», «бажарилади»дан нарига ўтилмаяпти. Ўйлаймизки, агар мутасаддилар камчиликларни бартараф этишга масъулият билан ёндашса, бунда маҳалла фаоллари ҳам жонбозлик кўрсатса, муаммолар ўз-ўзидан ечим топади.

Нигора ЎРОЛОВА

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш