Жойлардаги лоқайдликка қачон барҳам берилади?

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик назорати гуруҳлари ўтган йилнинг август ойидан жорий йил март ойига қадар туман ва шаҳарларда бўлиб, хонадонма-хонадон юриб, аҳолини қийнаётган муаммо ва камчиликларни аниқлади. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг жойларда халқ билан ўтказаётган сайёр қабуллари, очиқ мулоқотларини ҳам мазкур тадбирларнинг мантиқий давоми дейиш мумкин.

Уйма-уй юрилса, халққа яқин борилади

Яқинда Самарқанд шаҳрида ташкил этилган ана шундай тадбирда бу жиҳатлар яққол кўзга ташланди. Сайёр қабулда нафақат кўҳна кент аҳолиси, балки бошқа туман ва шаҳарларда яшовчи фуқаролар ҳам иштирок этишди.

Ҳудуд аҳолиси ўзларини қийнаётган муаммолардан ташқари, кўпчилик манфаатига хизмат қиладиган йўлларни таъмирлаш, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, кредит ажратиш, соғлиқни сақлаш, таълим, уй-жой соҳасидаги мурожаатлари билан қатнашди.

Жумладан, Пайариқ туманидаги «Эшим­оқсоқ» маҳалласида яшовчи Элибой Худойқулов қишлоғи «Обод қишлоқ» дастурига киритилгани, бироқ белгиланган ишлар охирига етказилмагани, «Мустақиллик» маҳалласидан Даврон Жуманов ҳудудда биронта спорт майдони йўқлиги, Бобур номли маҳаллада истиқомат қилувчи Фурқат Норқулов эса икки йилдан буён ногиронлик аравачасини ололмай сарсон бўлаётганини баён қилишди.

— Вилоят ҳокимининг ­сайёр қабулларида қайд этилган муаммолардан келиб чиқиб, биз, туман кенгаши депутатлари ҳам алоҳида режа ва дастур белгилаб олганмиз, — дейди халқ депутатлари Пайариқ тумани Кенгаши депутати Абдураҳмон Валиев. — Жумладан, айни кунларда уйма-уй юриб, муаммоларни бартараф этишга интиляпмиз. Яқинда иккита уйсиз оила — Дилноза Шакарова ва Гулбаҳор Боймирзаевага туман ҳокимлиги томонидан уй берилди, Дилшод Нормўминов ва Карим Бекқулов оилаларига ҳомийлар кўмагида уй қуриб беришни бошладик. Кам таъминланган оилаларнинг бештасига моддий ёрдам кўрсатилиб, улар ҳунармандчилик ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилинди. Шунингдек, «Ҳар бир оила — тадбиркор», «Yoshlar — kelejagimiz» дастурлари асосида Охунбобоев қишлоғидан Уйғун Қодировга томорқачилик, Қаҳрамон Алиқуловга чорвачилик, «Баҳрин» маҳалласидан Анвар Қурбонов, Олим Сартоевга иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

Жомбойликлар «тухумкоробка» йўллардан азият чекмоқда

Жомбой туманидан тушган мурожаатларнинг асосий қисми тўртта масала — аҳолига суюлтирилган газ баллони етказиб бериш, йўлларни таъмирлаш, мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, болаларни боғчаларга жалб қилиш ҳамда кадастр хизматлари билан боғлиқ бўлди. Жумладан, «Наймантепа» маҳалласидан Ўлмас Эшмуродов газ баллонлари етказиб бериш борасидаги узилишлар, «Тўққизбой» йиғинидан Жамол Аноров, «Ногаҳон» маҳалласидан Улуғбек Тўрақулов йўлларни таъмирлаш бўйича вилоят раҳбаридан ёрдам сўради.

— Йўл қуриш ва таъмирлаш учун туманимизда моддий-техник база эскирган, янги, замонавий техникалар етишмайди, бу юмушларни бажариш учун ажратилаётган маблағ эса кам, — дейди туман ҳокими Умид Назаров. — Шундай бўлса-да, мурожаатларда қайд этилган масалалар йил охирига қадар ечимини топади. Умуман, жорий йил якунига қадар 5 километр йўлга асфальт ётқизиш, 4,3 километрли ички йўлларни таъмирлаш, 7,2 километр узунликдаги пиёдалар йўлагини қуриш режалаштирилган.

Ичимлик суви муаммоси қачон ечим топади?

Жамоатчилик назорати гуруҳи томонидан Қўшработ туманида аниқланган камчиликлар таҳлил қилинганда, асосий муаммо — ичимлик суви билан боғлиқ экани ойдинлашди. Бу ҳолат сайёр қабулда ҳам ўз аксини топди. Тумандаги «Хонназар» маҳалласида яшовчи Набижон Эшатов, оқтепалик Мафтуна Ўсарова, «Оқчобсой» маҳалласидан Ибодулло Очилов кўп йиллардан буён қишлоқ аҳолиси ичимлик сувидан қийналаётганини баён қилишди.

— Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш оғриқли нуқталаримиздан, — дейди туман ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев. — Очиғи, 2015 йилда хориж сармояси ва лойиҳаси асосида тумандаги қишлоқлар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида дастлабки ишлар бошланган, аммо охирига етказилмаган. Шу боис ўтган йили янги лойиҳалар асосида тендер ўтказдик ва хитойлик сармоядорлар унда ютиб чиқишди. Энди тасдиқланган режага кўра, 2019-2020 йилларда 76 фоиз қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаймиз.

Шунингдек, «Дўстлик» маҳалласидан Дилмурод Абдуллаев, «Жўш» йиғинидан Ғофир Йўлдошев, «Майинтепа»дан Абдулла Маҳмудов, «Қийқим» маҳалласидан Содиқ Рўзибоев қишлоқ йўлларини таъмирлаш ҳақида сўрашди. Мурожаатда қайд этилган масала жорий йил охиригача ечим топадиган бўлди.

Умуман олганда, вилоят ҳокими етти соатдан ортиқ вақт давом этган оммавий сайёр қабулда 272 нафар фуқаронинг мурожаатини диққат билан эшитиб, ўртага ташланган масалаларни ўз ўрнида, қўшимча ўрганиш талаб этадиган муаммоларни қисқа фурсатда ҳал этиш чораларини кўрди. Мутасадди раҳбарларга муддати белгиланган ҳолда қатъий вазифа ва топшириқлар берилди. Мурожаатларнинг ижро ҳолати яқин кунларда вилоят ҳокимлигида муҳокама этилиши белгиланди.

Ёрмамат РУСТАМОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш