«Катта Лангар» Қуръони: нодир китоб саҳифалари қаерда яширилган?

Юртимизда маданий ва табиий ёдгорликлар бисёр. Турли замонларда бунёд этилган, не-не суронли даврларнинг шоҳиди бўлган, ҳар бири мозийнинг бир парчаси сифатида  сақланиб қолган мадраса, мақбара, масжид, хонақоҳ ва зиёратгоҳлар тарихимизнинг тилсиз тилсимидир.  Биргина Қашқадарё вилоятида 927 та маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 163 тасини архитектура иншоотлари, 683 тасини археологик ёдгорликлар, 61 тасини қадимий санъат асарлари, 20 тасини эса зиёратгоҳлар ташкил этади. Шулардан бири Қамаши туманидаги Қизилтепа қишлоғидан 25-30 километр олисда, Ҳисор тоғ тизмалари оралиғидаги Лангар ота қишлоғида жойлашган Лангар ота зиёратгоҳидир.

Қадамжо синоати нимада?

Ривоятларга кўра, Ишқия сулукининг пирларидан бўлган Худойқули шайхни Соҳибқирон Амир Темур Хоразмга бешинчи марта юришидан кейин бу ерга ўзи билан олиб келган. Бу инсон Муҳаммад (с.а.в.) ва ҳазрат Али (р.а.)нинг тўғридан-тўғри авлодидир.

У кишининг ўғли Муҳаммад Шайх, набираси Илёс Шайх бугунги Самарқанд вилояти Нур­обод туманидаги Остонабобо қадамжоси атрофида истиқомат қилганлар ва улар минглаб йўлдан адашган, дини-имонида заиф бўлган одамларни ҳақ йўлга солганлар.

Бугунги Қамашидаги Лангар ота зиёратгоҳида истиқомат қилаётган шайхлар уларнинг авлодларидир. Билими камолига етгач, Илёс Шайх ўз фарзандини туяга ўтказиб туя қаерда чўкса ўша ерда қўнишини насиҳат қилганлар. Туя уч кун йўл юриб ҳозирги Қамаши туманидаги Лангар ота зиёратгоҳида чўкади ва уларнинг авлодлари шу ерда яшаб қоладилар ва кишиларни ҳақ йўлга даъват эта бошлайдилар. Маълумотларга кўра, уларнинг қўлида пайғамбар Расулуллоҳнинг ҳирқалари ва Усмон Қуръони ҳам сақланган.

Тарихга назар

Ҳазрати Лангар ота жоме масжиди 1448 йилда Абул Ҳасан шайх томонидан, хайрия-ҳашар ва саховат йўли билан қурилган. Ҳазрати Лангар отанинг исми шайх Муҳаммад Содиқ, оталарининг исми шайх Абул Ҳасан. Ривоятларга қараганда, шайх Абул Ҳасан ҳазратларининг ҳурмати эвазига масжид устунлари, мармар тошлари ва нақш тошлари хайрия сифатида келтирилган.

— Масжид 2 та хонақоҳ, 1 та айвон 4 та меҳроб, 19 та устун ва 7 та эшикдан иборат. 2 та хонақоҳи катта масжид ва кичкина масжид деб номланади, — дейди Лангар ота жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин Муродов. — Аввал кичкина масжид, кейинчалик номозхонлар кўпайганлиги сабабли катта масжид ва айвони қурилган. Кичкина масжиднинг девори қалинлиги 2 метр, устуни 4 та ва 1 та меҳробдан иборат. Катта масжид деворининг қалинлиги 1,30 метр, 5 та устун ва 1 та меҳроб, ички деворининг тепа қисмига «Фатх» сурасининг 1-11 ояти ёзилган. Ҳамда турли-туман нақш безаклар билан безатилган. Масжид баландлиги 11 метр, бўйи ва эни 32 метрдан иборат. Ривоят қилишларича, айвон устунларидан бири ғўзапоя деб номланади. Сабаби, усталар масжид  қураётган вақтида айвонга 9 та устун бўлиб 1 та устун етмаяпти деганларида шайх ҳазратлари ғўзапояни устун шаклида каромат кўрсатган деган қарашлар ҳам бор.

Масжид шифтига васса жуфт тахланган. Унинг  меҳроб қисми нозик дид ва юксак маҳорат билан безатилган. Меҳроб атрофи сулс усулида ёзилган арабий имло билан тўлдирилган. Шунингдек, мовий фонга оқ рангли ёзувлар битилган ранг-баранг кошинлардан яратилган ажойиб мозаика киши диққатини ўзига жалб қилади.

Ёнғоқдан ишланган панжара

Мақбара биносининг пештоқидан бошқа ҳар уч томони – икки ёни ва орқа деворлари юзалари учта равоқсимон саёз токчаларга тенг бўлиб чиқилган. Ҳар бир токча марказида мақбаранинг ичига ёруғ тушиши учун дераза – панжаралар ўрнатилган. Панжаралар ўз даврида ёнғоқ ёғочидан юксак маҳорат билан ишланган. Афсуски, бу панжаралар бизнинг кунларгача сақланиб қолмаган, лекин мақбара атрофидаги археологик қазишма давомида бу панжараларнинг парчалари қисман топилган.

Ҳозирги пайтда мақбара айрим ўзгаришларни ҳисобга олмаса, ўзининг қадимий кўринишини тўла сақлаб қолган. Мақбаранинг тўрт бурчаги  асрлар ўтиши билан бироз чўккани сабаб айрим жойларида ёриқлар пайдо бўлган. Бизгача мақбара бир неча марта таъмирланган. Охирги таъмирлаш ишлари 1990 йилларнинг биринчи ярмида ўтказилган. Бу даврдаги таъмирлаш ишлари маҳаллий усталар томонидан тарихий-меъморий обидаларни таъмирлашнинг махсус усулларига риоя қилинмаган ҳолда олиб борилган бўлса-да, ҳар ҳолда мақбара ичига ёғин-сочин сувлари сизиб ўтишининг олди олинган.

Қишлоқ қарияларининг айтишича, юлдузсимон нақшлар ўртасида бир пайтлар қимматбаҳо тошлар бўлган экан. Кейинчалик уларни ўғирлаб кетишган. Юлдузсимон нақшлар устида, масжид деворининг шифтида турли кўринишдаги тамға нусхалари нақшланган. Улар ҳақида ҳам турли ривоятомуз фикрлар мавжуд.

«Катта Лангар» Қуръони

Масжидда арабий ёзувнинг кўфий усулида битилган Қуръони каримнинг Ер юзидаги энг мўътабар нусхалардан бири «Катта Лангар» Қуръони номи билан аталадиган, қадимий Қуръон нусхаси сақланиб қолган. Ушбу муқаддас китоб жайрон терисига битилган бўлиб, унинг ҳозирда ўн икки варағи сақланиб қолган, холос.

Ушбу китоб устида тадқиқот олиб борган Санкт-Петербург шаҳридаги Шарқшунослик институти профессори Ризвоннинг аниқлашича, Лангар масжидидаги ушбу Қуръоннинг бошқа варақлари турли сабабларга кўра хорижий мамлакатларга олиб кетилган.

Маҳаллий аҳолининг ҳикоя қилишича, «Катта Лангар» Қуръони 1917 йилларда Асрорхўжа ота исмли кишининг қўлида бўлган, 30-йилларгача унинг ўғли Уста Абдулло ота, ундан кейин Ёқуб бобонинг қўлида сақланган. Ундан Қулфи момонинг қўлига ўтиб, 1957 йилгача у кишининг қўлида сақланган. 1957 йилдан Тўхта Бобо Ражабовнинг қўлида сақланган.

— Аслида бу қўлёзма бизнинг юртимизга қандай келиб қолганлиги ҳақида ҳалигача ҳеч ким аниқ маълумот айта олган эмас, — дейди Жалолиддин Муродов.  — Аммо қўлёзма устида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган олимларнинг таъкидлашларича, ушбу қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги чорагида, араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида Ўзбекистонда диний ва миллий қадриятларга қарши кураш авж олгач, ушбу қўлёзманинг ҳам катта қисми атайин йўқ қилинган ёки яширилган. 1984 йили ўша вақтда тегишли ташкилот вакиллари томонидан ҳеч қандай далолатнома қилинмаган ҳолда «Катта Лангар» Қуръонининг 67 саҳифаси олиб кетилган.  Хуллас, бугунги кунда бу нодир китоб саҳифаларининг ярмидан кўпроғи қаерда, кимларнинг қўлида экани ҳамон сирлигича қолаётир.

Бу ноёб тарихий ёдгорлик — Лангар ота зиёратгоҳи ҳақидаги фикрларнинг бир қисми, холос. Кўриб турганингиздек, бу муқаддас қадамжода улкан тарих жо бўлган.

Шоҳиста БОЗОРОВА

«Mahalla»


ДАРВОҚЕ:

Ҳозирги кунда «Катта Лангар» Қуръони қўлёзмасининг 81 саҳифаси Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Машҳур шарқшунос, академик И.Крачковский ўзининг «Араб қўлёзмалари устида» китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда институт томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган.

Ўзбекистонда эса мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд бўлиб, шундан биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида, биттаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасида, иккитаси Бухоро вилоят кутубхонасида, 12 варағи Катта Лангар қишлоғида сақланади. Унинг «Катта Лангар» Қуръони деб номланиши эса Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида сақланганига бориб тақалади.

Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида юртимизда бу борада бир қанча илмий-амалий анжуманлар бўлиб ўтди. 2017 йилда «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси доирасида Европа технологиялари асосида «Катта Лангар» Қуръонининг факсимиле нусхалари яратилди. Мазкур нусхалар ўтган вақт давомида мамлакатимиздаги бир қатор илмий ва диний муассасаларга тарқатилди.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш