Имтиҳон яқин, бу йилги тест синовларида қандай ўзгаришлар бор?

Юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида ўқув йили якунланиб, ёзги таътил бошланди. Абитуриентлар қабулига эса саноқли кунлар қолмоқда. Бу йилги қабул жараёнига Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги «Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Абитуриентлар учун бир қатор янгилик ва ўзгаришлар ҳам бор.

Бироқ ўзгаришлардан барча абитуриентларни хабардор деб бўлмайди. Буни таҳририятимизга бўлаётган мурожаатлардан ва ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалардан ҳам билиш мумкин. Шу боис телефон ва хат орқали таҳририятимизга энг кўп йўлланаётган саволларга жавоб изладик. Саволларга эса Давлат тест маркази Ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоевдан жавоб олдик.

Тест саволлари қандай тузилади?

— 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига кириш тест саволлари қандай тузилмоқда? Абитуриентлар тест синовларига тайёргарлик кўриш учун қайси дарсликлардан кўпроқ фойдаланиши керак? Мураккаблиги қай даражада?

Бозор ЙЎЛДОШЕВ.

Сурхондарё вилояти.

— Тест топшириқлари амалдаги тартибга биноан, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади. Тест топшириқлари ҳар йили камида уч маротаба экспертизадан ва апробациядан ўтказилади. Тест синовларини ўтказиш жараёнида ҳар бир таълим йўналиши бўйича барча абитуриентлар учун бир хил мураккабликдаги тест топшириқлари китоблари шакллантирилиб, бир хил талаб ва шароит яратилади. Тест топшириқларини тузишда алоҳида эътибор бериладиган томонлари — давлат таълим стандартларига ҳамда тест топшириқларини тузиш талабларига мувофиқлиги, махфийлик, турли хил таълим тизими мутахассисларининг иштироки, экспертизанинг кўп маротабалиги, вариант мураккаблигининг бир хиллигидир. Тузиладиган барча саволлар ана шу босқичлар талабларига жавоб беради.

Абитуриентлар учун саволлар китобини шакллантиришда улар битирган таълим муассаса тури, ушбу турдаги таълим муассасаларида фойдаланишга тавсия этилган дарсликлар инобатга олинади. Шу боис улар олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларига тайёргарлик кўриш учун таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари томонидан тавсия этилган дарсликлардан фойдаланиши мумкин (рўйхат Давлат тест марказининг www.dtm.uz сайтида эълон қилинган). Жорий йилда тест синовларига тайёргарлик кўришда фойдаланишга тавсия этилган дарсликлар билан биргаликда ўқув дастурларида ўрганиш назарда тутилган айрим бадиий адабиётлар рўйхати ҳам келтирилган. Тест топшириқларида ҳам ушбу бадиий адабиётлардан саволлар бўлади. Шу боис мазкур адабиётларни тўлиқ ўқиб чиқиш тавсия этилади.


Маълумотлар қаердан олинади?

— Тест саволларида хариталар, графикалар ишлатилиши тўғрисидаги маълумотларни қаердан олиш мумкин?

Ҳулкар ИМОМОВА.

Андижон вилояти.

— География фанидан абитуриентлар топографик шартли белгиларни билиш, топографик хариталарда рельефни горизонталлар орқали тасвирлай олиш, йўналиш азимути ва уни аниқлаш, нуқтанинг географик кенглигини ва узунлигини аниқлаш, даража тўри орқали масофаларни аниқлаш, ҳаво ҳарорати ва атмосфера босимини аниқлаш, жойнинг географик координаталарини, соат минтақалари, маҳаллий вақт ва минтақа вақтини ҳисоблаш каби бир қанча топшириқларни бажара олишлари керак. Шуларни ҳисобга олиб, dtm.uzда география ва бошқа фанлардан амалий топшириқларни бажаришга оид тавсиялар берилган. Бунинг учун сайтнинг «Фойдали маълумотлар» бўлимига кириб, «Намунавий тест топшириқлари ва уларни ечиш бўйича тавсиялар» қисмига кириш ва фанлар бўйича берилган топшириқлар, уларни ечишга оид тавсиялар билан танишиш мумкин.


Абитуриент 3 та йўналишнинг биринчисига контракт, иккинчисига бюджетга кирса қай бирини танлайди?

— Жорий йилдан абитуриентлар бир вақтнинг ўзида 3 та олий таълим муассасасига ҳужжат топшириши мумкин экан. Айтинг-чи, агар абитуриентнинг биринчи олий таълим муассасасида давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишга етадиган балл тўпласа кейинги 2 та олий таълим муассасасининг тест жараёнида ҳам қатнашадими ёки йўқ?

Элназар ПОЛВОНОВ.

Хоразм вилояти.

— Жорий йилдан бошлаб абитуриентга 3 тагача таълим йўналишини танлаш ҳуқуқи берилмоқда. Таълим йўналишларини танлашда нечта олий таълим муассасаси (1 та, 2 ёки 3 та), жуғрофик жойлашуви аҳамият касб этмайди. Масалан, 3 та таълим йўналиши 1 та, 2 та ёки 3 та олий таълим муассасасидан танланиши, олий таълим муассасалари абитуриент яшайдиган ҳудудда ёки Тошкент шаҳрида, ҳаттоки, бошқа вилоятларда ҳам жойлашган бўлиши мумкин. Бироқ танлашда бажарилиши, эътибор берилиши шарт бўлган томонларини қайд этиб ўтамиз.

Биринчидан, таълим йўналишларини танлашда тест синови топширилувчи фанлар мажмуаси (фанлар кетма-кетлиги, баҳолаш мезонлари) бир хил бўлиши лозим.

Иккинчидан, абитуриент томонидан таълим йўналишларига устуворлик белгиланади.

Учинчидан, тўплаган баллари миқдори биринчи устуворлик берилган таълим йўналишига хоҳ давлат гранти, хоҳ тўлов-контракт бўйича тавсия этишга етадиган бўлса, иккинчи ва учинчи таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок эта олмайди. Агар биринчисига етмай, иккинчисига етса, демак, учинчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этмайди.

Агар абитуриент тест синови натижалари (баллари) танланган таълим йўналишларининг биринчисига тўлов-контракт асосида, иккинчисига давлат гранти бўйича етадиган бўлса ҳам, у биринчи устуворлик берган таълим йўналишига тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади, иккинчисига давлат гранти бўйича эмас.


Сиртқи таълимда ҳам 3 та йўналишни танлаш мумкинми?

— Коллежни битириб ўз соҳам бўйича ишлаб, 3 йиллик меҳнат стажига ҳам эга бўлдим. Энди олий маълумотга эга бўлмоқчиман. Айтинг-чи, сиртқи таълим шаклида ҳам учта таълим йўналишни танлашим мумкинми?

Жениз БОЙЖИГИТОВ.

Қорақалпоғистон Республикаси.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 апрелдаги 360-сон қарори асосида амалдаги тартибга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, олий таълим муассасалари бакалавриатининг сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссиясининг қарорига асосан, Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган кириш тест синовлари ёки олий таълим муассасаларида ўтказиладиган кириш имтиҳонлари (касбий (ижодий) ва ёзма имтиҳон) орқали танлов асосида амалга оширилади. Агар Давлат комиссиясининг қарорига кўра сиртқи таълим шакли қабули учун Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказиладиган бўлса, имтиёз сиртқи таълим шакли учун ҳам татбиқ этилади.


Абитуриентлар 3 та йўналишга ҳужжат топширса, тўлови ҳам ортадими?

— Бу йилги ўзгаришларга кўра, олдинги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлар ҳужжат топширганда энг кам иш ҳақининг 50 фоизини тўлаши белгиланди. Агар абитуриент 3 та йўналишга ҳужжат топширса-чи, энг кам иш ҳақининг бир ярим бараварини тўлайдими?

Отабек ТОШЕВ.

Навоий вилояти.

— Бу борада бизга ҳам савол йўллаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, абитуриент нечта таълим йўналишини танлашидан қатъи назар, биттами, 2 та ёки 3 тами, тўлов миқдори ўзгармайди. Энг кам иш ҳақининг 50 фоизини тўлайди, холос. Тўловни амалга ошириш механизмлари тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда.

Рустам ЮСУПОВ тайёрлади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш