Юқори малакали ўқитувчилар ва иқтидорли ўқувчилар қабули эълон қилинади

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги
Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тасарруфидаги Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати 2019-2020 ўқув йили учун юқори малакали ўқитувчилар ва иқтидорли ўқувчилар қабулини эълон қилади

Республикамизнинг барча ҳудудларидан мактаб-интернатнинг 7-10 синфларига (ҳар бир синфга 80 нафардан (40 нафар ўзбек, 40 нафар рус) жами 320 нафар иқтидорли ўқувчилар танлов (тест синови ва суҳбат) асосида қабул қилинади. Айнан ушбу йилда кириш учун имконият кўпроқ бўлиб, кейинги йиллардан эса фақат 7-синфга қабул амалга оширилади.

Мактаб-интернатда умумий ўрта таълим олиш бепул, таълим-тарбия жараёни ўзбек ва рус тилларида шунингдек, босқичма-босқич инглиз тилида амалга оширилади. Ҳар бир синфда ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил этади. 

Ўқувчиларнинг ёшини инобатга олган ҳолда ҳар бир синф учун ботаника, зоология, математика, биология, кимё ва инглиз тили фанларидан танлов учун тест саволлари мураккаблик даражаси давлат таълим стандартлари доирасида ўзбек ва рус тилларида тайёрланади ва махфийлиги таъминланади.

Танлов 2019 йил 5 - 15 август кунлари оралиғида ўтказилиши режалаштирилган. Танловнинг аниқ вақти, жойи танлов ўтказилишидан камида бир ҳафта олдин мактаб-интернатнинг расмий web-сайти — ibnsino-maktab.uz ва телеграм канали ibnsinomaktabuz орқали эълон қилинади.

Танловда иштирок этувчи ўқувчиларга қўйилган асосий талаблар:

  • кимё ва биология фанларига қизиқиши юқори ҳамда ушбу фанлардан дастлабки билим, кўникма ва малакага эга бўлган
  • билимлар белллашуви, республика ва халқаро фан олимпиадаларида иштирок этган, совринли ўринларни эгаллаган
  • мустақил тадқиқот иши билан шуғулланишга ва келажакда олим ёки етук мутахассис бўлиш хоҳиш-истаги бўлган
  • ўзбек ва рус тилларини мукаммал, хорижий тилни бошланғич босқичини ҳамда ахборот коммуникацион технологиялардан фойдаланиш малакасига эга
  • ҳаётга қатъий ишончи бўлган, кенг дунёқарашли ва лидерлик маҳоратини ривожлантиришга интилувчан
  • ўз имкониятларини намоён этиш ва ривожлантиришга, касб-ҳунар сирларини ўрганишга истаги юқори бўлган

Ўқувчилар томонидан танловда иштирок этиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

  • ота-оналарнинг мактаб-интернат директори номига аризаси
  • туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси
  • 3х4 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурат
  • умумтаълим мактаби директорининг тавсифномаси
  • туман, вилоят (шаҳар), республика ёки халқаро танловларда ғолиб бўлганлигини исботловчи ҳужжатларнинг нусхалари (диплом, фахрий ёрлиқ ва бошқа ҳужжатлар).

Танловда иштирок этувчи ўқитувчиларга қўйилган асосий талаблар:

  • олий маълумотли, олий тоифали, истисно тариқасида 1-, 2-тоифали, нутқи равон, ўзига талабчан, ижодкор ва фаол ўқитувчи, шунингдек, олий таълим муассасасининг профессор ўқитувчиси 
  • ўқув фанининг илмий-назарий асослари, мазмуни, амалда қўлланилиши, дарс ташкил қилиш ва ўтиш методикасини мукаммал билган
  • таълим-тарбия жараёнини қизиқарли ва самарали ташкил этиш маҳоратига эга, креатив ёндашувга мойиллиги бўлган
  • ўқувчилар билимини баҳолашнинг замонавий тизимини билган ва самарали татбиқ этиш тажрибасига эга бўлган
  • илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланишга ва касбий маҳоратини такомиллаштириб боришга хоҳиш-истаги бўлган
  • ўзбек ва рус тилларини мукаммал, хорижий тилни бошланғич босқичи ва мустақил ахборот коммуникацион технологиялардан фойдаланишни билган

Ўқитувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар

  • ваколатли таълим муассасасининг номзод тўғрисидаги тавсияномаси
  • номзод тўғрисида маълумотнома (резюме)
  • номзоднинг паспорти нусхаси
  • номзоднинг таржимаи холи (автобиография)
  • номзоднинг ҳарбийлик гувоҳномаси нусхаси
  • номзоднинг меҳнат дафтарчаси нусхаси
  • номзоднинг дипломи нусхаси
  • Ф-86 тиббиёт хулосаси.

Ҳужжатлар 2019 йил 1 июндан 20 июлгача мактаб-интернатнинг расмий web-сайти — www.ibnsino-maktab.uz ва телеграм канали ibnsinomaktabuz орқали онлайн тарзда (ҳужжатлар сканер варианти 300 dpi, рангли тасвир ва файл ҳажми 1 Мб дан ортиб кетмаслиги керак) ёки vacancy@ibnsino-maktab.uz электрон почтаси орқали расман қабул қилинади.

Манзил: Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Мирзо Ғолиб кўчаси, 1-уй (Собиқ Олмазор политехника ва стандартлаштириш касб-ҳунар коллежи биноси).

Қўшимча маълумотлар учун:

(90) 943-70-02, (99) 722-78-99

телеграм канали ibnsinomaktabuz

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш