Абдулла ТАНГРИЕВ: “Ўзбек халқи деганда, ҳар бир инсоннинг хаёлига кураш спорти келиши керак...”

Ўзбекман, деган киши борки, умрида бир марта бўлса-да, давра айланиб кураш тушган. Азалдан халқимизнинг тўй-томошалари ҳам кураш мусобақалари билан файзли ўтган. Гарчи ориятни устун қўйган марди-майдонлар ҳақидаги ҳикоялар лофдек туюлса-да, аслида улар ҳақиқатдан кўп ҳам йироқ эмас. Бугун ана шундай кураги ер кўрмаган полвонлардан бири — Абдулла ТАНГРИЕВ билан кураш моҳияти, унинг муаммолари ҳақида суҳбатлашдик.

Тантилик ва мардлик намойиши

Минг йиллик тарихга эга кураш миллатимиз қон-қонига сингиб кетган. Қадим даврларда ҳам тўю тантана, байрам-томошалар катта-катта кураш давраларисиз ўтмаган. Элу халқ мард, танти полвонларни қаттиқ ҳурмат қилишган. Уларнинг даврада кўрсатган жасоратлари, гап-сўзларини ҳикмату ривоятларга айлантиришган. Барчамиз кураги ер кўрмаган Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ҳақидаги ривоятлар, нор туя билан олишган, мушти билан буқани ағдарган паҳлавонлар ҳақидаги воқеи ҳикояларни кўп бор эшитганмиз.

Айниқса, бизнинг воҳа томонларда кураш тушиш инсонларнинг кундалик ишига айланиб қолган. У ерларда курашни “олиш” дейишади. Ўғил болалар етти-саккиз ёшиданоқ ё отни эгарлаб кўпкарига борган, ё бўлмаса, белига белбоғ бойлаб “олиш” тушган. Ҳозир ҳам воҳалик бирор йигитнинг билагидан тутсангиз, ҳеч бўлмаса, шу спорт турининг бир-икки усулини кўрсатиб бера олади.

“Олишчи”дан отарчининг обрўси баланд

Аммо тан олиб айтиш керак, кейинги пайтларда курашнинг халқ орасидаги оммабоплиги бирмунча камайди. Бир пайтлар одамлар ўғил фарзанд кўрса, кураш қўйиб, элга ош бераман, деб ният қиларди. Юртнинг бир чекасида катта кураш қўйилаётганини эшитган бошқа тарафдаги одам ҳам томоша учун йўлга отланарди. Кураш пайтида минглаб одамлар йиғилиб, катта-катта сойликлар, дараларга сиғмай кетарди. Ҳозир эса аксарият кишилар “Ўғлимнинг суннат тўйига фалончи қўшиқчини чақираман” деб ният қилишади. Айрим жойларда ҳатто тўй-томоша, байрамларда ҳам кураш қўймай қўйишган.

Ёдимда, 2000-йилларда пойтахтимиздаги “ЖАР” спорт мажмуасида кураш бўйича бир мусобақа ўтказилганди. Ўшанда томошабинлар мажмуага сиғмай кетганди. Ўйласам, ўша даврларда ҳам халқ орасида курашга бўлган қизиқиш юқори бўлган экан. Ҳатто халқаро доираларда ҳам бу спорт тури ҳақида фикр-мулоҳазалар янграй бошлаганди. Европа мамлакатларида кураш билан шуғулланишга иштиёқ кучайди. Аммо маълум фурсат курашни оммалаштириш борасида сускашликларга йўл қўйилдики, унинг бироз мавқеи тушгандай бўлди.

Кейинги йилларда яна ушбу спорт турига эътибор кучайди. Вилоят, туман раҳбарлари томонидан байрам тадбирлари, турли сайлларда кураш мусобақалари ташкил этилмоқда. Халқаро доирадаги мусобақалар ўтказиляпти. Бундай амаллар, шубҳасиз, курашнинг хориж мамлакатларида янада оммалашиб, шуғуланувчилар сони ошишига хизмат қилади.

Кураш мактабини яратмай туриб, халқаро майдонга чиқишга уриниш бефойда

Биз курашни мукаммал спорт турларидан бири сифатида халқаро майдонга олиб чиқмоқчи бўлдик. Албатта, бу йўлда бир қанча мувафаққиятларга ҳам эришдик. Масалан, миллий курашимиз Осиё ўйинлари дастуридан жой олди. Аммо юқорида таъкидлаганимдек, сўнгги пайтларда курашга бўлган қизиқиш анча сусайиб кетди. Бунинг сабабларидан бири, аввало, курашнинг мукаммал тартиб-тамойиллари ишлаб чиқилмаганидир. Аксинча, дзюдо, самбо каби спорт турларидан нималарнидир ўзлаштиришга ҳаракат қилинди. Масалан, бизда полвоннинг устидаги либос “чакмон” дейиларди. Ҳозир эса биз уни “яктак” деб атаймиз. Бу дзюдодаги “кимано”нинг таржимаси. Бу ҳаракат халқ тилида оммалашган “олиш”дан ҳозирги курашнинг фарқланишига олиб келди ҳамда халқни ўзидан узоқлаштирди.

Шунингдек, кураш қонун-қоидаларини ўргатадиган мутахассислар сонини кўпайтирмасдан, уни халқаро доирага олиб чиқишга уриндик. Бу эса курашнинг тўлиқ оммалашиб кетишига тўсқинлик қилди. Чунки асл кураш мактабини ташкил этмасдан туриб, уни халқаро майдонга олиб чиқиб бўлмайди. Кураш илмини мустаҳкамлаш керак. Минг йиллик анъаналардан хабардор устозларни шакллантирсаккина курашни халқаро доирада оммалаштиришга эришишимиз мумкин.

Пойдеворсиз бино қулайди

Японларнинг дзюдодан ташқари сумо деган миллий яккакураши бор. Таиландда ҳам яккакураш бўйича миллий спорт тури мавжуд. Улар Олимпиада ўйинларига киритилмаган. Аммо мамлакатнинг ўзида жуда оммабоп, халқ бу спорт турларини севишади. Биз ҳам, аввало, юртимизда курашнинг мавқеини кўтариб олишимиз керак. Курашга бўлган эътибор, ҳурмат, иштиёқ халқимиз орасида тўлиқ шакллангандан кейингина уни хориж мамлакатларида тўлақонли тарғиб эта оламиз.

Пойдеворсиз бино қуриб бўлмаганидек, курашни ўзимизда такомилига етказмасдан уни халқаро майдонга кўтариб бўлмайди. Кураш Олмпия ўйинлари сафига қачон, қандай киради, бу ҳақда бир нарса деёлмайман. Лекин ўзбек халқи деганда, ҳар бир инсоннинг хаёлига кураш келадиган бўлса, биз энг катта ютуққа эришдик, деб ҳисобласак бўлаверади.

Санжар ЭШМУРОДОВ

оққа кўчирди

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш