Имом Али Суғдийни нима учун ислом устуни дейишган?

Бурҳониддин Марғиноний, ан-Насафийга устоз бўлган алломанинг номи нега тарих саҳифаларида кам учрайди?

Самарқанд қадим-қадимдан илмий-маданий марказ бўлиб келган. Кишилик тарихи давомида юзлаб, минглаб олим, уламо, шоир ва адиблар шу азиз масканда туғилиб вояга етганлар. Улардан бири — Имом Али Суғдий ўз даврининг энг салоҳиятли ҳуқуқшунос алломаси сифатида довруғ таратган. Тўғри, бу ном кўпчиликка маълум эмас, боиси ул зот ҳақида кам манбалар қолган, мақбаралари бузилган, аллома ёди халқ онгидан режали равишда буткул чиқариб ташланган...

Имом Али Суғдий аслида ким бўлган?

Шарафиддин Али Яздий қаламига мансуб “Зафарнома” асарининг қадимий форсий факсимел нусхасида келтирилишича, Мовароуннаҳр ҳукмдорларидан бўлган чингизий Амир Ҳусайн томонидан юборилган элчилар Соҳибқирон Амир Темур билан сулҳ тузиш мақсадида ҳозирги Оқдарё тумани Кумушкент мавзесидаги Ҳазрати Али ота мозори ёнини танлашади. Ушбу воқеа яна бир мўътабар манба — Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида ҳам худди шу тарзда келтирилади.

Демак, Амир Темур тарихи ҳақидаги ушбу икки ишончли манбанинг эътироф этишича, Мовароуннаҳр ҳукмдорлари сулҳ тузишдек улуғ бир ишни Али ота каби бузургвор мозори олдига келиб амалга оширишга тараддуд этишлари бу жойнинг нақадар катта мавқега эга бўлганини кўрсатади. Ҳақли савол туғилади: хўш, Али ота аслида ким бўлган? ? Нега томонлар ул бузургворнинг қабрини сулҳ тузиш олдидан зиёрат қилишган?

Абу Тоҳирхожанинг “Самария” китобида ёзилишича: “Ҳазрати Имом Али Суғдий мозори Офаринкент туманига қарашли Кумушкент қишлоғида. У Ҳасан бин Шайх Муҳаммад Суғдийнинг ўғлидир”. Ўрта Осиё ва ислом оламида мўътабар фиқҳий манба ҳисобланган “Салоти Масъудий” асарида эса “Қози Имом Али Суғдий”, деган шахсдан ҳадис ва фиқҳий ҳукмлар ривоят қилинади. Сир эмас, “Салоти Масъудий”да фақат энг буюк алломалардан, чунончи, Имоми Аъзам, Имом Муҳаммад, Имом Мотуридий, Имом Марғиноний, Имом Растуғфоний каби олимлардан ривоятлар келтирилган. Кўринадики, асарда Қози Имом Али Суғдийдан ҳам фиқҳий фатволар — ҳукмлар келтирилгани ул зотнинг нақадар буюк имомлардан бўлганини англатади.

Буюк алломалар устози

Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарининг 1991 йилда чоп этилган нусхасида Имомнинг номи “Имом Али Саъдий” деб нотўғри келтирилган. Китобнинг илк таржимони Сатторий ёки ҳаттот томонидан бу нотўғри жумла ўтказиб юборилган кўринади. Ваҳоланки, биз юқорида таъкидлаган бошқа ишончли манбаларда унинг исми Имом Али Суғдий экани айтилади.

Араб алифбосида ёзилган “Суғдий” сўзидаги “ғ” (ғайн) ҳарфининг устидаги биргина нуқтаси бўлмаса, “ъ” (айн) ҳарфига айланади ва “Саъдий” деб ўқилади. Бизнинг-ча, бу хатога китоб ҳаттоти йўл қўйган. Ана шу биргина нуқта қўйилмагани боис мазкур асарнинг “Имом Бурҳониддин Марғиноний” бобидаги Имом Али Суғдий номи “Имом Али Саъдий”га айланади ҳамда шунча вақтдан бери тадқиқотчиларни ҳам, кумушкентликларни ҳам чалғитиб келган.

Юқорида таъкидлаганимиз, “Самария” қўлёзмасининг “Имом Бурҳониддин Марғиноний” бобидаги ёзишмаларга эътибор қаратсак, ундан Имом Али Суғдийнинг нақадар машҳур имомлардан эканини билиб олсак бўлади: “...Мавлоно Бурҳониддин Марғиноний Ҳазрати Нажмиддин Умар ан-Насафийнинг шогирдидур; ул киши эса Фахрул-ислом Али Паздавийнинг шогирди; ул киши эса Шамсул аимма Ҳалвоийнинг шогирди; ул киши эса Имом Али Суғдийнинг шогирдидур...” Кўриниб турибдики, Имом Али Суғдий дунёга машҳур алломаларнинг, жумладан, Имом Бурҳониддин Марғиноний, Имом ан-Насафий, Имом Али Паздавий ҳамда Имом Шамсул аимма Ҳалвоийнинг устози бўлиб чиқаётир.

***

Буюк Имомнинг Кумушкентдаги охиратгоҳи катта даҳмадан иборат бўлиб, ул зотнинг ёнига уч нафар Яссавия тариқатининг пиру муршиди — Ямин бобо, Шайх Алишайх ва Шайх Мавдуд дафн этилган. Биргина шу далилнинг ўзиёқ зиёратгоҳнинг даражасини янада оширади. Шу маънода, бугунги кунда эътиборга муҳтож манзил обод қилинса, ҳудудда юқорида номлари зикр этилган инсонлар учун алоҳида мақбара бунёд этилса, ўз даврида “Ислом устуни” дея эътироф этилган, дунёнинг энг машҳур ўн имомидан бири — Али Сўғдийнинг зиёратгоҳи ҳам муқаддас қадамжога айланарди.

Комилхон КАТТАЕВ,

тарихчи-манбашунос.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш