СУДАНДА ХАОС: НОН УЧУН БОШЛАНГАН ИСЁН ортидаги ўйинлар Нил дарёсини “қизил” рангга бўяди

Яқинда оммавий ахборот воситаларида Судан пойтахти Хартум шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Нил дарёсидан қирқ нафар кишининг жасади олиб чиқилгани ҳақидаги хабар катта шов-шувларга сабаб бўлди. Мамлакат шифокорлар қўмитаси бу одамлар ҳукуматга қарашли ярим ҳарбий қуролли гуруҳ томонидан ўлдирилгани ва ҳарбийлар жасадларни номаълум томонга олиб кетганини айтмоқда.

Сўнгги пайтларда Судан ҳарбийлари тинч намойишларни қурол йўли билан тарқатишга уринаётгани бот-бот тилга олинмоқда. Шифокорлар қўмитаси охирги ҳафта ичида юз нафар инсон ўлдирилганини таъкидлайди. Ушбу хабарлар юзасидан сукут сақлаб келаётган Судан муваққат ҳукумати вакили эса намойишларни тарқатиш вақтида 46 нафар инсон отиб ўлдирилганини тан олган. Хўш, аслида Суданда нима бўляпти? Мамлакатдаги ҳолат қандай қилиб бундай вазиятга тушиб қолди? Мамлакатда ҳукм сураётган хаоснинг асосий сабаблари нималардан иборат?

Судан азалдан курашлар марказида бўлган

Суданда аксилҳукумат намойишлари деярли етти ойдан бери давом этмоқда. Апрель ойида мамлакатни 30 йил бошқарган президент Умар ал-Башир ағдарилгач, ҳарбийлар ҳокимият тепасига келишди.

Суданнинг бугунги мураккаб аҳволига назар ташлашдан аввал унинг зиддиятларга тўла тарихига эътибор қаратиш адолатдан бўларди. Сўнгги 250-300 йиллик мамлакат тарихи халқнинг “пешонаси шўрлиги”ни, кураш ва зулмдан боши чиқмаганини кўрсатади. Жумладан, 1819-1822 йилларда Миср Суданнинг катта қисмини эгаллаб олади. XIX асрнинг иккинчи ярмидан бу ерда Буюк Британия таъсири кучая борди. 1898 йилда Буюк Британия ва Миср Суданда қўшма бошқарувни ўрнатиш тўғрисидаги келишувни имзолашди, олий мансабларни инглизлар, ўрта бўғиндаги амалларни мисрликлар эгаллашди. Бир сўз билан айтганда, Судан деярли Буюк Британия мустамлакасига айланди.

Биринчи жаҳон уруши якунлангач, британиялик мустамлакачилар Суданни пахта ишлаб чиқарувчи мамлакатга айлантирди. Судан Британия қуролли кучларининг Африкадаги муҳим базаси сифатида Эритрея, Миср, Ливия ва Тунисдаги жанговор ҳаракатларда ҳам қатнашди. Бироқ урушдаги иштирок Судан учун ижобий натижаларни олиб келди — миллий саноат ўсди, сиёсий ҳаёт фаоллашди, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари пайдо бўлди, мустақиллик интилишлари кучайди. 1951 йилда Миср парламенти инглиз-миср шартномасини бекор қилди, 1952 йилги “Июль инқилоби”дан кейин эса Судан халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тан олди. 1956 йилнинг 1 январида Судан мустақиллиги эълон қилинди.

Мустамлакчилик даврида Судан чегаралари сунъий равишда ўтказилган бўлиб, диний ва этник тафовутлар ҳисобга олинмаган, бу эса муттасил фуқаролар урушини келтириб чиқарарди. 2005 йилда ҳукумат ва жанубдаги исёнчилар вакиллари ўртасидаги тинчлик музокаралари натижасида олти йил мобайнида Жанубий Судан мухторият ҳуқуқидан фойдаланиши ва шундан кейин ҳудуд мустақиллиги масаласи референдумга олиб чиқилишига эришилди. 2011 йилнинг 9-16 январ кунлари бўлиб ўтган референдум натижаларига кўра, Жанубий Судан аҳолиси мустақиллик учун овоз берди. Ўша йилнинг 9 июлида Жанубий Судан ўз мустақиллигини эълон қилди.

Судан инқилобининг асл сабаблари нималардан иборат?

Ҳақли савол туғилади: 1989 йилда давлат тўнтариши туфайли ҳокимият тепасига келган Умар ал-Баширнинг ҳукмронлиги қандай сабаблар туфайли 30 йилга чўзилди? Уни халқ чиндан севармиди? Афсуски, йўқ. Ҳарбийлар ёрдамида шу йилнинг 11 апрелида бошқарувдан четлатилган ал-Башир айнан улар кўмагида ҳокимиятни ўз қўлида тутиб турганди.

Аслида дунёдаги аксарият “рангли инқилоблар” йирик сиёсий марказлар томонидан тайёрланади. Аммо Судан инқилоби ўз-ўзидан келиб чиқди. Танада пайдо бўлган яра маддалаб ўзи ёрилди. Норозиликларга нарх-навонинг, айниқса, нон нархининг кўтарилиши, аҳоли турмуш даражасининг қийинлашиши, ишсизлик кўламининг ортиши ва бойликларнинг нотўғри тақсимланиши сабаб бўлди. Буларнинг барчаси Баширнинг капиталистик тузумни татбиқ этиши, Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки каби халқаро молия ташкилотлари тавсияларига сўзсиз, кўр-кўрона итоат қилиши, шунингдек, Америка босимларидан қўрқиши оқибатида юз берди.

Судан қўзғолонининг учқуни 2018 йил 19 декабрда мамлакат шимолидаги Нил дарёси бўйидаги Атбара шаҳридан чиқди. Намойишларга ҳукумат томонидан тасдиқланган бюджет кўрсаткичлари сабаб бўлди. Унга кўра, бюджет бўйича долларнинг божхонага оид баҳоси 6,7 жунайҳдан 18 жунайҳга кўтарилади. Шунингдек, ун баҳоси бир неча баробарга ошиб, буғдой нархи тўла эркинлаштирилади. Давлат молия вазири долларнинг Марказий банкдаги баҳосини 18 жунайҳга расман кўтариш долларнинг “қора бозор”даги нархи ошиб кетишига сабаб бўлганини тан олди. Ҳарбий тўнтаришдан кейин 1 доллар 35 жунайҳга чиқди! Ўз навбатида, бу ҳамма товарлар нархининг кўтарилишига ва инсонлар ҳаётининг оғир аҳволда қолишига олиб келди.

Ҳамон ўчмай, аланга олаётган бу қўзғалон оловидаги талаб битта: мавжуд режимнинг қулаши. Айни пайтда намойишларга маълум кучлар аралашиб, ўз манфаатлари йўлида ундан фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда. Судан армияси Бош штаби олдида намойишлар давом этиши баробарида сиёсий майдонда ҳокимият учун кураш, тортишув ва жанжаллар авж олган.

Мамлакатда президент ҳокимияти ағдарилгач, ҳукумат ҳарбийлар қўлига ўтди ва улар биринчи навбатда, 2005 йилда қабул қилинган конституцияни бекор қилишди. Пойтахт кўчаларида палаткаларда жойлашган мухолифат эса ҳукуматнинг истеъфосини талаб қила бошлади. Улар ҳукумат тўлиқлигича фуқаролар қўлига топширилиши лозимлигини айтишмоқда.

Мухолифат ҳарбийлар билан музокара вақтида мамлакатда 3 йиллик ўтиш даври эълон қилиниши ва шундан сўнг сайловлар ўтказилишига келишиб олганди. Бу келишувга рози бўлган Ҳарбий кенгаш эса 3 июнь куни палаткадаги мухолифатчиларга қарата ўқ уза бошлади. Сўнгра қурол мухолифатга эмас, уларнинг орасига кириб олган жиноятчиларга қарши ишлатилгани иддао қилинди. Қирғинга айланиб кетган тўқнашув мамлакатда хаос келтириб чиқарди.

4 июнь куни Ҳарбий кенгаш етакчиси Абдулфаттоҳ ал-Бурхон намойишчилар билан ҳеч қандай музокара бўлмаслиги ва олдинги келишувлар бекор қилинганини билдирди. У икки ойдан сўнг сайловлар ўтказилишини эълон қилди. Бир кун ўтиб эса ал-Бурхон ҳарбийлар музокараларни давом эттиришга ҳозирлигини билдирди. “Бўлиб ўтган воқеалардан афсусдамиз”, деб қўшимча қилди у.

“Ихтилофлар ортида энергия захиралари учун кураш ётади”

Судан аҳли аслида қуролли тўқнашувлар юз бериши учун қўзғалгани йўқ. Одамлар адолатли ва инсофли фаровон ҳаётни қидириб кўчага чиқишди. Юрт бойликларини ўзлаштириш билан давлатни ҳам, халқни ҳам қашшоқ қилган кимсаларни эмас, миллий бойликларнинг тўғри тақсимланишини талаб қилишди. Аммо айрим ташқи кучлар мамлакатдаги таъсири заифлашишидан чўчиб, Судан армиясига таянган ҳолда, улардан вазиятни куч билан бўлса-да, назорат остида ушлаб туришни талаб қилаётир. Шу боис Ҳарбий кенгашнинг ҳокимиятга маҳкам тирмашаётганига гувоҳ бўляпмиз.

“Дунёда ресурслар учун бораётган кураш ҳам Судан каби беқарорлик ўчоқларини кенгайтириб бораётир. Ироқ, Сурия, Нигерия, Жанубий Судан, Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизлари: дунёнинг қаерига қараманг, янги низолар бошланяпти ёки эскилари қайтадан аланга оляпти. Бир қарашда улар бир-бирига боғлиқ бўлмаган, ўзига хос сабаблар туфайли келиб чиққан ҳодисалардек туюлади. Бироқ диққат билан назар ташланса, этник, диний ва миллий ихтилофлар ортида энергия захиралари учун кураш ётганини кўрасиз” — дейди АҚШнинг Гэмпшир коллежи профессори Майкл Клэр.

Бу низоларнинг ҳар бирида қабилалар, конфессиялар ва халқлар ўртасида азалдан давом этиб келаётган қарама-қаршиликлар ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланади. Айтайлик, Ироқ ва Сурияда суннийлар, шиалар, курдлар, туркманлар ва бошқалар; Нигерияда мусулмонлар, насронийлар ва турли қабилалар; Жанубий Суданда динк ва нуэр элатлари; Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизларида хитойликлар, японлар, вьетнамликлар, филиппинлар ва бошқа халқлар ўртасида ихтилофлар тугаш билмайди. Низоларга чиндан ҳам тарихий сабаблар туртки берса-да, улар ғоят замонавий омиллар билан суғорилган — кўз ўнгимизда XXI асрнинг энергетика урушлари бормоқда. Бу низоларда энергетиканинг муҳим роль ўйнаши ҳеч ким учун кутилмаган ҳол эмас. Боиси нефть ва газ дунёдаги энг қиммат хомашё саналади.

Аслида Ироқ, Нигерия, Жанубий Судан ва Сурия каби мамлакатларда асосий даромад айнан нефть сотувидан тушади, йирик энергетика компаниялари эса мазкур давлатларда кучли таъсирга эга. Ушбу давлатлар ва нефть-газга бой ҳудудларни бошқарадиганлар айни пайтда энергия захираларидан келадиган даромадларни йиғиш ва тақсимлаш билан ҳам шуғулланади. Шундай экан, юқорида зикр этилган минтақалардаги низолар тарихий сабабларга таянса-да, аслида уларнинг аксари миллий даромаднинг муҳим манбалари назорати учун курашдир.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,

сиёсий шарҳловчи

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш