Омонатга риоя қилиш мўминлик бурчидир

 

Кейинги пайтларда кишилар ўртасида имкони бўлатуриб, олган қарзини ўз вақтида қайтармаслик ёки атай белгиланган муддатларни чўзиб юриш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Аслида омонатга бу тарзда хиёнат қилиш мунофиқлик белгисидир.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (са.а.в.): “Кимда тўрт хислат бўлса, у ҳақиқий мунофиқдир. Демак, кимда мана шу тўртта хислатлардан бирортаси топилса, уни то тарк қилмагунича, унда нифоқлик бордир. Агар омонат берилса, хиёнат қилади. Гапирса, ёлғон сўзлайди. Аҳдлашилса, шартнома тузилса, устидан чиқмайди. Хусуматлашилса, бузуқлик қилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

“Мўминлар бир вужуд кабидирлар...”

Мусулмон кишидаги энг гўзал хулқлардан бири ҳам омонатдорлик ва аҳдга вафодир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” (Анфол сураси, 27-оят). Ушбу оятда мўмин бандага икки хил: Аллоҳ таоло ҳузуридаги ва банда олдидаги омонатга хиёнат қилмаслик айтилмоқда.

Ҳақ таоло ҳузурида банданинг имон келтириш, намоз, рўза, закот, қодир бўлса, ҳаж амалини бажариш сингари буюк омонатлари бор. Бундан ташқари, мўмин банда зиммасида ер юзини обод қилиш, наслини давом эттириш, жамиятга фойда келтириш, зулм ва разолатни бартараф этиш, турли гуноҳлардан сақланиш ва доимо яхшилик қилиш каби омонатлар ҳам мавжуд.

Бандаларнинг бир-биридаги омонати оиласи, қариндошлари ва барча инсонлар олдидаги ҳақларидир. Оиласи шаънини ҳимоя қилиш, олди-сотди муомалаларида харидорни алдамаслик, келишилган ваъдаларни ўз вақтида адо этиш, бировдан эшитилган сирни сақлай олиш, касб-корда эса ўз зиммасидаги вазифани сидқидилдан бажариш ҳам омонатдорлик ҳисобланади. Ҳар бир имонли киши бирор ишда аҳдлашган бўлса, ваъдасининг устидан чиқиши керак. Омонатга риоя қилиш мўминлик бурчидир.

Мўминлар тўғри йўлда ўзаро бир-бирига кўмаклашади, яхши ишларда шерик, маслаҳатгўй бўлади. Хусусан, зиммасидаги омонатни адо этишда ҳам. Жамият дўсту биродарлик, меҳр-муҳаббат билан мустаҳкамланади. Бирдамлик бор жойда хотиржамлик, фаровонлик юзага келади. Адоват, бўҳтон, зулм, ҳасад каби иллатлар тарқалган жойда эса нифоқ, фитна сингари одамларни, юртни таназзулга бошлайдиган разилликлар авж олади. 

Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Мўмин мўмин учун бир-бирини тортиб, суяб турадиган биноларга ўхшайди. Улар қалблари меҳру муҳаббатга лиммо-лим, диллари пок бандалардир. Мўминлар бир вужуд кабидирлар...” Қуръони Каримда ҳам гўзал хислатли мўминлар мақталади: “Улар (мўминлар) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Муъминун сураси, 8-оят).

“Ал-Амин”, яъни “омонатдор, ишончли одам”

Пайғамбаримиз умматларига барча ишларда бўлгани каби омонатдорликда ҳам намуна ва ўрнакдирлар. Ул зот омонатни яхши сақлаб, ўз эгасига саломат топшириш борасида ёшлигиданоқ барчанинг эътиборини қозонган ва “ал-Амин”, яъни “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар.

Абу Саид Худрий (р.а.)дан ривоят қилинишича, Ансорийлар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан (нарсалар) сўрашди. У зот (алайҳиссалом) уларга (сўраган нарсаларини) бердилар. Кейин яна сўрашди. Уларга айтганини бердилар. Шундай қилиб ҳузурларидаги бор нарса тугади. Уларга барча нарсани инфоқ қила туриб: “Бирор яхши нарса бўлса, мен сизлардан дариғ тутмайман. Ким (тамадан йироқ бўлиб) ўзини иффатли тутса, Аллоҳ уни офиятда сақлади. Ким ўзини ҳожатсиз қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди. Ким бардошли бўлса, Аллоҳ уни ҳақиқий сабрли қилиб қўяди. Кишига сабрдан кўра улуғ ва яхши нарса берилмайди”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Барча ишлар каби омонатдорликда ҳам динимиз кўрсатмаларига амал қилсак, жамиятимиздаги ўзаро ишонч, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ортади. Эл-юртнинг қут-баракаси ва файзи зиёда бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз зиммамиздаги омонатларни адо этишга ҳаракат қилайлик.

Раҳматуллоҳ САЙФУТДИНОВ,

Тошкент шаҳри Юнусобод тумани

бош имом-хатиби.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш