Хотин-қизлар бандлиги — энг муҳим вазифа

 

Юртимиз хотин-қизлари ижтимоий-иқтисодий соҳаларининг барча тармоқларида истиқболли ташаббуслар, лойиҳалар асосида меҳнат қилиб, қувонарли натижаларни қўлга киритмоқда. Ҳар бир меҳнат жамоасида уларнинг самарали меҳнат қилиши, ўз қобилиятини рўёбга чиқариши ҳамда дам олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

— Қашқадарё вилоятида бугун бирор жойда ишлаб, турмуши фаровонлигига ҳисса қўшиш истагидаги хотин-қизлар кўп, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Махсуда Мустафоева. — Уларни фойдали юмуш билан машғул қилиш эса бизнинг биринчи галдаги вазифамиздир. Президент илгари сурган бешта муҳим ташаббусдан бири ҳам шу муаммони самарали ҳал этишни кўзда тутади.

Хўш, хотин-қизларни қандай қилиб доимий даромад манбаи билан таъминлаш мумкин? Аввало, аёлларга мос келадиган муқим иш ўринлари яратиш орқали. Бунда шубҳасиз тадбиркорлик фаолиятининг имконияти кенг. Тегишли ташаббус доирасида биринчи галда жойларда ихчам қувватлар — тикув-трикотаж корхоналарини кўпайтириш асосий вазифа қилиб олингани ҳам бежиз эмас. Қолаверса, ушбу йўналиш бизнинг шароитимизда ҳар томонлама ўзини оқлайди.

Яна ўнта иш ўрни

Ғузор туманида йирик текстиль корхоналари деярли йўқ. Аксинча, кичик-кичик тикувчилик цехлари талайгина. Улар истеъмол бозори талабини имкон қадар қоплаяпти. Яқинда иш бошлаган "Вална бранд" масъулияти чекланган жамияти қошида ҳам шундай қувват ташкил этилган.

— Айни пайтда цехимизда 8 нафар чевар хотин-қизни ишлатяпмиз, — дейди корхона раҳбари Муяссар Шодиева. — Улар атрофдаги яқин маҳаллалардан келиб меҳнат қилишади. Тез орада яна 10 дона тикув дастгоҳи олиб келамиз. Натижада қўшимча шунча янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотимиз харидоргирлиги ошаётгани бизга қўл келяпти, албатта. Кўпроқ болалар кийим-кечаклари ишлаб чиқаришга эътибор қаратганмиз. Яқин орада эркаклар кўйлаги ва яктаги, аёллар халатини тикишни йўлга қўямиз.

Қўл меҳнатининг қадри ўлмайди

Дарҳақиқат, бирор ҳунарни касб қилган киши хор бўлмайди. Фақат нима ишлаб чиқариш ва уни қандай сотишни билса бас. Бунинг устига, бугун юртимизда ҳунармандларга кенг имтиёзлар тақдим этилган. Айни омил охирги пайтда соҳада жиддий ўсиш кўзга ташланишига туртки берди. Ғузор туманининг “Наврўз” маҳалласида яшовчи Инобат Раҳимқулова ҳам асли ҳунармандлардан, салкам 40 йиллик тажрибага эга. Тикувчилик ва каштачилик сир-асрорини қанчадан-қанча ёшларга ўргатиб келмоқда. Ҳозирда уйида мўъжазгина цех очган, оилавий тадбиркорлик билан машғул.

— Чеварликдан хабари бор аёлга доим иш топилади, — дейди  Инобат Раҳимқулова. — Ҳар биримизга биттадан тикув машинаси бор. Чопон, яктак, келинлар либоси сингари  миллий либослар тикамиз. Қадимий урф-одатларимиз барҳаёт экан, бу маҳсулотларга талаб ўлмайди. Бозордан жой олганмиз, тайёр маҳсулотларни ўша ерда сотамиз. Маҳалламиздаги тикувчиликка уқуви бор хотин-қизларни касаначилик асосида иш ва буюртма билан таъминлаганмиз. Ҳаммасига тикув машинаси ва хомашё етказиб берилади. Иш ҳажмига қараб даромад топишади. Бундай ишлаш ўзимизга ҳам маъқул.

Ҳунарманднинг айтишича, буюртма кўплигидан маҳсулотни етказишга улгуриш қийин бўляпти. Шу боис бошқа жойдан қўшимча цех қуриш, дастгоҳлар сотиб олиб, ишлаб чиқариш салмоғини ошириш мўлжалланган. Бунинг учун тижорат банкидан молиявий кўмак олишмоқчи.

Томорқа ҳам кифоя

Таъкидлаш ўринлики, хотин-қизлар уйдан чиқмай ҳам даромад топиш имконига эга. Бунинг учун томорқадан унумли фойдаланишнинг ўзи  кифоя. Маблағ муаммо бўлса, тижорат банкига имтиёзли кредит олишни сўраб мурожаат қилишингиз мумкин.

— Томорқа майдонимиз 10 сотихга етади, — дейди ғузорлик Зулхумор Жабборова. — Ўтган йили 6 сотихда иссиқхона барпо қилдик. Албатта, бунча сарф-харажатга ўз кучимиз етмасди. Бизнес-режамизни банкка бердик ва "Ҳар бир оила — тадбиркор" дастури доирасида 27 миллион сўм имтиёзли кредит олдик. 30 миллион сўмдан ошиқ сармояни ўз ёнимиздан қўшдик. Натижада томорқани чин маънода даромад манбаига айлантирдик. Турмуш ўртоғим, ўғлим, қизим билан биргаликда иссиқхонада маҳсулот парвариши билан бандмиз. Январь ойида 4 сотихга 1000 тупдан зиёд помидор кўчати эккан эдик. 10 кундирки, пишиб етилган ҳосилни бозорга чиқаряпмиз. 2 сотих жойда эса лимон парваришлаяпмиз. 2-3 йилда унинг ҳам фойдаси кўринади.

Шу каби эътиборини томорқа хўжалигини ривожлантиришга қаратаётган оилалар кўп. Нафақат деҳқончилик, балки паррандачилик, чорвачилик, қуёнчилик каби соҳалар ҳам сердаромад йўналиш сифатида танланяпти. Бу фаолият билан хотин-қизлар ҳам бемалол шуғулланиши мумкин.

30 нафар хотин-қиз ишли бўлади

Сир эмас, туризм энг кўп иш ўрни яратиш имконига эга тармоқдир. Соҳанинг жадал равнақ топишидан эса хотин-қизлар ҳам бебаҳра қолмайди. Сайёҳлик салоҳияти юқори саналган ҳудудларда меҳнат билан банд бўлганларнинг асосий қисмини аёллар ташкил этиши ҳам фикримизни тасдиқлайди.

— Туризм жабҳасида энди-энди ўсиб келаётган субъектмиз, — дейди Ғузор туманидаги "Sunbula luxe tourizm" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилафрўз Муҳаммадиева — Аввалига бироз қийналдик. Чунки Ғузорнинг сайёҳлик имкониятлари паст баҳоланади. Шуни инобатга олиб, ҳудудга туристларни олиб келиш эмас, балки уларни мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойларига сафар уюштиришга урғу бердик. Асосан маҳаллий сайёҳлар билан ишлаймиз. Бундан ташқари, туризм маҳсулотлари ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. 300 миллион сўм инвестиция киритиш мажбуриятини қабул қилганмиз. Каштачилик цехини йўлга қўямиз. Ҳозиргача 60 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлаб, 15 дан зиёд тикув машинаси олиб келдик. Бу борада бозорни ўрганиб, тажриба ҳам  орттирдик. Бунинг самарасида 30 нафарга яқин хотин-қиз бандлигига эришамиз.

Таъминотчи фермер

— Фаолиятимиз кўп тармоқли, чорвачилик, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантиряпмиз, — дейди Ғузор туманидаги "Жамила-Жасмина" фермер хўжалиги раҳбари Зубайда Жўраева. — Яқинда 4 гектар майдонда боғ барпо этиб, бодом, ўрик, шафтоли ниҳолларини экдик. Наслчилик билан ҳам шуғулланамиз. Асалари ва жўжа кўпайтирамиз. Бу эса бизга шу йилдан бошлаб таъминотчи бўлиш имконини берди. Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш учун банкдан имтиёзли кредит олаётган фуқароларни маҳсулот билан таъминлаяпмиз. Шу пайтгача ўз ишини йўлга қўймоқчи бўлган хонадон соҳибларига 150 асалари оиласи ва 2 минг бош маҳаллий зотга мансуб жўжа тарқатдик. Ҳали режаларимиз кўп, шу билан чекланиб қолмаймиз.

З.Жўраеванинг таъкидлашича, айни пайтда Президентимиз илгари сурган ушбу ташаббус асосида хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Айни пайтда доимий ва мавсумий ишчи-хизматчиларнинг асосий қисмини хотин-қизлар ташкил этади.

Хулоса ўрнида айтганда, бугунги кунда хотин-қизларни ишли қилиш учун кўплаб имконият мавжуд. Улар фаолият юритиши мумкин бўлган соҳалар ҳам кам эмас. Фақат бу борадаги салоҳият ва ресурслардан оқилона фойдалансаккина, кутилган натижага эришилади. Аёллар бандлиги юқори бўлиши эса оилаларда турмуш сифати ошишига ҳам таъсир этишини унутмаслик керак. Давлат раҳбари таклиф этган ташаббусдан ҳам кўзланган мақсад шу аслида.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Mahalla

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш