Тирноқ этга қараб ўсса...

Тирноқлар билан боғлиқ хасталиклар ичида энг кўп учрайдигани — онихокриптоз (тирноқ пластинкасининг эт ичига ўсиши) ҳисобланади. Ўсган тирноқ терини шикастлаши натижасида юмшоқ тўқималарда яллиғланиш кузатилади. Кейинчалик қизариш, бармоқ шиши ҳамда сезиларли оғриқ билан давом этади. Энг ёмони, онихокриптозга нисбатан бепарво бўлинса, яллиғланиш зўрайиб, тирноқ атрофидаги терида йиринг пайдо бўлиши мумкин.

Касаллик сабаблари нималардан иборат?

Асосан, тирноқни нотўғри олиш ва сифатсиз педикюр бу хасталикка сабаб бўлади. Айниқса, у тор учли, катта ва кичик оёқ кийимлар кийишдан келиб чиқади. Шунингдек, наслдан-наслга ўтадиган мойиллик, оёқ бармоқлари шаклининг ўзгариши (орттирилган ёки туғма маймоқлик, яссиоёқлик), замбуруғли оёқ касалликлари, бармоқларнинг шикастланиши, бармоқ атрофида турли яралар пайдо бўлиши, оёқда қон айланишининг бузилиши ҳам касалликка замин яратади.

Уйда даволаш мумкинми?

Тирноқ этга қараб ўса бошлаганида ихчам пойабзални кенгроғига алмаштириш ва имкон қадар ялангоёқ юриш тавсия этилади. Йиринг йиғилиши ва яллиғланиш авжига чиқмасдан уй шароитида ҳам эҳтиёт чораларини кўриш мумкин. Бунда оёқни қайноқ сувда ванна қилиб, эт ҳамда тирноқ юмшаганидан сўнг педикюр қилиш фойда беради.

Тери яллиғланиб, йиринг ҳосил қилган бўлса, аввало, у яхшилаб тозаланади. Инфекцияга қарши турли маз ва лаклар тавсия этилади. Тирноқнинг ёнлари эҳтиёткорлик билан олиниб, йиринг кетгандан сўнг махсус тамб қўйилади. У тирноқнинг яна ўз ҳолига қайтишига ёрдам беради. Ҳар ўн беш кунда тамб алмаштирилади. Жараён токи тирноқ тўғри ўсадиган бўлгунча давом этади. Бордию муолажалар фойда бермаса, тирноқ этга қараб ўсишда, тери яллиғланишда давом этаверса, малакали жарроҳга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Қандай ҳолларда жарроҳлик амалиёти қўлланилади?

Шифокор оғриқсизлантириш усулида тирноқнинг этга қараб ўсган қисмини жарроҳлик йўли билан олиб ташлайди. Шундан сўнг теридаги шикастланиш ва юмшоқ тўқималар яллиғланиши оз бўлса-да, камаяди. Бир неча ойдан сўнг тирноқ яна ўз шаклига қайтади.

Этга ўсган тирноқни даволашдаги энг самарали ва кам оғриқ берадиган усул, бу  — лазер билан даволашдир. Бу усулда тирноқнинг этга ўсган қисми ҳамда ўсадиган қирралари лазер нури билан куйдирилади. Тирноқни олиш билан бирга, яллиғланиш ўчоғи ҳам бартараф этилади. Бу муолажадан сўнг тирноқнинг этга қараб ўсиши муаммосидан бутунлай қутулиш мумкин.

Сирасини айтганда, кўп касалликлар эътиборсизлик туфайли келиб чиқади. Ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилмаслик эса уларнинг янада зўрайиб кетишига сабаб бўлади. Соғлиқ инсон учун энг катта бойлик экан, демак, унга эътиборли бўлиш, қадрлаб яшаш зарур.

Назира РАСУЛОВА,

Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази дерматологи.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш