Аёл эр рухсатисиз уйидан чиқса...

Битта оиланинг ажралиши — фақат икки кишининг ҳаёти издан чиқиши билан якунланиб қолмайди, балки у ота ёки она меҳридан мосуво болалар пайдо бўлиши каби аянчли оқибатларга олиб келади

Динимизда оила муқаддас ҳисобланади. Чунки у жамият биносининг ғишти, бир бўлагидир. Агар бинонинг ғиштлари соғлом бўлса, бино ҳам мустаҳкам бўлади, емирилиш ва қулаш хавфи остида қолмайди. Айнан шунинг учун динимизда оила масаласига бениҳоя жиддий эътибор қаратилади, унинг мустаҳкамлиги, эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат давомийлигини таъминлаш учун ўзига хос қонун-қоидалар жорий қилинган.

«Эркаклар хотинлар устидан қоим турувчилардир...»

Динимиз таълимотида эр-хотиннинг бир-биридаги ҳақлари, тинч-тотув, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлиб яшаш учун нималарга эътибор қилиш кераклиги аниқ баён қилинган. Уларга асосан, аёлига чиройли муомала қилиш, озиқ-овқат ва кийим-бош кабилар билан таъминлаш эр зиммасидаги мажбурият саналади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Улар (аёллар) билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо сураси, 19-оят). Бу илоҳий буйруқда эрнинг хотинига яхши муомалада бўлиши, аёли табиатидаги айрим ноқисликларга сабр қилиши, баъзи хатоларига эса кўз юмиши лозимлиги айтиляпти. 

Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло: «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир» (Нисо сураси, 34-оят), деб марҳамат қилади. 

Уламолар ушбу оят тафсирида эркакларнинг аёллардан айрим жиҳатларда устунлиги — жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги каби жиҳатларни ҳам келтиради.

Эрнинг аёлига бераётган нафақаси миннат ва таънасиз бўлиши керак. Чунки нафақа бериш эркакнинг хотинига қилган марҳамати эмас, балки зиммасидаги вожибдир. Албатта, аёлни зарур нафақа билан таъминлаш миқдори эрнинг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб белгиланади.

«Ўз уйларингизда қарор топингиз!»

Кўп оилаларнинг пароканда бўлишига аёл кишининг эрига итоатсизлиги ҳам сабаб бўлаётир. Хусусан, бир оилада рўзғорини бутлаш учун ишга чиққан эрнинг йўқлигидан фойдаланган аёл икки боласи билан эридан берухсат тез-тез онасиникига кетиб қоладиган одат чиқаради. Эр қайта-қайта насиҳат қилиб, танбеҳ берса-да, фойда бўлмайди. Ҳатто айби учун кечирим сўрашни ўзига эп деб билмайди. Балки «меҳрибон» яқинларининг гапига учиб турли баҳоналар билан эрининг мол-мулкини ундириш пайида бўлади. Ноилож қолган эр ажрашишдан ўзга йўлни кўрмай қолади.

Динимизда аёллар зиммасига ҳам эрига итоатли бўлиши, унинг розилиги билан кўчага чиқиши, Аллоҳ таоло эрига берган насибага рози бўлиши, унинг мулкига омонатдор бўлиши ва инжиқлик қилмаслиги сингари мажбуриятлар юкланган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга хитобан: «Ўз уйларингизда қарор топингиз!» деган (Аҳзоб сураси, 33-оят). Набий (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: «Эрнинг хотини устидаги ҳаққи аёлнинг эр рухсатисиз уйдан чиқмаслигидир. Агар шундай қилса, (яъни эр изнисиз кўчага чиқиб кетса) то тавба қилгунча ёки уйга қайтгунча Аллоҳ ундай аёлни лаънатлайди» (Имом Байҳақий ва Имом Таёлисий ривоятлари).

Албатта, бу оят ва ҳадислар аёл кишининг умуман кўчага чиқиши мумкин эмаслигини англатмайди. Балки бу – уйнинг ишларини зое қилган ҳолда бесабаб, эрига айтмасдан кўчага чиқиб кетавериш, саёқ юрадиган бўлиб қолиш каби салбий ҳолатларга тааллуқли.

Битта оиланинг ажралиши — фақат икки кишининг ҳаёти издан чиқиши билан якунланиб қолмайди, балки қуда-андалар юз кўрмас бўлиб кетиши, қариндош-уруғлар боши хам бўлиши, жамиятда боқувчисини йўқотган аёл, ота ёки она меҳридан мосуво етим болалар пайдо бўлиши каби аянчли оқибатларга олиб келади.

Қолаверса, оилаларнинг ажралиши одам боласининг очиқ-ойдин душмани бўлган шайтон (алайҳи лаъна)ни энг кўп хурсанд қиладиган ишдир. Шу боис муаммоли оилаларга яқин қариндошлар, қўни-қўшни ва маҳалла-кўй ўз вақтида эътибор қаратиб, оила осойишталигини асраб қолишга қатъий ҳаракат қилиши зарур.

 

Абдуллахон МИРЗАЕВ,

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Муҳаммадқул жоме масжиди имом-хатиби.

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш