Ажримлар ортган ҳудудларда маънавий-маърифий тарғибот кучайтирилди

Аҳоли ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олишда маънавий- маърифий тарбия ҳамда тадбирларнинг ўрни беқиёс. Айниқса ёшларнинг илм-фан билан шуғулланишини рағбатлантириш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, глобаллашиб бораётган дунёда “оммавий маданиятга” кўр-кўрона эргашишининг олдини олишда “Жаҳолатга қарши маърифат билан” шиорини янада баландроқ кўтариш бугуннинг долзарб масаласидир. Албатта бу борада маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, шунингдек, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий–амалий маркази, имом-хатиблар ҳамкорлиги аҳамият касб этади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент вилояти кенгашида ўтказилган “Ҳуқуқбузарликларнинг олдини  олишда маънавий-маърифий тарбия етакчи куч — ҳамкорлик самарадорликни оширади” мавзуидаги семинар таҳлилий-танқидий руҳда ўтди.

  — Аҳоли муаммолари ўрганишда давлат ва жамоат ташкилотларини ўзаро ҳамкорликни кучайтириш давр талаби, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Отабек Аноров. — Вилоятимиздаги 1026 та маҳалладаги муаммоларни ҳал этишда нафақат маҳалла фаоллари шунингдек, жамоат ташкилотлари вакилларининг иштироки мунтазам таъминланиши лозим.

Ёшлар  ўртасида ўтказилаётган тарғибот тадбирлари орқали оилавий низолар, дабдабаларнинг кўпайиб бораётгани ҳақида суҳбатлар ўтказамиз. Шу ўринда тўғри йўлдан адашганлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка мойил оилаларга мутасадди ташкилотлар бириктирилгани эътиборга молик,— дейди вилоят “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари Дилором Маҳамадалиева — Марказимиз томонидан бу каби салбий ҳолатларни олдини олиш учун ажримлари ортган Тошкент тумани, Чирчиқ ҳамда Ангрен шаҳарларида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлар кучайтирилган.

Семинарда мутасадди ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик бўйича бир қатор чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

                                                                                                 Нигора Ўролова

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш