Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёпиладими?

Фаолиятидан аҳоли норози бўлган, вазифасига масъулият билан ёндашмаган ширкатлар ўз ўрнини бошқарув компанияларига бўшатиб беради.

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари. Бу ном кўп қаватли уйларда яшайдиганлар учун бегона эмас. Маълумки, ширкатлар коммунал соҳада давлат иштирокини камайтириб, уй-жой мулкдорларининг фаолият доирасини кенгайтириш, хизматлар, пудрат ва таъмирлаш ишлари бозорини шакллантириш мақсадида ташкил этилган.

Бироқ таъкидлаш жоиз, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳақида гап кетганда аксарият юртдошларимизнинг ташкилот хизматидан норози эканлигини кўрамиз. «Ширкатга нима учун ҳар ой пул тўлаймиз? Ахир, ҳар қандай коммунал хизматлар учун ўзимиз ёнимиздан пул сарфлаётган бўлсак. Улар эса ўзлари масъул бўлган уйларнинг ҳолати ва аҳволи билан қизиқишмайди ҳам» каби эътирозлар тез-тез қулоққа чалинади.

Ширкатлар ўрнида бошқарув компаниялари

Аҳолидан бўлаётган эътирозлар ҳамда соҳадаги муаммоларни инобатга олган ҳолда бу масалага ўзига хос ечим сифатида пойтахтимизнинг айрим туманларида янгича тизим йўлга қўйилди. Хусусан, эндиликда Юнусобод туманида бўлгани сингари Чилонзорда ҳам бошқарув компаниялари хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўрнини эгаллайди.

— Уй-жой коммунал хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш, давлат-хусусий шериклик асосида соҳа корхоналари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Чилонзор туманида кўп қаватли уй-жой биноларини бошқарув компанияларига бириктириш бўйича танлов эълон қилинди,дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги Коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси мутахассиси Озодбек Турсунов. — Таъкидлаш лозим, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўрнига бошқарув компанияларининг жорий қилиниши Юнусобод туманида муваффақиятли тарзда синовдан ўтди. Шу боис, эндиликда пойтахтимизнинг барча ҳудудларида ана шу тизимни жорий қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Айни пайтда Чилонзор туманида ҳам бу лойиҳа синовдан ўтказилади. Кўп қаватли тураржойларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш йўналишида фаолият юритаётган бошқарув компаниялари ўртасида танлов ўтказилиб, улар орасидан энг муносиблари танлаб олинади.

Танловда кўп қаватли уй-жой фондини муносиб сақлаш ва уларга сифатли хизмат кўрсатиш учун бошқарув компаниялари тураржойлар мулкдорларининг ишончли шахслари билан биргаликда танлаб олинади. Чилонзорда ишлашни хоҳловчи бошқарув сервис компаниялари тумандаги 4 та сектордаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш бўйича танловда иштирок этишлари мумкин.

Бошқарув компаниялари нимаси билан афзал?

Тошкент шаҳар ҳокимлигидан маълумот беришларича, бошқарув компаниялари кўп қаватли уйларга профессионал даражада хизмат кўрсатиш бўйича етарли тажрибага эга ҳамда иш жараёнида ҳар бир уйнинг архитектураси ва шароитидан келиб чиқиб таъмирлаш ишларини амалга ошириши билан ажралиб туради. Эълон қилинган танловга кўра эса кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш бўйича самарали бошқарув механизми, малакали мутахассислар ва техникага эга энг илғор компаниялар танлаб олинади.

Танлов натижасида фаолиятидан аҳоли норози бўлган, вазифасига масъулият билан ёндашмаган ширкатлар ўз ўрнини бошқарув компанияларига бўшатиб беради. Бунинг натижасида тизимдаги молиявий ҳолатни соғломлаштириш, муаммоли кредитларни ҳал этиш, моддий-техник базани мустаҳкамлашга эришиш кўзда тутилган. Шундай бўлгач, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳам яхшиланади, туну кун ишлайдиган авария-диспетчерлик хизмати йўлга қўйилади.

Хизмат кўрсатиш нархларида тафовут қандай?

Маълумки, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти учун тўловлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан белгиланади. Бошқарув компанияларида хизмат кўрсатиш нархлари, ойлик йиғимлар миқдори компания раҳбарияти билан аҳоли ўртасида шартнома тузилгунга қадар ўтказилган умумий йиғилишда муҳокама қилинади ва белгиланади.

Таклиф этилаётган йиғимлар миқдори маъқулланиши учун мажлис қатнашчиларининг ярмидан кўпи овоз бериши керак. Тўловларнинг энг кам миқдори туманлардаги халқ депутатлари Кенгаши томонидан белгиланади. Яъни ҳеч бир бошқарув компанияси нархларни ўзи хоҳлаганча ошира олмайди. Тўловлар ҳар икки томоннинг розилиги асосида белгиланади.

Энг муҳими, бошқарув компанияси аҳолини уй-жойларни таъмирлаш, ободонлаштириш режаси билан таништиради, режа асосида қилинаётган ишлар ҳақида ахборот беради ва ҳар чоракда бажарилган ишлар ҳамда пул маблағларининг сарфланиши ҳақида ҳисобот бериб боради.

Ширкатлар тугатиладими?

— Бугунги кунда Тошкент шаҳри коммунал хизмат масалаларида ўзини ўзи бошқариш тизимига ўтган, — дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Йиғма ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қўчқоров.Шу боис айни пайтда вазирлик пойтахт аҳолисига коммунал хизматларни кўрсатмайди. Бошқарув компанияларининг амалиётга татбиқ қилиниши соҳа ривожига ҳисса қўшиши шубҳасиз. Агар пойтахт юзасидан белгиланган режалар муваффақиятли ўтса, хизмат кўрсатишнинг бу усули бутун мамлакат миқёсида оммалаштирилиши  мумкин. Аммо ҳозирча вазирлик тизимидаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари вилоятларда  фаолиятини давом эттираверади.

Муаммо фақат ширкатлардами?

Тан олиш лозим, сўнгги вақтларда фуқароларнинг хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятида норозилиги ҳақида турли гаплар қулоққа чалинди. Бироқ «қарс икки қўлдан чиқади» деганларидек, бу ҳолатда ҳар икки томоннинг ҳам айби бор. Хусусан, кўп қаватли уйларда яшаётган ҳамшаҳарларимизнинг кўпчилиги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳақида тўлиқ тушунчага эга эмас. Натижада ўз ҳуқуқларини талаб қилмайди. Ширкатларнинг асосий вазифаси ва шахсий мажбурият ва имкониятларидан бехабар қолиб, «емаган сомсасига пул тўлаган».

«Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, ширкат аъзолари умумий йиғилиши — ширкатнинг олий органи ҳисобланади. Ўзимизга савол берсак: ширкат аъзоси, мулкдор сифатида охирги марта қачон ширкат аъзолари умумий йиғилишида иштирок этдик?

Мана шу, яъни ҳуқуқий маданиятимиз даражаси, эҳтимол масаланинг муҳим жиҳатидир. Қонуннинг 4-моддасига кўра, ширкат харажатлари тўғрисидаги ахборот унинг аъзоларидан яширилиши мумкин эмас. Шу сабабли, исталган яшовчи ўз ширкатига келиб, бу ахборот билан танишиши мумкин. Бирор марта ширкат раҳбариятидан харажатлар тўғрисида ахборот сўрадикми?

Хулоса ўрнида

Бугун мамлакатимизда шиддат билан амалга оширилаётган бунёдкорликлар натижасида кўплаб соҳалар ривожланиб бормоқда. Хусусан, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам йилдан-йилга ўсиб бораётир. Замонавий биноларга ҳамоҳанг тарзда сифатли хизмат кўрсатиш аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, уларнинг бугунидан рози бўлишини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Биздан талаб қилинадигани эса мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишдир.

 

Фарҳод ТОЛИПОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш