Васийлик ва ҳомийлик: қонун ижроси нега суст, нима тўсқинлик қиляпти?

Меҳрибонлик уйида вояга етганларнинг кейинги турмуши ва тақдири, ҳаётда ўз ўрнини топишига йўналтирилган аниқ ва тизимлаштирилган ишлар йўлга қўйилмаган

Биринчи ҳолат. Дилмуроднинг заиф эшитиши ҳақидаги хабар Қодирни шошириб қўйди. Беш нафар қиздан сўнг ўғил фарзанд кўрдим, деб суюнган отанинг қувончи узоққа чўзилмади. Ота-она уни шаҳарнинг энг олди шифокорларига кўрсатишди. Аммо бу югур-югурлар самарасиз кетди. Тақдирга тан берган оила Дилмуродни заиф эшитувчилар мактаб-интернатига олиб борди. Зеҳни ўткир, спортга қизиқувчан ўспирин устозлари меҳрини қозонди, кўплаб дўстлар орттирди.

9-синфда ўқиётганида уни футбол бўйича Ўзбекистон заиф эшитувчилар миллий терма жамоасига қабул қилишди. Халқаро мусобақадаги ғалаба эса ота-она, устозларию маҳалладошларни бирдек қувонтирди. Йиллар давомида оила қалбини эзиб келган юк шу тариқа ариди. Бугун Дилмурод ҳунар эгаллаб, ишга жойлашган, отасининг яқин кўмакчисига айланган. Фарзандни неъмат, дея қадрлаган оилага бугун кўпчиликнинг ҳаваси келади.

Иккинчи ҳолат. Бекмурод ичкиликка ружу қўйди. Рўзғордаги кам-кўстлар эса Нафисани ҳолдан тойдирди, эрига жаҳл қилиб, тўрт ёшга тўлмаган Зебонанинг зорланишларига қарамай, уйни ташлаб чиқиб кетди. Икки кун қаровсиз қолган қизалоқнинг очликдан силласи қуриди. Хайриятки, қўни-қўшни бор экан, уни дарҳол шифохонага етказишди. Суд масъулиятсиз эр-хотинни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилди. Зебонага таъминот, тарбия ва таълим бериш, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида васий тайинланди...

Савоб ишнинг салмоғи қандай ўлчанади?

Юқоридаги икки ҳолат бўйича хулосани ўзингизга қолдирамиз. Сизнингча, қай бири ҳавасга, қай бири нафратга лойиқ? Шукрки, юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаган. Кўрсатилаётган ғамхўрликнинг қийматини келтириш ёки ҳисобини чиқариш фикридан йироқмиз. Шунчаки сизни теран фикр ва мушоҳада юритишга чорламоқчимиз, холос. Ахир, савоб ишнинг салмоғи унинг миннатида эмас, балки қалбдаги миннатдорлик, кўздаги севинч ёши ва чеҳрадаги мамнунлик акси билан баҳоланмайдими?

Мамлакатимизда васий ёки ҳомий тайинланишига муҳтож шахсларни вақтида аниқлаш, ҳисобга олиш ва жойлаштирилишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани бор гап. Биргина жорий йилнинг ўзида давлатимиз раҳбарининг «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари қабул қилингани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Аммо йўналишдаги ишлар тизимли, рисоладагидек олиб бориляпти, дея оламизми? Хўш, соҳанинг ҳуқуқий асосларида белгиланган вазифалар ижроси қай даражада таъминланмоқда? Шу каби саволлар билан Олий Мажлис Сенатининг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиевга мурожаат қилдик.

Махсус адабиётлар ва бинолар етишмайди

— Афсуски, ҳали-ҳануз тизимда ечимини кутаётган бир нечта камчиликлар бор, — дейди Ш.Чўллиев. — Бунга Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тасарруфидаги 318 та махсус мактаб муассасалар фаолиятини ўрганиб, амалда гувоҳ бўлдик. Шу кунга қадар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган вояга етмаганларнинг 145 нафари оилаларга патронатга ҳамда 366 нафари васийликка берилган. Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, аксарият ўқувчиларнинг оиласида тарбия жараёни рисоладагидек эмаслиги ойдинлашди.

Хусусан, ота-оналарнинг ичкиликка, гиёҳванд моддалар истеъмолига ружу қўйиши, тез-тез жанжаллашиши, ажралиш ҳолатлари, нотўлиқ оилада, отаси ёки онаси чет элга кетгани сабабли қариндошлар қарамоғида қолган болалар борлиги аёнлашди. Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатлари ижросини таъминлашда тўсқинлик қилаётган айрим тизимли хато ва камчиликлар эса вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Чунончи, Тошкент шаҳрида 4 минг 123 нафар ўқувчи имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабларда таълим олади. Аммо кар-соқов, заиф эшитувчи ўқувчилар ва кўрлар учун ихтисослаштирилган мактаб, мактаб-интернатларида ўқувчилар учун рус ва ўзбек тилида махсус (соқов болалар ва кўрлар учун брайль ёзувида) ўқув адабиётлари етарли эмас. Имконияти чекланган болалар махсус йўналишдаги адабиётларнинг нусхасини ўқимоқда. Мактаб-интернатларида ўқувчилар сони белгиланган меъёрлардан ошиб кетган. Масалан, 100-сонли таянч ҳаракати аъзолари шикастланган болалар мактаб-интернати 210 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлса-да, бу ерда 410 нафар, 4-сонли сколиоз болалар учун санаторий типидаги мактаб-интернати 450 ўринга мўлжалланган ҳолда ҳозир бу ерда 601 нафар ўқувчи таълим оляпти.

Болаларнинг кейинги тақдири кимга қизиқ?

Яна бир ҳолат. «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунда васийлик ва ҳомийлик масалаларида индивидуал ёндашув принципига амал қилиш лозимлиги белгиланган. Аммо Меҳрибонлик уйларида бу мезонга амал қилинмаяпти. Муассасаларда шахснинг имкониятидан келиб чиқиб, индивидуал ёндашилгани бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар ва уларнинг ижроси юзасидан биронта маълумот йўқ. Ўтказилаётган тадбирларнинг барчаси оммавий тусга эга.

Қонунчиликка мувофиқ, бундай муассасаларда махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарлик талаб этилмайдиган 51 та касб ўқитилиши белгиланган. Маълумотларда Тошкент шаҳридаги ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида 26 та касб бўйича ўқитилиши айтиб ўтилган. Талабларга асосан, ҳар бир бола ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида касбий таълим йўналишини ўз хоҳишига кўра мустақил танлайди. Амалда эса бу талаб тўлиқ бажарилмаяпти.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Меҳрибонлик уйида тарбияланиб, вояга етганларнинг мутахассислиги бўйича касбий маълумоти, иш билан таъминлангани юзасидан мониторинг юритилмаган. Уларнинг кейинги турмуши ва тақдири, ҳаётда ўз ўрнини топишига йўналтирилган аниқ ва тизимлаштирилган ишлар йўлга қўйилмаган. Бу борада алоҳида шуғулланадиган аниқ давлат органи мавжуд эмаслиги ҳамда бу фаолиятга ёндашадиган нодавлат нотижорат ташкилотлар билан барқарор алоқалар ўрнатилмагани ҳам бор гап.

Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорларида оила ва болаларни қўллаб-қувватлаш муассасалари тармоқлари, хизматлари, васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларга ҳамда уларнинг оилаларига маслаҳат ёрдами, ҳуқуқий, ижтимоий, психологик-педагогик, тиббий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш марказларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Амалда эса бу талаблар деярли бажарилмаган.

Муаммоларга ечим борми?

Камчиликларни бартараф этишда шуларнинг ҳар бирига алоҳида ёндашув талаб қилинади. Аввало, тегишли давлат идоралари махсус ўқув адабиётларини рус ва ўзбек тилида ишлаб чиқиши ва имконияти чекланган болаларга етказиш чораларини кўриш лозим. Мутасадди идоралар мавжуд муассасаларга қўшимча бино қуриш ва шароитни яхшилаш масалаларига жиддий ёндашиш зарур. Шунингдек, қарорларда белгилаган вазифаларни бажаришда миллий тажрибада шаклланган амалиёт ва халқаро андозаларни чуқур таҳлил қилиб, тизимли ёндашувни амалга ошириш керак. Яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган чораларни қабул қилиш, уларни изчил амалга оширишга сидқидилдан киришиш лозим.

 

Садоқат МАХСУМОВА

тайёрлади.

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш