Гиёҳвандликка қарши аёвсиз кураш

Бу билан ўзимиз, оиламиз ва фарзандларимизни катта хавфдан асраган бўламиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш Миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 2018 йилда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 4779 та жиноят фош этилган. Улардан 1626 таси наркотик моддаларни ўтказиш-сотиш, 171 таси контрабанда, 1238 таси гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириш, 66 таси бангихоналар ташкил этиш билан боғлиқ бўлса, бошқа турдаги наркожиноятлар 1678 тани ташкил этди.

Ҳар бир рақам ортида бир инсон тақдири борлигини ўйласак, вазият нақадар аянчли эканини англаш қийин эмас. Айниқса, ёш, ҳали ҳаётнинг паст-баландини кўрмаганлар оғу ортидан даромад кўраётганлар қурбонига айланаётгани дилни ўртайди.

Ўзига қарам қилади

— Cтатистик таҳлиллар натижасига кўра, бизда, асосан, 40 ёшдан ошган беморлар даволанади, — дейди Республика наркология диспансери наркологи Амир Рашидов. — Лекин жуда эрта даврларданоқ гиёҳванд моддалар қурбонига айланаётганлар ҳам анчагина. Масалан, сўнгги бир ой давомида мурожаат қилганларнинг 10-15 нафарини 40 ёшгача бўлганлар ташкил этди. Аслида ҳам биринчи марта наркотик моддалар истеъмол қилиш 16-17 ёшларда кўп кузатилади. Мактаб давридан ўқишга қизиқмаган, дарсларга қатнамай, кўп вақтини кўчада ўтказган, билим олишга иштиёқи суст бўлган болалар секин-аста ўзи каби бекорчиларга шерик бўлади. Назоратсизлик, ўзбилармонлик оқибатида шундай кўчаларга кириб қолади.

Уларни бу йўлга етаклаган асосий муаммо тарбиядаги камчиликлар, вояга етган муҳити ва ўзига хос феъл-атворидир. Наркотикларга қарам бўлиб қолганларнинг кўпчилигида яшашдан ҳеч қандай мақсад бўлмайди. Бирор яхши натижаларга эришишга ҳаракат қилмайди. Фақат бугунги кунидан завқ олиб яшашни хоҳлайди, холос.

Гиёҳвандлик сурункали руҳий хасталик бўлгани боис ундан бутунлай халос бўлишнинг имкони йўқ. Маълум муддат (5 йил мобайнида) бундай моддаларни қабул қилмаслик эса фақатгина бемордаги эҳтиёжни сусайтириши мумкин. Лекин уни татиб кўришга бўлган хоҳиш сақланиб қолаверади.

1048 та наркожиноят аниқланди

Бугун гиёҳвандликка қарши олиб борилаётган курашнинг таг замирида ҳам одамларнинг соғлик-омонликда ҳаёт кечириши мақсад қилиб олинган. Наркожиноятга эътиборсиз бўлиш билан қанчадан-қанча фарзандларимизнинг ҳаётига хавф туғдирган бўламиз. Зеро, атрофимизда лоқайдлигимиздан фойдаланишни кутаётганлар жуда кўп. Шунинг учун ҳам бу ишга фақатгина ҳуқуқ-тартибот органлари эмас, балки кўплаб ҳамкор ташкилотлар ва жамоатчилик жалб этилган.

— «Наркотик моддалар суиистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида манфаатдор ташкилотлар ва кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, жорий йилнинг 1 май кунидан 30 июнь кунига қадар республика миқёсида «Қора дори-2019» кенг қамровли тадбирининг биринчи босқичи ўтказилди,дейди Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бош бошқармаси масъул ходими Баҳромжон Таджиматов.Уни ўтказишдан мақсад: наркотик моддаларнинг ғайриқонуний айланишига қарши курашиш, таркибида наркотик моддаси бўлган ўсимликларни етиштиришга қўл ураётган баъзи нопок кимсаларнинг жиноий фаолиятига чек қўйиш ва шу билан наша, кўкнор каби ўсимликларни ўсиш давридаёқ аниқлаб, йўқ қилишга қаратилган.

Республикамиз ҳудудида наркотик моддаларни контрабанда йўли билан олиб кириш, транзит равишда ўтказиш ҳолатларини фош қилиш ҳамда таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликларни аниқлаш мақсадида 684 та қидирув гуруҳлари ташкил этилиб, наркотик моддаларни қидириб топишга ўргатилган жами 306 та хизмат итлари жалб этилди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 1048 та наркотик моддалар билан боғлиқ жиноят аниқланди.

Кенг кўламда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳали ҳам орамизда оғуфурушлик билан шуғулланаётганлар етарлича. Аммо жиноят жазосиз қолмаслиги муқаррар. Бунга куни кеча интернет сайтларида эълон қилинган ҳолатни мисол келтириш мумкин.

Оғуфурушлар қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари Ургут туманида яшовчи 1987 йилда туғилган Б.А. хонадони ертўласидан яшириб қўйилган 4 килограмм 635 грамм опий моддасини топишди. Аниқланишича, оғуни Б.А.нинг укаси, 1997 йилда туғилган Ҳ.Ш.нинг Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Панжикент туманида яшовчи таниши Тошкент вилоятининг Бекобод туманига контрабанда йўли билан ўтказиб, яшириб кетган. Б.А. эса мазкур гиёҳвандлик воситасини Ургут туманидаги яшаш манзилига олиб келган.

Шундай ҳолатлардан яна бири «Қорадори – 2019» кенг қамровли тадбирида аниқланган. Косон тумани «Бун­ёдкор» маҳалласида яшовчи 18 ёшли А.Б. 9 дона кўкнор бошоғини 400 минг сўмга сотаётган вақтида ушланган. Унинг уйидан отаси Б.Х. билан бирга ҳовлисидаги ер майдонида кўкнор ўсимлигини етиштираётгани аниқланиб, уйидан жами 592,07 грамм кўкнор хашаги, 0,47 грамм опий, 62,2 грамм кўкнор ўсимлиги уруғи ва 7 килограмм 466 грамм кўкнор ўсимлиги топилиб, далилий ашё сифатида олинган.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қисқагина умримиз давомида ортимиздан яхши ном қолдиришга нима етсин?! Яшашдан асл мақсад ҳам шу эмасми аслида? Лекин орамизда ҳаёт қадрини билмай, ўзи ва ўзгаларнинг тақдирига соя солаётганлар ҳам учраб туради. Уларнинг аччиқ қисмати барчамизни сабоқ чиқаришга ундайди.

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш