Шахсга доир маълумотлар муҳофазаси нима учун керак?

Қонун шахсий маълумотлар устидан назорат қилиш, улардан фойдаланиш имкониятини соддалаштириш, фақат аниқ кўрсатилган мақсад учунгина фойдаланишни таъминлаш имкониятини яратади

Расул КУШЕРБАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Бугунги кунда шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш холис воқеликка айланди. Бинобарин, инсон ҳақидаги маълумот ҳар доим қимматли бўлган, айни вақтда эса у ноёб товарга айланиб бормоқда. Шу боис инсоннинг шахсига доир маълумотларни муҳофаза қилиш, ундан турли ғаразли мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик, пировардида шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш масаласи ҳар қачонгидан-да долзарб аҳамиятга эга.

Қонунга қандай эҳтиёж бор эди?

Айни пайтда «Facebook», «Instagram», «Telegram» каби йирик ижтимоий тармоқлар ва миллий «UZ» доменидаги 500 дан зиёд интернет тармоқлари операторлари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари шахсига доир маълумотларга эга. Шунингдек, кундалик турмушимизда ҳам у ёки бу вазиятда (масалан, савдо шохобчаларида пластик карта орқали маҳсулот харид қилганда, давлат хизматларидан фойдаланганда) бундай маълумотларни тақдим этамиз. Хўш, айни ҳолатларда шахсга доир маълумотлар дахлсизлиги таъминланганми?

Тан олиш керак, соҳада ечимини кутаётган масалалар кам эмас. Жумладан, амалдаги қонунчиликда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш масалалари тартибга солинмаган. Бундай маълумотларга ишлов беришда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан уларнинг ҳимоя чораларига риоя қилиниши масалаларини назарда тутувчи ягона қонун мавжуд эмас. Маҳаллий ва халқаро интернет тармоқлари операторларининг шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни бузгани учун жавобгарлик масалалари назарда тутилмаган.

Президент томонидан имзоланган «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун айни муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Етти боб, 36 моддадан иборат қонун фуқароларга ўз шахсий маълумотлари устидан назорат қилиш, улардан фойдаланиш имкониятини соддалаштириш ҳамда қаерда ишлов берилишидан қатъи назар, билдирилган мақсад учунгина фойдаланишини таъминлаш имкониятини беради.

Шахсий маълумотни эгасизлантириш нима дегани?

Ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди. Хусусан, АҚШ, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Япония, Малайзия, Европа Иттифоқи регламенти талаблари билан солиштирилиб, ижобий жиҳатлари эътиборга олинди.

Қонун билан шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази белгиланди. У айни соҳадаги давлат сиёсатини амалга оширади.

Шахсий маълумотларни тарихий, статистик, социологик, илмий изланишлар олиб боришда шахсий маълумотлар базаси мулкдори, оператори ёки учинчи шахслар, албатта, уни эгасизлантириши шарт. Шахсий маълумотни эгасизлантириш деганда унинг айнан қайсидир шахс (субъект)га тегишли эканини билиш имконини бермайдиган ҳаракат тушунилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қонунда биометрик маълумотлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Биометрик маълумот сифатида шахснинг айнан ким эканини аниқлаш имконини берадиган анотомик ва физиологик хусусиятларини тавсифловчи шахсга доир маълумотлар кўзда тутилмоқда.

Қандай натижа кутиляпти?

Қонун жорий йилнинг 1 октябридан эътиборан кучга киради. Шундан сўнг мулкдор, оператор ва учинчи шахс фуқаронинг шахсига доир маълумотларини етарли даражада ҳимоя қилишни бўйнига олган ҳолда ва ушбу маълумотдан нима учун фойдаланмоқчи эканлиги ҳақидаги мақсадни ошкор қилиб, фақат ўша мақсад учунгина фойдаланиши мумкин бўлади.

Масалан, паспорт олиш учун берилган маълумотни ер олиш, кадастр қилиш, никоҳдан ўтиш, сайловчилар рўйхатига киритиш, ўқишга юбориш, диплом бериш, гувоҳнома тайёрлаш каби ишларга шахс рухсатисиз фойдаланиш мумкин эмас. Агар шу мақсадда фойдаланиш зарурати пайдо бўлса, албатта, бу ҳақида маълум қилиниб, розилик олиниши шарт.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун мамлакатимизда шахсга доир маълумотлар билан ишлашда халқаро стандартлар ва қоидаларни жорий қилиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги бўйича конституциявий ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва шахс сифатида ҳар қандай таъсирлардан ҳимоя қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш