«Бўлди, бўлди»си яхши-ю, тезроқ бўлгани ундан яхши

«Сувоқова» корхонаси мутасаддилари «кутинглар, сув ташувчи бугун, албатта, сизларнинг маҳаллангизга боради»дан нарига ўтишмаяпти

«Нурлиобод» — Жиззах шаҳрининг қоқ марказида жойлашган маҳаллалардан бири. Қатор йиллардан бери йиғинда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида ибрат олса арзирли ишлар амалга оширилаётир. Маҳалла фаолларининг профилактика инспектори билан олиб борган изчил ҳаракатлари натижасида кейинги уч йил давомида бирорта жиноят содир этилмади. Вояга етмаганлар ўртасида нохуш ҳодисалар кузатилмади. Қайнона-келин, эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар ҳам камайиб бормоқда.

— Маҳалламиз аҳолиси ҳамжиҳат, — дейди фуқаролар йиғини раиси Муҳаммад Қувондиқов. — Шу боис ободонлаштириш тадбирларида ҳам, маънавий муҳит барқарорлигига эришишда ҳам, оилалар тотувлигини таъминлашда ҳам маҳалладошларимиз фаол. Бироқ бизни узоқ йиллардан бери ичимлик суви муаммоси қийнаб келади. Муаммога ечим излаб бормаган идорамиз, учрашмаган раҳбаримиз қолмади. Барчаси «бўлади, бўлади»дан нарига ўтишмайди.

Пирхон ота нега дарғазаб?

Айни шу жазирама кунларда маҳалла аҳлини ичимлик суви муаммоси ташвишга солаётгани одамларнинг норозилигига сабаб бўлаётир. Маҳалла хонадонларидаги ичимлик суви тармоғи жўмраклари сувсизликдан қақраб занглаганига кўп йиллар бўлди. Бироқ шу пайтгача юзага келган муаммони ҳал этадиган, маҳалла аҳлининг дардини тинглайдиган мард топилмади.

— Ичимлик суви муаммоси бугун ёки кечаги гап эмас, — дейди меҳнат фахрийси, Қизлартепа кўчаси 88-хонадонда яшовчи Пирхон ота Худойбердиев. — Маҳалла фаоли сифатида ҳам, меҳнат фахрийси сифатида ҳам идорама-идора юравериб, чарчадим. Ўтган йили югуриб-елишлар натижасида ҳудудда артезиан қудуғи қазилди. Кўчаларимизга ичимлик суви тармоғи тортилганда бизнинг ҳам оҳимизни эшитадиганлар бор экан, деб қувонганимизни сўз билан таърифлаш қийин. Бу хайрли иш бошланди-ю, ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Кейин билсак, Жиззах шаҳар ҳокимлиги, Жиззах шаҳар «Сувоқова» давлат унитар корхонаси мутасаддилари қудуқ қазиб, сув чиқарган, кўчаларга сув тортган қурувчига бир чақа ҳам пул бермабди. Шу тариқа ишлар тўхтаб қолди.

Сув — ҳаёт манбаи, дея бежиз айтилмаган. Бу ҳақиқат айни ёз чилласида янада кучлироқ сезилади. Маҳалла аҳлининг югур-югуридан кейин Жиззах шаҳар «Сувоқова» давлат унитар корхонаси мутасаддилари маҳаллага сув ташиш трактори тиркамасини бириктирди. Аввалига кунора келиб турган сув ташувчи энди кўпдан бери қорасини кўрсатмайди. Унинг қаёққа ғойиб бўлгани ҳозирча ҳеч кимга маълум эмас.

Пирхон ота Худойбердиевнинг таъкидлашича, аҳолининг Жиззах шаҳар «Сувоқова» корхонасига қилаётган телефон қўнғироқлари самарасиз бўлмоқда. «Сувоқова» корхонаси мутасаддилари эса «Кутинглар, сув ташувчи бугун, албатта, сизларнинг маҳаллангизга боради»дан нари ўтишмаяпти.

Икки кунда сув келиши мумкин, аммо...

Маҳалла аҳли бир неча йилдан бери Жиззах шаҳар ҳокимлигига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилояти Халқ қабулхонасига юзага келган муаммо хусусидаги мурожаатлари натижасида ўтган 2018 йилда маҳалла ҳудудидаги илгаридан мавжуд бўлган сув минораси ёнидан янги артезиан қудуғи қазиб, сув чиқарилди. Бу иш «Пахтакор агро инвест» фирмаси зиммасига юклатилди. Фирма қурувчилари қисқа фурсатда артезиан қудиғи бунёд этишди. Қизлартепа, Қўштепа кўчаларига ичимлик суви тармоғи тортилди. Бироқ иш охирига етказилмади.

— «Сувоқова» давлат унитар корхонаси директори Зокир Мамарасуловнинг сўзларига ишониб иш бошлагандик, — дейди «Пахтакор агро инвест» фирмаси раҳбари Суюн Одилов. — Артезиан қудуғи қазилди. 2 та кўчага 600 метрли ичимлик суви тармоғи тортилди. Қисқа фурсатда 200 миллион сўмлик иш бажарилди. Насос ва бошқа зарурий қисмларни келтириб қўйганмиз. Бироқ амалга оширилган ишлар учун меҳнат ҳақи ҳанузгача тўлаб берилгани йўқ. Иш ҳақимиз тўланса, икки кунда маҳаллага сув бериш имконияти мавжуд. Пулимизни беришганда ўтган йили бу ишлар поёнига етказилиб, аҳоли сувсизликдан азият чекмаган бўларди. Меҳнатимизга ҳақ ололмай «Сувоқова» корхонаси мутасаддилари ортидан югуриб юрибмиз. Дардимизни кимга айтайлик?

Ушбу масала юзасидан «Сувоқова» давлат унитар корхонаси мутасаддиларига қилган мурожаатларимиз бесамар кетди. Уларни на иш жойидан, на телефон қилиб топишнинг иложи бўлмади. Ниҳоят, корхонанинг Жиззах шаҳар филиали бош муҳандиси Дилшод Зиёев билан боғландик.

— «Нурлиобод» маҳалласи аҳолисининг муаммоси тез орада ечилади, — дейди Дилшод Зиёев. — Ниҳоят, бу борадаги лойиҳа смета ҳужжатлари тасдиқланиб, республика бюджетидан маблағ ажратиладиган бўлди. Шу тариқа қурувчи бажарган ишлар қиймати ҳам тўлаб берилади. Артезиан қудуғини ишга тушириш жорий йилнинг 10 августига белгиланган. Ана шу хайрли иш амалга оширилгач, нафақат «Нурлиобод», балки қўшни Бобур номли ҳамда «Қалия» маҳаллалари аҳолисининг ҳам сув таъминоти яхшиланади.

Ҳар куни шу аҳвол

Маҳалла кўчаларини кезар эканмиз, жазирама иссиқда челаклаб сув ташиётганларга кўзимиз тушди. Уларнинг аксарияти хотин-қизлар, кўпчилиги мактаб ўқувчилари.

 — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоят Халқ қабулхонасига шу йилнинг 22 май куни қилган мурожаатимизда ички кўчаларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминоти, электр тармоқларини янгилаш масаласи кўтарилган эди. Бу муаммолар шаҳар ҳокими А.Шукуровнинг бир энлик хатида осонгина ечим топди, — дейди Қизлартепа кўчасининг 88-«а» уйида яшовчи Гулнора Мирзақулова.

Дарҳақиқат, шаҳар ҳокими А.Шукуров имзоси билан олинган жавоб хатида келтирилишича, «Қизлартепа кўчасида яшовчи Г.Мирзақулованинг Ўзбекистон Республикаси Халқ қабулхонаси орқали ички кўчаларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминоти масаласида қилган мурожаати Жиззах шаҳар ҳокимлигида шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ва «Сувоқова» ДУК шаҳар филиали бўлими мутахассислари билан биргаликда фуқаро иштирокида ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида «Нурлиобод» маҳалласи Қизлартепа кўчасини таъмирлаш ишлари шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳамда «Сувоқова» ДУК шаҳар филиали томонидан шаҳар ҳокимлиги билан келишилган ҳолда 2017-2021 йил йўл ишлари Истиқболли Манзилли дастурга киритилиши учун таклиф берилгани фуқаро Г.Мирзақуловага маълум қилинди», дейилган. Жавобдан маҳалла аҳли ва мурожаатчини билмадигу лекин биз қаноатланмадик. Бу ҳол чўкаётган одамнинг хасга ёпишганига ўхшаш манзара касб этган. Қолаверса, бу ердаги асосий муаммо — ичимлик суви таъминоти тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ.

Президентимиз «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деб турган бир пайтда «Мен сенга тегмайман, сен менга тегма» қабилида иш тутишнинг кимга кераги бор экан?

 

Бекпўлат ТОҒАЕВ тайёрлади.

 

 

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш