Эски дарднинг очиқ яраси ёки Андижондаги «буза-буз»лар қонуний олиб бориляптими?

Мажбурий «буза-буз»лар заҳмати халқимизни кўпдан қийнаб келмоқда. 2013 йилда бу оғир ташвиш, ҳамқишлоқларим гарданига ҳам тушган эди. Унинг жароҳати ҳанузгача битиб кетмади.

Воқеа бундай кечган эди. Ўша йили А-373- М-39 автойўлининг Андижон – Дўстлик йўналишидаги 450-475-рақамли объектида реконструкция ишлари бошлаб юборилди. Шу муносабат билан  Хўжаобод туманидаги «Шаҳрихонсой», «Фақирқишлоқ», «Ипакчи» ҳамда Бобур номли маҳаллаларга қарашли 666 та тураржой тўла ва қисман бузиб юборилди. Аввалига хусусий мулк эгаларига ҳеч қандай товон пули тўланмади. Бу ҳолат аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлгани туфайли «Андижон баҳолаш фаолияти» МЧЖнинг 2014 йилдаги баҳолаш якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси томонидан Андижон вилояти ҳокимлигининг махсус ҳисоб рақамига  6 миллиард 750 миллион 440 минг 471 сўм ўтказиб берилди. Аслида эса товон пули 15 миллиард 828 миллион 508 минг 208 сўмни  ташкил этган эди.

 Табиийки, бундай ечим фуқароларни қониқтирмади. Улар ўзларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида турли маҳкамаларга, ҳуқуқ-тартибот органларига тинимсиз мурожаат қила бошладилар. Ниҳоят, Хўжаобод туманидаги «Фақирқишлоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳасанбой Мўминов ва бошқаларнинг Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси,  Автомобиль йўллари Давлат қўмитасининг умумий фойдаланишдаги йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси ҳамда Хўжаобод тумани ҳокимлигига нисбатан «Бузишга тушган ҳовли-жой компенсация пулини ундириш ҳақида»ги даъвоси бўйича 1-4141 сонли фуқаролик иши 2018 йилнинг 22 май куни кўриб чиқилди.

Хўжаобод  туманлараро суд ҳайъати жавобгар ва даъвогарлар томонидан келтирилган ҳужжатлар, важлар, иқтибослар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланиб, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг топталган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш мақсадида даъвогарлар фойдасига ажрим чиқарди.

Дўқ-пўписа, қўрқитиш замони ўтдими?

Шу ўринда яна бир ҳолатни ёритиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик. Ҳали-ҳанузгача кишини ўйлантирадиган воқеа шундан иборатки, ўша кезлари аксарият фуқаролар ҳовли-жойларининг давлат кадастр ҳужжатлари йўқ эди.

Ёппасига бузиш ишлари бошланиши билан Хўжаобод тумани «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати» томонидан бузилган бино иншоотлари ўлчамлари, чизмалари асосида тегишли кадастр ҳужжатлари тайёрланди.

Бу яхши, албатта. Лекин тайёрланган ҳужжатларга мулк эгаларининг имзо чекиш жараёни негадир тунда олиб борилди. Боз устига, ушбу кадастр ҳужжатлари икки нусхада тайёрланиб,  улардаги хисоб-китоблар фуқароларга етарли тушунтирилмагани одамларда шубҳа уйғотди.

 Аммо бу борадаги мурожаатлар ҳам сувга отилган тош каби изсиз, жавобсиз қолди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ўша кезлари маъмурлар фуқаролар фикр-мулоҳазалари билан ҳисоблашмай қўйганлиги, ҳар қандай вазифа ижроси зўравонлик, дўқ-пўписа ва қўрқитиш йўли билан амалга оширилганлиги, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари қўпол равишда поймол этилганлиги, адолат ва ҳақиқат талаб қилган шахс бошига мушкул савдолар солинишининг ҳаётий исботидир.

 Афсусланарли жиҳати шундаки, бошқарувнинг бундай номақбул услуби яқин-яқинларга қадар давом этганлиги, шахсий мулк ва мулкдорларнинг ҳуқуқи амалда ҳимоясиз бўлганлиги, бунинг натижасида кишиларда ташаббускорлик, бунёдкорлик ва янгидан-янги инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этиш иштиёқи бутунлай сўнишига олиб келганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Иморатни тезда тиклаймиз деб ўйлаган эдик...

Хўжаобод туманлараро судининг ҳал қилув қарори яшаб турган уй-жойидан ажралган ёки маълум қисми фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келган мулк соҳибларида яна давлатимизнинг одил ва инсонпарвар сиёсатига, қонун кучига, хусусий мулк дахлсизлигига нисбатан ишончини оширган эди. Аммо уларнинг қувончи узоққа  бормади. Яхшиси, бу ҳақда даъвогарлардан бири – «Шаҳрихонсой» маҳалласида яшовчи Комилжон Абдурасуловнинг фикрларига қулоқ тутайлик:

–  Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг даъвогарлар манфаатларини ўйлаб чиқарган ажримидан сўнг қанчалар севинганимизни сўз билан ифодалаш қийин. Чунки товон пулининг тўланмай қолган қисми қўлимизга тегиши билан чала қурилган иморатларимизни тиклаб, теварак-атрофни ободонлаштириш учун имконият туғилади, деб ўйлаган эдик. Аммо Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилояти суди қуйи инстанцияси қарорини бекор қилиб юборди. Тасаввур қилинг, ўтган йилнинг айни жазирама иссиқ кунлари 181 нафар даъвогарни сарсон қилиб, ҳали вилоят, ҳали туман марказига чақиришди. Энг таъсирли жойи судья Фахриддин Ҳайдаровнинг бизни менсимасдан қилган муомаласи бўлди. Майли, уйимиз бузилган кундан бошлаб бундай нописандликларга, кибру ҳаво ва дағдағаларга ҳам қўникдик. Бироқ энг алам қиладигани хали-ҳанузга қадар бу масаланинг ечими топилмаётганидир.

Ўзимни қўя турайлик, қўшнимнинг тўрт хонали тураржойи бутунлай бузиб ташланди. Унга аввал 11 миллион, сўнгра 16 миллион сўм маблағ ажратилди. Бу пулга омборхона ҳам битмайди-ку...

Бузилган уйларни баҳолаш мезонлари нимага асосланади?

Адолат юзасидан шуни таъкидлаш керакки, Андижон вилояти прокуратурасининг саъй-ҳаракатлари билан орадан тўрт йил ўтиб, «Шаҳрихонсой» МФЙда яшовчи уйи бузилган шахсларга 6 сотихдан ер майдони ажратилишига эришилди. Аммо бузилган уйларнинг бозор эмас, кадастр баҳоси ҳам тўла қоплангани йўқ... Бундай алдов, риёкорлик, зулм ва менсимаслик туфайли ижтимоий тармоқларда турли шов-шувли хабарлар, мақолалар тарқалмокда. Бу, ўз навбатида, Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламдаги эзгулик, инсонпарварлик, меҳр-мурувват ва халққа ғамхўрлик сиёсати туфайли эришилаётган муваффақиятларга соя солмоқда.

 Давлатимиз раҳбари  2019 йилнинг 2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида халқнинг дилидаги мана шу оғриқларни рўйи-рост ифодалади:

«Бундай зўравонлик сиёсати  билан биз узоққа боролмаймиз, – деди Президент. – Агар шу йўл ўзини оқлаганида 30 йилда зўр бўлиб кетган бўлар эдик».

Рости ҳам шу. Ана шу таҳдидли сиёсат туфайли одамларда нафақат эртанги кунга ишонч, айни чоғда ўзларининг шахсий бизнесини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш, хориждан ҳамкорлар қидиришга қизиқиш ҳам сўниб бораётган эди. Тан олмоқ жоиз, кейинги йилларда фуқароларнинг  қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида жиддий ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ўйлаймизки, ушбу масалада хўжа­ободликларнинг ҳам  ҳақли талаби инобатга олиниб, эски «снос»ларга белгиланган нарх-наво бугунги талабга кўра  бозор баҳосида қайта кўрилади ва шу билан яна бир ижтимоий адолат қарор топади.

Дарвоқе:

Жорий йилда Андижон вилоятида шаҳарсозлик қиёфасини тубдан такомиллаштириш мақсадида 3154 та иншоот (шундан 2436 таси тураржой) бузилиши режалаштирилган эди. Ҳозирга қадар 1046 та (698 таси тураржой) объект бузилди. Мулк эгаларига 2 млрд. 632 миллион сўм товон пули тўланди.

Абдумуталиб АБДУЛЛАЕВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш