Сирдарё вилояти — улкан ўзгаришлар, юксалишлар оғушида

Ўтган асрда «одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куяди» дея таърифланадиган, бийдай чўлдан иборат бўлган Сирдарё вилоятини ота-боболаримиз яхши ниятларда ўзлаштирган бўлсалар-да, етарлича эътибор ва маблағ ажратилмаганидан бу жой республикадаги энг қолоқ ҳудудлигича қолиб кетди. Асосан, аграр соҳага йўналтирилгани боис вилоятда саноат соҳаси ривожланмади, иш ўринлари яратилмади. Ҳатто бутун вилоятда кўзга кўринарли муҳташам бинолар йўқлиги, чанг ва тупроқли кўчалар, пастқам уй-жойлар, коммунал хизматларга ёлчимаган ва абгор кўринишга келган кўп қаватли уйлар боис Сирдарё томонларга боришга ҳеч кимда ҳафсала бўлмади. Яқин ўтган йилларда эса Гулистон том маънода гўзаллашмоқда. Вилоятнинг ички имкониятлари, иқтисодий салоҳияти ортиб, кўплаб хорижий сармоядорлар ҳудудга фаол инвестициялар жалб қилишмоқда. Ўзгараётган Сирдарё бугун кўпчиликнинг эътиборини тортиб улгурди.

— Илгари вилоятимиз чўлга қиёсланарди, бугун эса, аксинча, обод масканга айланмоқда, — дейди Сирдарё вилояти ҳокими Ғафуржон МИРЗАЕВ журналистлар билан учрашувда. — «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Обод марказ» дастурлари бунда муҳим ўрин тутаётир. Яна икки йилдан кейин ҳудудимиз бутунлай ўзгача чирой очади. Биз инвестиция киритиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича жиддий ишлаяпмиз. Бундан 2-3 йил илгари 8 та туман дотацияда эди. Бугун ишни тўғри ташкил қилганимиз учун вазият тубдан ўзгарди, яъни биргина ўтган йили давлат бюджетига 3 млрд. сўмга яқин маблағ туширдик. Бу йил ЯИМни 1,5 трлн.га етказишни кўзлаб турибмиз. Қолаверса, йил якунига қадар 178 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритмоқчимиз. Бу борадаги режа дастлабки олти ойда қарийб 60 фоизга бажарилди. Айни ҳаракатлар вилоятнинг 850 мингдан ортиқ аҳолиси фаровонлиги учун муҳимдир.

Дарҳақиқат, делегация аъзолари вилоятдаги ана шундай ислоҳот одимлари, ўзгариш ва эврилишлар, асосан, Президентимизнинг 5 та ташаббуси ижросининг Сирдарё намунаси, илғор тажрибаларини ўз кўзлари билан кўришга муваффақ бўлдилар.

Бежирим шиша идишлар хомашёси қаердан келтирилмоқда?

Журналистлар медиа-тур доирасида дастлаб Сирдарё туманидаги «Сирдарё Универсал Ойна» МЧЖ  корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишди. Корхонада фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун шиша идишлар ишлаб чиқарилади. Гуриллаб ёниб турган олов тафтида турфа хил шаклда шиша идиш тайёрлаш техникасини ўзлаштирган ёшлар меҳнат қилаётир. Ушбу корхона қисқа муддатда вилоятдаги йирик экспортёрлардан бирига айланди. Бежирим идишлар ишлаб чиқаришда юз фоиз маҳаллий хомашёдан фойдаланилаётгани манфаатдорликни кучайтираётир: йиллик ҳажми 102 млн. сўмга тенг. Экспорт шартномаси эса 200,0 минг АҚШ долларини ташкил этади.

«Peng Sheng» — икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаётир

Сирдарё туманида жойлашган 60 дан зиёд маҳсулот турлари ишлаб чиқариладиган «Peng Sheng» Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси вилоятда ишлаб чиқариш ҳажми катталиги билан алоҳида ўринга эга. Корхона ҳудудида сўлим боғ, ўзбек ва хитой болалари аҳил-иноқликда тарбияланаётган мактабгача таълим муассасаси бор. Ушбу масканда таълим-тарбия жараёнлари ўзбек, рус, инглиз ва хитой тилларида олиб борилади. Кафел ишлаб чиқаришга мўлжалланган цех, иссиқхоналар ташкил этилган. Пештоқига «Peng Sheng» кўргазма савдо уйи» деб ёзилган бинода қўшма корхонада ишлаб чиқиладиган деярли барча маҳсулот турларидан намуналар намойиш этилган. Савдо маркази, банк шохобчаси каби қатор хизмат кўрсатиш нуқталаридан иборат ушбу кенг ва баҳаво манзил кичик шаҳарчага менгзайди.

«Ақлли эшиклар» учун калит шартмас

Наҳотки?! Ҳа, худди шундай. Бу ҳақда журналистлар медиа-тур давомида билиб олишди. «Peng-sheng» Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасида янги инновация — эшик қулфларининг янги модели яратилди. Айни пайтда бу ерда қулфнинг бир нечта турлари ишлаб чиқилган. Қизиғи шундаки, ушбу технология сенсорли, у уй эгаси ва унинг аъзоларини қўл бармоғи изларидан «танийди» ва шундан сўнггина очилади. Бегоналар учун эса эшик мутлақо ёпиқ. Мутахассисларнинг айтишича, янги қулфлар дастлаб эксперимент тарзида ишлаб чиқарилади. Бунинг учун хонадонда яшовчиларнинг бармоқ излари «эшик хотираси»га киритилади. Бундан ташқари, медиа-тур давомида журналистлар тери маҳсулотлари, гидропоника ва бошқа ишлаб чиқариш объектлари фаолияти билан танишдилар.

Пойтахтдаги мажмуадан қолишмас экан...

Делегация аъзолари йўл-йўлакай Сирдарё туманидаги таассуротлари билан ўртоқлашиб, Сайхунобод тумани Сайхун шаҳарчасидаги «Sayxun planet» савдо марказига ташриф буюришди. Улар бу ердаги аҳоли учун яратилган имкониятлар билан танишдилар.

«Sayxun planet» савдо марказида яратилган шарт-шароитлар пойтахтимиздаги кўнгилочар мажмуалардан асло қолишмайди. ОАВ вакиллари бир овоздан шундай хулосага келишди. Салқин ва шинам бино, замонавий аттракционлар болаларга завқ бағишлаяпти. 28 та янги ишчи ўрнига эга мажмуа дам олиш кунларисиз эл хизматида.

«Ховос сити»га бориб кўрганмисиз?

«Xovos city» — Ховос туманидаги 42 гектарли ерда бунёд бўлмоқда. Ушбу лойиҳада, асосан, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, Давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, тураржойлар, мактаблар, истироҳат боғи, Хотира майдони, кутубхона, китоб дўкони, кинотеатр, деҳқон бозори, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, вилоятда ташкил этиладиган 32 та тикувчилик ва тўқимачилик корхоналарининг иккитаси айнан шу ҳудудда қад ростлайди. Айни кунларда янги марказда 30 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Шундан 20 таси Ховосда илк бор қад ростлаётган 5 қаватли уйлардир. Уларда икки ва уч хонали 760 та хонадон бўлиб, шундан 600 таси арзон уй-жойлар экани вилоят аҳлининг эҳтиёжини қоплашга хизмат қилади.

Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари Отабек Данабоевнинг айтишича, шу кунгача эски Ховос шаҳарчасида 78 та кўп қаватли уй таъмирланиб, чор-атрофда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. 100 та объектнинг архитектуравий қиёфасини ўзгартириш, янгилаш ишлари бошлаб юборилган. 46 километрли туман марказий кўчалари, янги қурилаётган кўп қаватли уйларга кириш, ички йўлаклар ва кўчаларни таъмирлаш, асфальтлаш ишлари давом этмоқда. 

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида

Журналистлар нигоҳидаги сўнгги манзил Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби бўлди. 150 ўринга мўлжалланган ушбу мактабга қабул жараёнлари бошлаб юборилган. Республикамизда ягона ижод мактаби сифатида бунёд этилаётган ушбу мажмуа ёшларимизнинг адабиёт борасида билимларини ошириш, иқтидорли қаламкашларни улғайтиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз 2019 йил 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Ҳалима Худойбердиева ижод мактабини ташкил этиш таклифини илгари сурганди. Бу таклиф бир овоздан қўллаб-қувватланиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 18 май куни «Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида»ги қарор чиқарилди. 2019 йил 13 март куни эса, Гулистон шаҳрида 150 ўринга мўлжалланган зиё маскани — Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанига ихтисослаштирилган мактаб-интернатини барпо этиш учун тамал тоши қўйилди. Қисқа фурсатда қурилиш ишлари бошланди. Бу мактаб билан алоқадар яна бир янгилик — ушбу муассасага Сирдарёнинг яна бир жонкуяр фарзанди, таниқли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муҳаммад Исмоил раҳбар этиб тайинлангани вилоят аҳлини яна шодлантирди.

Делегация аъзолари ушбу ижод даргоҳи билан танишдилар. Шундан сўнг Гулистон шаҳрида «O‘qituvchi» бренди остида ишга туширилган замонавий китоб дўконига ташриф буюришди. 10 минг нусхадан зиёд китоб фонди ва кафесига эга замонавий Book Cafеда китобсевар ижодкорлар нодир адабиётлар билан танишди.

 Шунинг билан Сирдарё вилоятига ташкил этилган бир кунлик медиа-тур якунига етди. Тадбир таассуроти эса марказий нашрларимиздаги кўплаб мақолаларга ғоя бериши, унинг акс садоси китобхонлар завқини ошириши тайин.

Юлдуз ҲОЖИЕВА

«Маhаllа»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш