«Толариқ»даги машмашаларнинг охири борми?

«Ассалому алайкум, «Маhalla» газетаси ижодкорлари! Сизларга бир муаммоли масала юзасидан мактуб йўлламоқдамиз. Шу десангиз, сўнгги вақтлар биз яшаётган Тошкент шаҳар Миробод тумани «Толариқ» маҳалласида хунук воқеалар содир бўлмоқда. Мана, янги маҳалла раисини сайлаганимизга ҳам 3 ойдан ошди. Афсуски, шундан кейин ҳудудда яшовчи одамлар орасида парокандалик бошланди. Чунки раис ўз атрофига масъулиятсиз, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашни билмайдиган бир гуруҳ яқин инсонларини йиғиб, «ўзи хон, кўланкаси майдон» қабилида иш тутмоқда. Қолаверса, сайлов ҳам адолатли ўтганига ишонмаймиз. Шу сабабли сизлардан илтимос, ушбу мурожаатимизни атрофлича ўрганиб, бизга ёрдам берсангиз...»

«Газетага ҳам ёзишибди-да!»

Фуқаролар — Отахон Сапаров, Жамол Шарапов ҳамда Ира Данкутян номидан келган мактубда кўтарилган масалаларни атрофлича ўрганиш мақсадида «Толариқ» маҳалласида бўлдик. Фуқаролар йиғини биносига кириб борганимизда 5-6 нафар фуқаро раис билан учрашиш учун унинг хонаси олдида навбат кутиб турган экан. Чамаси ярим соатлардан сўнг, қабулни якунлаган раис бизни ичкарига таклиф этди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, унга газетадан эканимизни, маҳаллада яшовчи фуқаролар номидан шикоят хати тушганини айтдик. Раис эса хат муаллифларини таниди чоғи, «Ниҳоят, газетага ҳам ёзишибди-да» дея мийиғида кулиб қўйди. Гап нимада эканини билмай, уларнинг сўзларига қулоқ тутдик.

— Маҳалламизда 3811 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Толариқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерали Тошев. — Бундан уч ой аввал фуқаролар йиғини раиси сайлови очиқлик, ошкоралик, муқобиллик ҳамда адолат тамойиллари асосида ўтди. Якунда 136 та овоз билан раисликка сайландим. Аммо ўтган қисқа вақт ичида бошимга тушган ташвишлар, асоссиз бўҳтонлар, туҳматларни айтсам, ишонмайсиз. Негадир маҳалламизда айрим кекса ёшли фуқаролар ҳалигача раис бўлиб сайланганимни қабул қила олмайди. Бугунга қадар бир неча бор асоссиз важлар билан юқори ташкилотларга устимдан шикоят хатлари юборди. Бунга эса турли сабаблар бор.

Янги раис бўлиб сайланган вақтлар хонамда йиғиннинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис Зуҳра Ҳакимова ҳам фаолият юритарди. Аслида маҳалла раиси фаолият юзасидан кўпроқ масъул котиб билан ишлайди. Шуларни ўйлаб, Зуҳра опага бор вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Улар учун қўшни хонани таъмирлаб беришимни, бу ерда эса котибнинг ишлаши фаолиятимиз самарадорлигига хизмат қилишини айтдим. Тўғриси, бундай йўл тутишимга яна бир сабаб бор эди. Биласиз, ҳар куни маҳалла раиси олдига фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида келади. Уларнинг орасида кўпчилиги мурожаати сир бўлиб қолишини истайди. Аммо қисқа фаолиятим давомида бундай мурожаат тафсилотлари бир неча бор бутун маҳаллага ёйилиб кетди. Шундан сўнг, энг аввало, ўзимга эҳтиёт бўлишга қарор қилдим. Бу эса мутахассис Зуҳра Ҳакимова ва унинг турмуш ўртоғи Отахон Сапаровга ёқмади. Ҳамма келишмовчиликлар ана шундан кейин бошланди. Ҳатто, бир гал Отахон ака йўлимни тўсиб, менга қўл кўтаришгача борди. Ўзингиз ўйланг, ёши улуғ, маҳалла аҳлига ўрнак бўладиган инсонни бундай номақбул ишлар қилиб юриши тўғрими? Яна сизларга устимдан шикоят хати ёзганини қаранг!

Сайлов адолатсиз ўтган...(ми?)

Раиснинг фикрларини тинглагач, хатда номи келтирилган фуқаро Ира Данкутяннинг сўзларига ҳам қулоқ тутдик.

— Маҳалла сайлови адолатсиз ўтган, — дейди Ира Данкутян. — Сайловдан аввал бир неча бор ҳокимиятга бориб, «муҳим сиёсий тадбир олдидан маҳаллада нега аҳоли билан учрашувлар, йиғилишлар ўтказмаяпсизлар» дея мутасаддиларга шикоят қилганмиз. Ўша вақтда 33- ва 35-уйда яшовчилар ўзларининг 10 нафар ишончли вакили билан мажлис ўтказган. Сайловнинг саноқ комиссиясига маҳаллада доимий рўйхатда турмайдиган одамлар киритилган. Улар эса янги сайланган раиснинг яқинлари бўлган.

Ира Данкутянга «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 29-моддасида белгиланганидек, сайлов натижалари бўйича судга шикоят қилиши мумкинлигини айтганимизда, «Бугунга қадар бирор жойда муаммоларимизга ижобий ечим топилгани йўқ» деди. Шунингдек, маҳалланинг кекса фуқароси Жамол Шарапов ҳам янги раиснинг эгаллаб турган лавозимига муносиб эмаслиги, у маҳаллада яқиндан бошлаб яшаётганлиги, олий маълумоти йўқлигини таъкидлади. Сайлов саноқ комиссияси раиси Мая Умарова эса сайловда сохта бюллетенлар бўлганини айтди.

Саноқ комиссиясини ким сайлаган?

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори низомига мурожаат қиламиз. Ушбу ҳужжатнинг 3-бандида «Фуқаролар йиғинида ўн саккиз ёшга тўлган ва тегишли ҳудудда доимий яшаётган шахслар қатнашади» дея белгилаб қўйилган. Бундан кўринадики, саноқ комиссияси таркибига маҳаллада доимий рўйхатда турмаган шахсларнинг киритилганлиги ноқонуний. Аммо ҳолат аслида қандай бўлган?!

— «Толариқ» маҳалласи раиси сайловида 3 нафар — Дариқа Қўшбоева, Низомиддин Раҳимов ҳамда Мая Умарова кўпчиликнинг розилиги билан саноқ комиссияси аъзолари бўлган, — дейди сайлов комиссияси раиси, ҳудуддаги 125-умумтаълим мактаби директори Нилуфар Ҳожиматова. — Номзодларни сайлашда фуқароларга ҳеч ким таъсир ўтказмаган. Аъзолар орасидан Мая Умарова саноқ комиссияси раиси этиб сайланган. Комиссия аъзоларининг барчаси пойтахтда доимий рўйхатда туради. Уларнинг ҳужжатларини текширишингиз ҳам мумкин. Қолаверса, комиссия раиси сифатида шуни айтаманки, сайловда ҳеч қандай сохта бюллетенлар бўлмаган. Отахон Сапаров билан сайловдан чамаси 5-10 кун олдин суҳбатлашганимда ўтаётган сиёсий тадбир ва номзодлар ҳақида мутлақо салбий фикр билдирмаган. Қолаверса, улар жорий йил 2 июлда маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши аъзоларини сайлашда ҳам фаол иштирок этган. Орадан маълум вақт ўтиб, уларнинг сайлов ва раис тўғрисида фикрлари ўзгариб қолгани қизиқ!

«Баъзилар янги раиснинг ишлашига имкон бермаяпти»

Яна бир гап. «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 17-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига кўрсатилган номзод Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, қоида тариқасида олий маълумотли, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаган, тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибаси ҳамда ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши кераклиги айтиб ўтилган. Бундан кўринадики, маҳалла ҳудудида 5 йилдан буён доимий яшаётган, ўрта-махсус маълумотга ва тадбиркорлик лаёқатига эга бўлган янги раиснинг шахсий ҳужжатларида қонун бузилиш ҳолатлари йўқ. Қолаверса, шу куни маҳалла аҳли билан суҳбатлашганимизда кўпчилик фуқаролар раис ҳақида анчайин илиқ фикр билдирди.

— Шерали Тошев бир неча йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланади, маҳаллада муносиб обрў-эътиборга эга, — дейди «Толариқ» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Бахтиёр Йўлдошев. — Аммо негадир ҳудудда яшовчи айрим кексалар янги раиснинг ишлашига сира имкон бермаяпти. Қизиғи, бутун маҳалла аҳли бир томон, шикоят йўллаганлар эса бир томон. Истасангиз, бошқалардан ҳам раис тўғрисида сўрашингиз мумкин, ҳеч ким салбий фикр билдирмайди. Ахир иш бошлаганига эндигина уч ой бўлган одамга ўзини кўрсатиш учун шароит, имконият яратиб бериш керак эмасми? Ваҳоланки, Ш.Тошевнинг боши ғавғодан чиқмаяпти. Шунга қарамай, уларнинг саъй-ҳаракати билан маҳалламизнинг кираверишига янги дарвоза, ҳудудимизда автомобиллар учун тураргоҳ қурилмоқда. Гап келганда айтай, сизларга шикоят хати йўллаган Жамол Шарапов маҳаллага тегишли бўлган ва кексалар ҳордиқ чиқарадиган чойхона калитини қачондан бери ҳеч кимга бермайди. Эмишки, улар бу масканнинг қурилишида иштирок этган. Раис, қолаверса, маҳалла аҳли бир неча бор ундан калитни беришини сўради, лекин фойдаси бўлмади. Оқибатда ёзнинг жазирама кунларида кексалар сарсон бўлмоқда.

Шароит ва имконият бор, аммо...

Бугун мамлакатимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар, янгиланишлар кузатилмоқда. Бунга эса барчамиз бирдек гувоҳмиз. Айниқса, изчил ислоҳотларнинг ҳозирги шиддатли босқичида маҳаллаларни янада қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш, уни аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш муҳим вазифа, керак бўлса, давр талабига айланди. Натижада маҳаллаларнинг жамиятдаги обрў-нуфузи ортиб, халқ билан давлат ўртасидаги кўприкка, одамларнинг қувончу ташвишлари, муаммоларига ечим топадиган, дардини, таклифини айтадиган, ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган ажойиб масканга айланди.

Аммо тан олиш лозим, тизимда ҳали ҳам қилиниши лозим бўлган ишлар, муаммолар талайгина. Жумладан, фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда мурожаат маданиятини юксалтириш лозим. Эътибор берсак, кейинги пайтларда маҳаллаларда бўлаётган турли низолар ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги оқибатида юз бермоқда. Бу эса жамиятда носоғлом муҳит пайдо бўлишига, одамлар ўртасида турли тушунмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Ушбу муаммоли масалага туман мутасаддилари, тегишли ташкилот вакиллари жиддий эътибор қаратиб, унинг ижобий ечим топишига, низога барҳам берилишига яқиндан кўмаклашишади, деган умиддамиз.

Саъдулло ТУРСУНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш