Хайру саховат, меҳр-мурувват айёми

Яратганга шукрки, яна икки кундан сўнг мамлакатимизда Қурбон ҳайити катта байрам қилинади. Бу байрамларда биз мусулмонлар учун жуда кўп яхшилик ва баракалар мужассам. Ҳозирги ойимиз муборак зулҳижжа ойи бўлиб, у савобли амаллар мавсуми ҳисобланади. Шундай экан, бу фазилатли кунларни ғанимат билиб, кўпроқ хайрли ишларда мусобақа қилмоғимиз даркор.

Юртимизда эзгу бир анъана шаклланган. Бу дунё тажрибасида кам учрайди. У ҳам бўлса, ҳар иккала ҳайит – Рамазон ва Қурбон байрамлари арафасида мамлакатимиз Президентининг айёмни кўтаринки руҳда нишонлаш бўйича махсус қарори қабул қилинади. Жорий йил 3 август куни «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қурбон ҳайити қандай байрам?

Аслида, Қурбон ҳайити қандай байрам? Бу кунда қандай ишларни бажариш мақсадга мувофиқ бўлади? Шу ва шунга ўхшаш саволлар, табиийки, барча мўмин-мусулмонларни қизиқтиради.

Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва умуман, байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Бу кунда гина-кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш лозим. Аммо гуруҳ-гуруҳ бўлиб уч кунлаб фотиҳахонлик қилиш, байрамни мотамга айлантириш ўрнига уни хурсандчилик ва шодиёна билан ўтказайлик!

Қандай амалларни бажармоқ лозим?

Бундай улуғ байрамларга хурсандчилик ярашади. Чунки Аллоҳ таоло: «Айтинг: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар!», дейди. (Юнус сураси, 58-оят). Истиқлол неъмати ва Қурбон ҳайити байрамлари Аллоҳнинг биз бандаларга берган катта марҳамати ва фазлидир. Бу кунларда ҳаммамиз шод, яхши кайфиятда бўлишимиз керак. Айниқса, йўқловчиси йўқ, муҳтож инсонларни хурсанд қилишга кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим. Кишининг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, атрофдагиларга табассум билан қараши ва уларнинг қалбига сурур бағишловчи сўзларни айтиши энг маҳбуб амаллардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада: «Мўмин(қалби)га хурсандчилик солиб, устига кийим беришинг, қорнини тўйғазишинг ва ҳожатини раво қилишинг энг афзал амалдир», деганлар. (Табароний ривоят қилган). Ҳадиси шарифга мувофиқ, кимда-ким аразлашиб, уришиб қолган бўлса, мана бу кунларнинг ҳурматидан адоватни бир четга қўйиб, ярашиб, муросага келишлари лозим.

Ҳадя улашинг!

Юқорида ҳайит кунларини хурчандчиликда ўтказиш ҳақида сўз юритилди. Хурсандчиликка сабаб бўладиган амаллардан бири ўзаро ҳадялашишдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳадялашинг, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар». (Имом Бухорий «Адаб»да ривоят қилган). Бошқа ҳадисда: «Ҳадялашинг! Чунки у қалбдаги ғилли-ғашни кетказади», деганлар (Термизий ривоят қилган). Демак, ҳадялашиш инсонлар ўртасига меҳр-муҳаббат солиб, гина-кудуратларни кетказишга кўмак берар экан.

Заифларга кенгчилик яратиб беринг

Бу ерда заифлардан мурод қариялар, аёллар ва ёш гўдаклар. Уларга ҳам ҳайит кунлари эътиборни кучайтиришимиз, кенгчиликлар яратиб, дилларини хушнуд этмоғимиз лозим. Бу синфга қанча яхшилик қилганимиз сари, Аллоҳ таоло яна яхшилик ва ризқларимизни зиёда қилади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, заифларингиз сабабли сизларга ёрдам ва ризқ берилади», деганлар. (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Байрам – боланики. Ҳайит кунлари болаларга турли ҳадялар, ҳайитликлар бериб, уларни ҳам хурсанд қилишимиз керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳуларни ҳайит кунлари хурсанд қилганлари ва улар билан бирга ўйнаганликлари ҳақида жуда кўп ривоятлар бор. Жумладан, Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади. Ул зот: «Мен Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳуларни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг елкаларида (опичлаган ҳолда) кўрдим. Бас, айтдимки: «Тагингиздаги от қандай ҳам яхши!» Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иккиси қандай яхши чавандоздир», дедилар (Абу Яъло ривоят қилган).

Беморлар ҳолидан хабар олинг

Шу кунларда меҳрга муҳтож, бир оғиз ширин сўзга ташна бемор инсонларнинг ҳолидан хабар олиб, зиёрат қилиш ҳам катта савобли амаллардан. Ҳадисларда: «Бир мусулмон мусулмон биродарини зиёрат қилса, то қайтгунига қадар жаннат боғида бўлади», дейилган (Имом Муслим ривоят қилган).

Силаи раҳмда бўлиш керак

Ҳайит кунлари қариндошчилик алоқаларини мустаҳкам қилиб, борди-келдиларни йўлга қўйишимиз керак. Кейинги пайтларда қариндошчилик алоқалари бироз сустлашгандек туйилмоқда.

Силаи раҳмни, аввало, ота-онадан бошлашимиз керак. Айниқса, узоқ қариндошларни зиёрат қилиб, ҳол сўрашимиз лозим. Зеро, силаи раҳм инсонни умри ва ризқига барака киргизадиган амаллардан ҳисобланади. «Ким ризқи кенг, умри узоқ бўлишини яхши кўрса, силаи раҳмда бўлсин», – дедилар. (Муттафақуналайҳ).

Яна бир айём барчамизга муборак бўлсин.

 

Раҳматуллоҳ САЙФИДДИНОВ,

Тошкент шаҳридаги

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш