Наманганда яна бир «Обод марказ» тақдим этилди

Наманган вилояти Норин туманида «Обод марказ» дастури асосида бошланган бунёдкорликлар ниҳоясига етди.

Туман маркази Ҳаққулобод шаҳарчасида 2 та маданият ва истироҳат боғи, 7 та йўл, 10 та кўп қаватли тураржой биноси, 12 та савдо ва маиший хизмат шохобчаси, 2 та саноат корхонаси, 7 та ижтимоий муассаса ва бошқа 16 та объектда реконструкция, қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

— Энг асосийси, дастур шарофати билан марказда жойлашган тўртта маҳалла фуқаролар йиғинида инфратузилмавий муаммоларига барҳам берилди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Муҳаммадйўлдош Тўраев. — Хусусан, узоқ йиллардан бери абгор ҳолда ётган йўллар қайта бунёд этилди. Ҳаққулободнинг энг эътиборли жойида 2 миллиард сўм маблағ сарфланиб барпо этилган Хотира хиёбонида она Ватан ҳимояси учун азиз жонини фидо қилган юртдошларимиз руҳига абадий эҳтиром сифатида Мотамсаро она ёдгорлиги ўрнатилди. Қолаверса, туман Бандликка кўмаклашиш маркази, Давлат хизматлари агентлиги, мактабгача таълим муассасаси, амфитеатр ва Ҳаққул ота мақбараси ҳамда тадбиркорлар томонидан кўплаб савдо, маиший хизмат ҳамда ишлаб чиқариш объектлари қурилиб, ишга туширилди.

«Обод марказ» Дастури асосида барпо этилган объектларни фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали маросим янги қурилган амфитеатр ва марказий ўйингоҳда бўлди. Туман маданият уйи санъаткорлари, Наманган санъат коллежи талабалари ҳамда пойтахтдан таклиф этилган таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури барчага янада кўтаринкилик бағишлади.

И.РАҲМАТОВ тайёрлади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш