Мактабда дарс соатлари сотиладими?

Одамлар пул берса, адолат, ҳалоллик ҳақида гапириб қолади. лекин иш излаётган пайтда қўшимча «даромади» борми, деб сўрашдан уялмайди...

Инсоннинг илк қаҳрамони ўқитувчиси бўлади. Чунки ўқувчи устозлар сиймосида барча жумбоқларнинг калитини биладиган билимдон ва ҳулқи билан ҳаммага ўрнак бўладиган комил инсонни кўради. Лекин у бунга муносиб бўлмаса, ўқитувчи деган шарафни оқлай олмаса-чи?! Афсуски, таълим тизимида ана шундай ўқитувчилар ҳам йўқ эмас.

Ўқувчилар билмасин!

Маълумотларга кўра, Навоий шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби директори ўқитувчига 4 соат дарс қўшиб бериш ва уни асосий ўқитувчи сифатида ишга қабул қилиш эвазига 1 миллион сўм пора талаб қилади. Келишилган пулнинг 600 минг сўмини хизмат хонасида олаётган вақтда эса ашёвий далил билан ушланади. Афсуски, бу ягона ҳолат эмас. Жумладан, жорий йилнинг 27 июнь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида шаҳардаги 8-умумтаълим мактаби директори фуқарони 0,5 ставкада кутубхоначи ва 0,2 ставкада лаборант вазифасига ишга олиш эвазига ундан 200 АҚШ доллари талаб қилган.

Энди ўйлаб кўринг, ана шундай кимсалар директорлик қилаётган мактабларда таълим-тарбия қай аҳволда бўлади? Бундай ҳолатлар ўқувчилар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмайдими?

— Ўқувчилар ўрнак оладиган инсонларнинг бундай қилмиши бола психологиясида қарама-қарши фикрларни келтириб чиқаради, — дейди юрист Хуршид Равшанов. — Ўқувчи кимга ишониш ёки ишонмасликни аниқлай олмай қолади. Қолаверса, халқимиз орасида бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида тушунтириш ишларини олиб боришимиз, Жиноят кодексининг 210-моддасида давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, пора олиши энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини ҳам эслатиб ўтиш даркор.

Эплаб еса, ҳалоли бўлсин-ми?!

Мақолани ёзишдан аввал таниш-билишлардан фикр сўрадик. Улар сафида мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиганлар ҳам, бозорда савдо қиладиганлар ҳам бор эди. Улардан таъмагир мактаб директори ҳақида эшитганми-йўқми сўрадик.

Танишларимдан бири турмуш ўртоғи ўқитувчи бўлиб ишлайдиган мактаб директори шундай қилмиши сабаб қонун олдида жазолангани ва адолат қарор топганини айтди. Аммо яна бир дўстимнинг сўзи мени ўйга толдирди: «Нимадир эвазига пул олса, нима бўлибди? Унинг ҳам бола-чақаси бор. Эплаб еса, ҳалоли бўлсин! Одамлар пул берса, адолат, ҳалоллик ҳақида гапириб қолади. Лекин иш излаётган пайтда қўшимча «даромади» борми, деб сўрашдан уялмайди-ку!» деди.

Афсуски, дўстим қайсидир маънода ҳақ эди. Чунки биз доим ҳам ҳаққимизни талаб қилиб, ҳалол йўл билан иш битиришни истамаймиз. Натижага эришиш учун «яқинроқ» йўлни танлаймиз. Иш ахтарсак, қўшимча даромадини сўраймиз. Афсуски, ўқитувчи деган улкан шарафни ҳам арзимас чақага сотиб юборамиз. Аммо ҳеч бир сабаб таъмагирлик қилишга арзимаслигини, билаъкс, жиноятга жазо муқаррарлигини доим ҳам ўйлаб кўрмаймиз.

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ тайёрлади

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш