Қулайлик, тезкорлик: ташувчилар бунга қачон эътибор қилади?

Бугун автомобиллар узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қиладиган энг мақбул кўмакчига айланиб улгурди. Ҳукуматимиз томонидан аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, янги-янги йўналишларни йўлга қўйиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. Айниқса, шаҳар ва шаҳар атрофидаги йўналишларда автобуслар қатновининг ортаётгани қувонарли ҳолат. Чунки у енгил машиналарга қараганда нарх борасида анча арзон, шу билан бирга, ишончли ва хавфсизлиги билан ажралиб туради. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қанот бергани ҳам рост.

Шу асосида Қашқадарё вилояти ҳокимининг ҳам қарори қабул қилинди. Унга кўра, Қашқадарё вилоятида 2017-2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастури тасдиқланиб, йўловчилар ташийдиган янги автобус йўналишлари ташкил этилиши, шу мақсадда замонавий автобус ва микроавтобуслар сотиб олиниши, автостанциялар қурилиши ва мавжудлари реконструкция қилиниши режалаштирилган.

— Қарор чиққач, энди шаҳарда ҳам автобуслар қатнови кўпаяди, транспорт тизими тубдан яхшиланади, деган умид туғилганди, — дейди Қарши шаҳридан Гулруҳ Жўраева. —Афсуски, ундай бўлмади. Ишга кечикмаслик учун автобусдан кўра, қимматроқ бўлса-да, йўналишли таксиларни афзал кўрамиз. 

2018 йил 1 июлгача (!) Қарши шаҳрида йўловчилар ташиш транспортида йўлкира учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш тизими жорий қилиниши, тўхташ бекатлари намунавий лойиҳалар бўйича жойлаштирилиши, автобус ва микроавтобуслар ишини масофадан онлайн режимида (GPS) доимий кузатиш йўлга қўйилиши кўзда тутилганди. Ушбу режаларни амалга ошириш учун эса оз эмас, кўп эмас, нақ бир ярим йил муддат белгиланди. Ўша муддат ортда қолганига эса мана бир йилдан ҳам ошди. Хўш, нима ўзгарди?

Эски ҳаммом, эски тос

Узоқни эмас, Қарши шаҳридаги 1-йўналишли автобусларни олайлик. Бу йўналишда автобусларнинг эмин-эркин ҳаракатини таъминлаш мақсадида ноқонуний таксичилик билан шуғулланаётган «Damas»лар фаолиятига ҳам чек қўйилди. Аммо шунча имконияту имтиёз билан ҳам автобуслар қатнови изга тушиб кетмади. Уларнинг одам тўлдириш ниятида секин ҳаракатланишидан кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди. Мутасаддилар ҳам аниқ вақт режимида ҳаракатланишни назорат қила олмади. Хуллас, ҳали ҳам эски ҳаммом, эски тос.

Ваҳоланки, вилоят ҳокимининг қарорида бу борадаги ишларни кўнгилдагидек йўлга қўйиш учун Қарши шаҳар ҳокимлиги, Марказий банк ва вилоят молия бошқармалари, Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бошқармаси (ҳозирги вилоят транспорт бошқармаси) зиммасига аниқ вазифалар тақсимлаб берилган. Мутасаддилар эса кўзга кўринарли ўзгаришлар қила олишмади.

Ўриндиқлар сонидан икки баравар кўп йўловчи

— Ҳар ҳафтанинг дам олиш кунлари ота-онамни кўриб келиш учун Касби туманининг Қамаши қишлоғига бораман, — дейди Воҳид Аҳмадов. — Мазкур қишлоққа бориш учун қамашиликлар, асосан, Миришкор томон қатновчи автобуслар ёки йўналишсиз таксилар хизматидан фойдаланишади. Мен бу сафар «Қарши — Қамаши — Миришкор — Жейнов — Чандир — Помуқ» ёзувли автобусга чиқдим. Йўловчилар кўп бўлгани учун тезда жўнасак керак, деб ўйлагандим. Бироқ... Автобусда оёқ босадиган жой қолмаган, ҳайдовчи эса йўловчи чақириб, овозининг борича жар соларди. Бир-иккита кекса кишиларнинг «Болам, шунча одам олдинг, ҳайда-да энди. Автобусга чиққанимизга икки соат бўлди-я», деган гапларига пинагини ҳам бузишмади. Мен ҳам шошаётганим учун соатга қарадим. Роппа-роса 13:40. Демак, автобусга чиққанимга ҳам бир соатча бўлиб қолибди. Энди юрсак керак, дея ҳайдовчига илтижоли тикиламан. Ниҳоят, орадан яна бир соат ўтиб, 14:45 да автобус жойидан қўзғалди. Бу вақтга келиб айрим йўловчилар аллақачон тушиб, таксида кетишган, қолганларнинг ҳам кутавериб силласи қуриганди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, ҳар бир йўналиш қатнови талабгорларга тендер танлови асосида берилади. Бунда иштирокчиларнинг салоҳияти йўналишда белгиланадиган энг мақбул нархдан тортиб, транспорт воситасининг ишлаб чиқарилган йили, ўриндиқлар сони каби бир қанча мезонлар асосида баҳоланади. Демак, ўша йўналишда фаолият олиб бораётган тадбиркор танловда ғолиб чиқиш учун автобус ўриндиқларига мос тарзда йўловчи ташишини таъкидлаган. Шундан фойда олишини ҳам аввал ҳисоб-китоб қилган. Унда нега энди ўриндиқлар сонидан икки баробар кўп йўловчи олиб ҳам қаноат қилмаяпти? Нега унга пул тўлаган йўловчи манзилига тик туриб бориши керак?

Бундай ҳолатни Қарши шаҳрининг марказий кўчасида қатнаётган автобусларда ҳам учратиш мумкин. Айрим автобус ҳайдовчиларининг кўпроқ йўловчи олиш учун баъзи ўриндиқларни бутунлай олиб ташлаганига нима дейсиз? Ёшларку майли, кекса кишилар, ёш болали, ҳомиладор аёллар манзилига тик оёқда боришига нима дейсиз? Нега мутасаддилар бунга эътибор қилишмаяпти? Автобусдаги ўриндиқларнинг танловда кўрсатилганидан анча камлигини ким текширади? Ахир бу йўловчилар ҳуқуқларини менсимаслик эмасми?

380 та автобус аҳоли хизматида

Вилоят транспорт бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2017-2021 йилларда янги автобуслар ва микроавтобуслар сотиб олиш параметрларига асосан, вилоятда жами 287 та, шундан 2018 йилда 51 та авvтобус харид қилиниши белгиланганди. Президентнинг 2018 йил 28-29 январдаги вилоятга ташрифи чоғида берган топшириқлари ва Чироқчи туманида ўтказилган йиғилиш баёнига асосан, бу рақам 69 тага ўзгарган.

Шунингдек, «Avtotrans Qarshi» унитар корхонаси томонидан шу йил апрелида «ISUZU» русумли 50 дона автобус келтирилиб, Қарши — Қамаши, Қамаши — Шаҳрисабз, Қарши — Косон, Қарши — Пистали, Қарши — Ҳилол йўналишларида, Қарши шаҳридаги Ойдин бозоридан Ерқўрғон бозоригача, Боғободдан Арал­овулгача қатнов йўлга қўйилган.

— Ҳозирги кунда вилоятда 380 та автобус аҳолига хизмат кўрсатяпти, — дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Улуғбек Эрназаров. — Умумий эҳтиёж эса 570 тани ташкил этади. Биргина Қарши шаҳрини оладиган бўлсак, 1-йўналишда 30 та, 2-йўналишда 2 та, 12-йўналишда 20 та, 6-йўналишда 40 та автобус ҳаракатланади, жами 92 та. Агар яна 60 та автобус олиб келинса, шаҳардаги эҳтиёжни қопласа бўлади.

Агар мутасаддининг сўзларига таянадиган бўлсак, нега аҳоли бошқа турдаги транспортларда юришни маъқул кўришмоқда. Уларда аниқ белгиланган қатнов режими йўқлиги, йўловчи олиш ва туширишнинг фақат белгиланган нуқталар(бекат)да амалга оширилмаслиги, ҳатто баъзи жойларда бекатнинг ўзи мавжуд эмаслигини ҳам бунга асосий сабаб деб кўрсатиш мумкин.

Тўғри, енгил автомобиль ҳар томонлама қулай, бироқ унинг йўл ҳақини ҳамманинг чўнтаги кўтармайди. Бу вилоят марказидаги ҳолат, қишлоқларда эса тонгда бир автобус бўлади, асосан, бозорчилар ва талабалар билан шаҳарга йўл олиб, туш вақти яна шуларни олиб қайтади. Бундан бошқа вақтда автобусда юриши ҳақида гап-сўз ҳам бўлиши мумкин эмас...

Шуниси аниқки, Президент қарорида ҳам, шунга асосан, қабул қилинган вилоят ҳокимининг қарорида ҳам бир мақсад кўзланган: одамларнинг оғирини енгил қилиш. Бироқ ҳозирги вазиятдан буни илғаш жуда мушкул.

Хулоса ўрнида айтганда, юртимизда аҳолининг транспорт хизматидан фойдаланишга эҳтиёжи ортган. Соҳада қилинаётган ишлар эса йўловчиларнинг ўз манзилига хатарсиз етиши, сифатли хизматдан баҳраманд бўлишини таъминлашга қаратилган. Бунга шароит яратувчи қатъий тартиб-қоидалар белгиланган. Ижросига масъул айрим ташкилотлар мутасаддилари эса қачон «тебранади»?

 

ДАРВОҚЕ...

2019 йилда вилоятда 4 та шаҳар ичи, 4 та шаҳар атрофи, 1 та шаҳарлараро, жами 9 та автобус йўналиши ташкил этилиши белгиланган. Қарши авто шоҳбекатидан Шайхалига, аэропортга, шунингдек, Пахтазор митти тумани бўйлаб айланма ҳаракатли йўналиш бўйича рухсат сўраб 2018 йил 19 июлда ва такроран 2019 йилда Қарши шаҳар ҳокимлигига хатлар юборилган. Лекин шаҳар ҳокимлиги томонидан ушбу йўналишларни очиш тўғрисида қарор қабул қилинмаган.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш