Мажбурий меҳнат муаммоси: ҳашар билан унинг фарқи нимада?

Халқимиз доимо инсонларни меҳнат қилишга ундаган. Ишёқмас, дангасаларни эса танқид қилиб, умр бўйи ҳалол меҳнат билан рўзғор тебратганларни уларга ибрат қилиб кўрсатган. Шу билан бирга, мажбурий меҳнат ҳамма замонларда ҳам қораланган. Негаки, «мажбурий» сўзининг ўзиёқ кишида норозилик кайфиятини уйғотади. Афсуски, инсон ҳуқуқлари тўла таъминланган, уни таҳқирлашга умуман йўл қўйилмайдиган даврда ҳам мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ўқитувчи хизматкор эмас!

Жорий йилнинг июнь ойи охирида Наманган вилояти Косонсой туманидаги Намуна қишлоғи яқинидаги анҳор бўйида мактаб ўқитувчилари қурилиш ишларига мажбуран, ҳар хил дўқ-пўписалар билан олиб чиқилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вазиятни ўрганиб, унга холис баҳо берди. Маълум бўлишича, мазкур туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари М.Исомиддинов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига асосан, маъмурий жавобгарликка тортилган.

Афсуски, бу ягона ҳолат эмас. Биз ўқитувчи ва шифокорларнинг оммавий равишда мажбурий меҳнатга жалб этилишига қайсидир маънода кўникиб ҳам қолганмиз. Энг ёмони, буни нормал ҳолат деб қабул қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Тан олиш керак, яқин-яқингача ўқитувчилар дарсдан бўш вақтида фермерлар даласидаги юмушларни беминнат бажариб берарди. Кескин танқидлардан сўнг бундай ҳолатларга қарши жиддий кураш бошланди. Лекин ҳамон ўша даврни қўмсаб, ўқитувчилардан мардикор яратмоқчи бўлаётган мутасаддилар борлиги аччиқ ҳақиқат. Ачинарлиси, улар ўз айбини ихтиёрий ҳашар ниқоби билан яширишга уринади.

Ҳашар нимаю мажбурий меҳнат нима?

Ҳашар — халқимизнинг асрлар оша бизгача етиб келган қадрияти. Маҳалла аҳли ҳашарга қатнашмайдиган, эл хизматидан ўзини олиб қочадиганларни доимо танқид қилган. Оқсоқоллар бундай кишиларни ўзи яшайдиган кўчани, қабристон ҳудудини тозалаш ишларида фаол бўлишга чақирган.

Агар бугун ҳам шундай ҳолат — оқсоқол маҳалла аҳлини кўча-кўйни тозалашга ёки қаердадир йиғилиб қолган чиқиндини йўқотишга чақирса ва айрим ишёқмас, боқибеғам кимсалар бунинг мажбурий меҳнат эканини айтиб, шикоят қилса нима бўлади? Умуман, мажбурий меҳнат билан ҳашарнинг маълум чегараси борми?

Айни ҳолатни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев шундай изоҳлайди: «Ҳашар халқимизнинг қадимий урф-одатларидан ҳисобланади. Қўни-қўшни, қариндошлар ёки бир маҳалла аҳлининг уй қуриш, боғ барпо этиш ёки кўча-кўйни тартибга солиш учун бирлашиш амалиёти халқимиз маданиятининг бир қисми саналади. Лекин, масалан, эрта тонгдан шифохона ёки мактаб ходимларини уларнинг розилигини сўрамасдан автобусга солиб, автойўллар бўйидаги ҳудудларни супуришга олиб кетиш — бу ҳашар эмас, балки мажбурий меҳнатдир. Ундан ҳам ёмони, бу каби «ҳашарлар»да қатнашишдан бош тортгани учун ходимларга нисбатан ишдан бўшатиш даражасигача интизомий чоралар кўрилишидир. Ҳашар ва мажбурий меҳнат ўртасидаги фарқни аниқ тушуниб олиш керак. Ҳашар — ўзаро ихтиёрий кўмаклашиш ва байрам. Мажбурий меҳнат — бирор жазо қўллаш таҳдиди остида иш бажаришдир».

Мажбурий меҳнат ҳамон давом этяпти... ми?

Дарвоқе, шу кунларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Сурхондарё ва Андижон вилоятларида айрим ташкилот раҳбарлари ва ходимлари мажбурий меҳнатга сафарбар этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бундан бироз олдин Бухородаги «Ҳазрати Имом» қабристонини ободонлаштириш ишларига бюджет ташкилотлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар мажбурий равишда жалб этилаётгани тўғрисида ҳам маълумотлар берилганди.

Сўнгги ҳолат бўйича Бухоро вилояти ҳокимлиги муносабат билдирди. Унда: «Ота-боболари ётган муқаддас қадамжони обод қилишга ҳисса қўшиш қадимий урф-одат эмасми?! Айтинг-айтинг, бу иш миллий маданиятимизга қачондан ёт тушунчага айланди?! Ёки бугун ижтимоий тармоқларда бонг ураётганларнинг қайси бири «Ҳазрати Имом» қабристонида эрта азонда мактаб, боғча, шифохона ва бошқа соҳа ходимларининг, вазир айтмоқчи, рози-ризолиги олинмасдан автобусга солиб, меҳнатга мажбурланганини кўрибди? Қани далил, қани исбот? Ёзилганларнинг, айтилганларнинг бари олди-қочди гаплар, ўз-ўзига «қаҳрамон» ясаб олишдан бошқа нарса эмас», дейилади. Андижондаги вазият бўйича ҳам вилоят ҳокимлиги муносабат билдириб, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳужжат матни сохта эканини таъкидлади.

Кўринадики, ҳашар, унга фуқароларни жалб этиш борасидаги муносабатларга аниқлик киритиш зарур. Бу чегарани қонун билан аниқ белгилаб олиш керак. Бунинг учун кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, шунга қараб қонун-қоида ишлаб чиқиш фурсати етди, чамамда.

Арзимас жарима жазо бўлмайди!

Мажбурий меҳнатга қарши курашиш учун қонуний асос яратилган. Қонунчилигимизга кўра, мажбурий меҳнатга жалб этган шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси кўрилади. Мисол учун, юқорида келтирилган ҳодиса — Косонсой тумани ҳокими ўринбосари М.Исомиддинов ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этгани учун 669 минг сўм (!) жарима тўлаган. Шунингдек, у тушунтириш хати ёзиб, келгусида ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилмасликка ваъда берган.

Эътибор қилинг, мактаб ўқитувчилари оммавий равишда мажбурий меҳнат қиляпти. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқини паймол қилган шахс эса арзимас жарима билан қутилиб қолмоқда. Бу инсонийлик жиҳатдан ҳам, қонун устуворлиги томонидан ҳам ўзини оқлайдиган ҳолат эмас, назаримда. Шу кунларда масъуллар томонидан бу масала ижобий ҳал этилиб, қонунларга мажбурий меҳнатга жалб этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ ўзгартиш киритилиши ҳақида фикрлар билдирилди. Бу амалиётга жорий этилса, мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатлар камайиши тайин.

Мажбурий меҳнатга тўла барҳам бериш учун давлатимиз томонидан янгиланишлар олиб бориляпти. Ана шу ўзгаришлар жараёнида ҳар биримиз бирдек иштирок этиб, мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатларга бепарво бўлмасак, бу янгиланишлар биз истагандан-да яхшироқ натижа беради.

«Иш вақтида соғлиғим ёмонлашса...»

Қонунларимизга кўра, ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келгани тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилиши керак. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар бу ҳолатни ростдан ҳам инсон соғлигига таҳдид солувчи вазият, деб баҳоласа, иш берувчи буни бартараф этиш чораларини кўради. Агар зарур чоралар кўрилмаса, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақли. Ана шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ тайёрлади

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш