Имконияти чекланганлар суицидга мойиллиги бўлганларга намуна бўлса...

Ўз жонига қасд қилиш, ҳаётига зомин бўлиш — муқаддас динимизда энг оғир, кечирилмас гуноҳлардан саналади. Бундан беш йил аввал маҳалламизда 19 яшар қиз ўзини осди. Бу нохуш хабар барчани эсанкиратиб қўйди. Қизини қучоқлаб уввос солган ота, хушини йўқотган она чорасиз қолганди. Шундан сўнг суицид ҳолатининг олдини олиш масаласи кўп бора мушоҳада юритдим. Имконияти чекланган бўлса-да касб-ҳунар билан шуғулланиб, сабр-тоқати, метин иродаси билан ютуқларга эришаётган инсонлар тақдирини тарғибот қилиш, барчага намуна қилиб кўрсатиш — самарали ускл экани ҳақида ўйладим. Маҳаллаларда, ёшлар марказларида ўтказилаётган тадбирларга мана шундай иродали инсонларни чақириб, улар билан суҳбатлар ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

“Президентга мактублар” китобида Шофиркон туманида яшовчи касби ҳамшира, аммо тасодиф туфайли 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолган Дилрабо Намозова ҳақида ўқиб қолдим. Дилрабо ногиронлигига қарамай, чеварликни ўрганиб ўқув маркази ташкил этгани ва юзлаб шогирдлар тайёрлагани учун “Жасорат” медали билан тақдирланган эди. Публицистикага қизиқишим бўлгани сабабли бу жасоратли аёл ҳақида мақола ёзишга киришдим. Кўришиб дилдан суҳбатлашдик. Натижада “Бекажон” газетасида хотин-қизларга ибрат бўладиган, суицидга мойил инсонларга намуна бўладиган мақола чоп этилди. Кейинчалик эса Дилрабо Намозованинг “Учбурчак” ток-шоусида иштирок этишида ҳам кўмаклашдим.

  Ўйлайманки, ушбу кўрсатув томошабинларда ижобий таассурот қолдирди. Таклифим шундан иборатки, оммавий ахборот воситалари, жумладан “Орамиздаги одамлар” кўрсатуви орқали мана шундай матонатли қаҳрамонларимиз ҳақида кўрсатувлар эфирга узатилса, мақолалар эълон қилинса барчага бирдек ибрат ва энг муҳими, суицидлар камайишига ижобий таъсир кўрсатган бўлар эди.

Тошпўлат АШУРОВ,

Когон шаҳри “Зиёкор” маҳалласи фаоли.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш