Сайфиддин Мелиев: «Тарихни бузиб кўрсатиш — миллат устидан кулиш»

«Қудуқ», «Тундан тонггача», «Хўжа Насриддин», «Осий банда» каби юзлаб фильмлардаги роллари билан барчага таниш бўлган истеъдодли актёр Сайфиддин Мелиев, аллақачон, саҳналаштирган спектакллари орқали театр режиссёри сифатида ҳам мухлислар қалбидан жой олган. Айниқса, «Жалолиддин Мангуберди», «Чингизхон», «Тўмарис», «Бибихоним» ва «Амир Темур» сингари тарихий, «Пуанкаре», «Медиа» каби ўзига хос спектакллари мутахассислар ва кўп сонли томошабинлар эътирофига сазовор бўлган. Эътиборингизга, Мудофаа вазирлиги маданият ва маърифат марказининг «Турон» ҳарбий давлат театри бадиий раҳбари, режиссёри, маҳоратли актёр Сайфиддин Мелиевнинг кино ва театр санъатидаги ютуқ ва камчиликлар, актёр ва режиссёрлик маҳорати, тарихий саҳна асарларини яратиш услуби ва масъулияти ҳақидаги фикрларини ҳавола этамиз.

Актёр биргина образнинг, режиссёр эса санъат асарининг тақдирини белгилайди

Рус режиссёри Марк Захаров шундай дейди: «Агар биринчи синф ўқувчиси катта бўлсам актёр бўламан, деса ишониш мумкин. Аммо режиссёр бўламан деса ишониш қийин».

Ростдан ҳам, режиссёрлик жуда мураккаб касб, ҳатто, шу йўналишдаги  олий таълим муассасасида ўқиётган талабаларнинг ҳам аксарияти у ерга машҳур актёр бўлиш мақсадида келади. Тўғри, яхши актёр бўлиш учун ҳам инсонда ўзига хос иқтидор бўлиши керак, аммо режиссёрлик учун иқтидорнинг ўзи камлик қилади. У кишидан кучли билим, маҳорат ва кенг дунёқарашга эга бўлишни талаб этади. Бу икки санъатнинг бир-бирига ўхшаш ва ўзига хос қирралари жуда кўп. Асосийси, уларнинг қай бирини танлашидан қатъи назар инсон ўз ишининг устаси бўлиши керак деб ўйлайман. Бунинг учун эса, меҳнатдан, ўқиб изланишдан қочмаслик керак деб ҳисоблайман.

Аввал, актёрлик бўйича таҳсил олдим. Кейинчалик, аспирантурада режиссёрликка ўқидим. Сабаби устозлар, соҳанинг етук вакиллари спектакль, кинолардаги ролларимни кўриб яхши баҳо беришди. Ролни яхши ижро қилдинг, аммо кинонинг ўзи унчалик яхши эмас экан, саҳна асари ўхшамабди, ўзинг кино олсанг бўлмайдими, дея таклиф қилганлар ҳам бўлди. Чиндан ҳам юздан ортиқ роль ижро этдим. Уларнинг орасида ўзимга ёққани кўнглим тўлгани, унча кўп эмас.

Баъзилар кинолардаги ролларингиздан сизни таниймиз, нега режиссёрлик фаолиятингизни театрда бошладингиз, деб сўрайди. Бунинг сабаби театр режиссёрлиги машаққатли бўлиш билан бирга маҳоратни сайқаллайди. Театрнинг томошабини ҳам бошқача. Уларнинг талаби кучли ва сени шу талаб даражасида ишлашга мажбур қилади.

Амир Темурни тарихий шахс сифатида гавдалантирдик. Аммо инсон сифатида эмас

Тарихни яхши кўраман. Тарихий асарлар, пьеса ва архив ҳужжатларни титкилаб уни ўрганишга ҳаракат қиламан. Шу боис ҳам тарихий қаҳрамонларнинг сиймосини катта саҳнага олиб чиқишга уринаман. Мана яқингинада театримиз жамоаси билан «Амир Темур» ҳақида янги спектаклни саҳналаштирдик. Амир Темур ҳақида бундан олдин кўплаб кино ва спектакллар олинган. Айниқса, 1996 йил Соҳибқирон таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан барча театрлар бу мавзуга қўл урган. Мен ҳам аввал, ушбу тарихий шахс ҳақида спектакль саҳналаштирганман. Аммо уларнинг ҳеч биридан оддий томошабин сифатида ҳам, мутахассис сифатида ҳам кўнглим тўлмаган. Бу саҳна асарларида, асосан, Соҳибқироннинг енгилмас саркарда, адолатли давлат раҳбари эканига урғу берилган. Биз эса янги саҳна асарида унинг ички дунёси, инсоний ботинига назар ташлашни ният қилдик. Унинг ғам-андуҳи, қувончи каби ҳиссиётларини тасвирладик.

Тарихий асарларни яратиш учун режиссёрнинг ўзи тарихни яхши билиши керак. Бир-иккита тарихчидан маслаҳат, йўл-йўриқ олиб, ўтмишни саҳнага олиб чиқиб бўлмайди. Чунки олимлар  тарихга назариётчи сифатида қарайди. Режиссёр эса уни кўз олдида жонлантиришга уринади.

Тарихни бузиб кўрсатиш — миллат устидан кулиш

Устозларимиз кўп такрорларди: «Тарихни билмасанг бу мавзуга тегма. Севги-муҳаббат ҳақида асар яратиб юравер», деб.

Ростдан ҳам тарихий асарларни яратишнинг масъулияти жуда катта. Уни бузиб талқин қилиб қўйиш тузатиб бўлмас хато, халқ, миллат ва тарих устидан кулиш бўлади.

Бугун мамлакатимизда тарихий кино олишга, уни катта экранларда жонлантиришга ҳаракат қилинмоқда. Бунинг учун давлат томонидан тегишли маблағ ажратилиб, барча шарт-шароитлар ҳозирланяпти. Аммо яратилган тарихий кинолар талабга жавоб бермайди.

Масалан, кейинги йилларда олинган «Исломхўжа», «Элпарвар», «Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий» тўғрисидаги фильмларни томоша қилиб, баъзиларининг тасвирга олиниш жараёнида қатнашиб, бунга амин бўлдим. Тарихни жонлантираман деб ўлдириб қўйишяпти. «Исломхўжа» фильми бунга бир мисол. «Исломхўжа»нинг премьерасини ўн дақиқадан кўп томоша қилолмадим. Ўтган фурсат ичида бу кинони олишда тарихдан бутунлай бехабар инсонлар қатнашибди, деган хулосага келдим. Масалан, бош қаҳрамон узун соқол билан бирга соч қўйиб олган. Бизда соч билан соқол бирга қўйилмаган. Ё бўлмаса декарацияга эътибор берадиган бўлсак кийимлари, хоналардаги стол-стул, пардалари турк ва хитой материалларидан тайёрланган. Кийимларнинг тикилиши ҳам турк либосларига ўхшаган. Ҳатто, актёрларнинг пардози ҳам театрдаги каби бўлиб қолган. Кинода актёрлар бундай пардоз қилинмайди. Буни мутахассислар дарров пайқашгандир.

Энг ёмони Исломхўжа саройида ҳам, адашмасам, тарихчини қўлида ҳам учталик шамдон кўрдим. Бу шамдон христиан динига эътиқод қилувчиларга хос. Ваҳоланки, у даврда бундай матоҳлар шоҳ саройлари у ёқда турсин оддий мусулмон хонадонига ҳам олиб кирилмаган. Ўзига хос мойчироқлар ишлатилган. Бу жуда қўпол хато. Аслида шарқда рамзларга, кичик деталларга катта эътибор қаратилади. Масалан, аввалги, даврларда паранжи остидаги аёлларнинг лозимидаги сезилар-сезилмас кўриниб турган жиягидан унинг ёш қиз, жувон ёки турмушга чиққан аёл эканини ажрата олишган. Эркакларнинг ҳам кийими: белбоғ, пичоқ, тўнига қараб унинг кимлиги аниқланган.

Фақатгина «Исломхўжа»даги жузъий камчиликлар ҳақида гапирдим. «Элпарвар» ва «Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий» фильмларининг олиниш жараёнида ҳам бундай камчиликларни кузатганман. Мана, суратга олиш жараёнлари давом этаётган яқин тарихда рўй берган воқеаларга асосланган «Саид ва Саида» бадиий фильмида ҳам шундай нуқсонлар бор экан.

Фикримча, шунча имконият бериляптими, ундан унумли фойдаланишимиз керак. Тарихий фильмларни суратга олишда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Чунки тарихни билиб ё билмай бузиб кўрсатганларни келажак ҳам кечирмайди.

Янги мавсумга ўзгача совғалар тайёрлаяпмиз

Бу йил жамоамиз учун унутилмас бўлди. Турон театр-студиямизга давлат мақоми берилди, шунингдек, бир неча тарихий ва замонавий спектакллар саҳналаштирилди.

Ҳозир янги мавсумга тайёргарлик кетяпти. Охирги саҳналаштирган саҳна асарларимиз «Амир Темур» ҳамда яқинда тайёр бўлган «Муҳаббат мавсуми». Навбатда эса Шароф Бошбеков қаламига мансуб «Меҳр ва Мавзе» асари турибди. Хуллас, келгуси мавсумда томошабинларни янада хурсанд қилиш ниятидамиз.

Шу кунларда узоқ танаффусдан сўнг бир кинода роль ижро этяпман. Унинг мавзуси ҳозирча сир. Келгусида режиссёр сифатида бадиий фильм суратга олиш ниятим ҳам бор. Истеъдодим ва ижодимни томошабинлар қалбидан жой олишига, ўзбек кино, театр санъати ривожи йўлида сафарбар этганман. Янги ғоя ва лойиҳалар билан тез кунда санъат ихлосмандлари билан дийдор кўришамиз.

 

«Mahalla» мухбири

Санжар ЭШМУРОДОВ

оққа кўчирди.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш