Қизамиқ хасталиги учун қизил кўйлак кийиш шартми?

Оммавий ахборот воситаларида Самарқанд вилоятида қизамиқ касаллиги тарқагани ҳақида хабарлар берилди. Кенг жамоатчилик эътиборини тортган бу ҳолат қанчалик ҳақиқатга яқин? Умуман, қизамиқ қандай касаллик? У қанчалик хавфли? Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз.

Нурбек САЛИМОВ,

Самарқанд вилояти.

Даврон ЖУМАНИЁЗОВ,

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи:

— Маълумотларга қараганда, 2019 йилнинг 1 январидан 5 августгача бўлган муддатда вилоятда 419 нафар киши қизамиқ касаллиги гумони билан рўйхатга олинган ва ўтказилган лаборатория таҳлиллари натижасида улардан 29 нафарида ушбу касаллик белгилари тасдиқланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг хулосасига кўра, мамлакатимизга қизамиқ вируси бошқа давлатлардан кириб келган. Яъни унинг ташувчилари қизамиққа қарши эмланмаган чет эл фуқаролари бўлган. Аҳоли орасида ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш ва тўхтатиш мақсадида улар билан мулоқотда бўлган 11 минг 101 нафар шахс эмланди. Ўлим ҳолатлари умуман қайд этилмади.

Қизамиқ қанчалик хавфли?

Хўш, қизамиқ ўзи қандай касаллик? Унинг пайдо бўлишига нималар сабаб бўлади? Даво чоралари қандай?

Қизамиқ — хавфли юқумли касаллик бўлиб, у кўпроқ шу касалликка қарши эмланмаган ёш болаларда учраши мумкин. Эмизикли гўдаклар она сути орқали иммунитет ҳосил қилгани учун қизамиққа чалинмайди. Уларга касаллик юққан тақдирда ҳам асоратсиз кечади.

Касаллик тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нафас йўллари, кўз шиллиқ пардаси, оғиз бўшлиғининг яллиғланиши ва терида қизил, йирик доғли тошмалар тошиши орқали белги беради. Хасталик қўзғатувчиси вирус ҳисобланиб, бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда тупугининг майда томчилари ҳавога тушади, кейин нафас йўллари орқали соғлом бола организмига ўтади.

Унинг белгилари қандай намоён бўлади?

Касаллик тўрт босқичда кечади. Яширин даври 6-18 кунни ташкил этиб, белгилари деярли сезилмайди. Хасталик ўткир бошланиб, тана ҳарорати кўтарилади, қуруқ йўтал тутади, тумовга чалинади, кўз қизариб ёшланади, товуш бўғилиб қолади, ёруғликка қарай олмайди. Бу даврда лунж шиллиқ пардаси атрофида майда қизил-оқ доғлар пайдо бўлади. Улар тошма тошишдан 2-3 кун олдин пайдо бўлиб, 1-2 кун ўтиб йўқолади. Боланинг дармони қуриб, инжиқ бўлиб қолади, иштаҳаси йўқолади, тез-тез ичи кетади. Катта ёшли болаларда бош оғриғи, қусиш, бурун қонаши, қорин оғриғи кузатилади.

Тошма тошиш даврида бемор қайта иситмаламайди, томоғи қизаради. 4-6 кунга келиб ўзига хос қизил, йирик доғ тошмалар тошиб, бир неча соатда бутун юзга ёйилади. Иккинчи куни тошмалар баданга, учинчи куни қўл ва оёққа тарқалади. Қизамиқда тери нам бўлиб, бироз қичишади. 3-4 кундан сўнг соғайиш даври бошланади. Юздаги тошмалар қорая бошлайди ва жигарранг доғларга айланади. Касалликдан зотилжам (ўпка яллиғланиши), томоқнинг шиши, ўрта қулоқнинг яллиғланиши (отит), ичак касалликлари каби асоратлар қолиши мумкин. Шундай бўлса-да, хасталикдан сўнг одамда умрбод иммунитет шаклланади.

Давоси қандай?

Қадимда момоларимиз қизамик бўлган одамга қизил кўйлак кийдиришган ва бу давонинг бир тури эканига ишонишган. Бугунги кунда ҳам мазкур ирим сақланиб қолган. Аммо замонавий тиббиётда касалликдан фақат ўз вақтида эмлатиш орқали ҳимояланиш мумкин, деб тавсия қилинади.

Қизамиқ билан оғриган беморларнинг қоронғу хонада тинч ётишларини таъминлаш зарур (конъюнктивитда ўткир ёруғлик кучли оғриқ беради). Оғиз чой содасининг эритмаси билан чайқаб турилади, асоратларнинг олдини олиш учун кўзларга сульфасил ва бошқа антибактериал томчилар томизиб турилади. Пневмония ёки бошқа бактериал асоратлар ривожланган тақдирда антибиотиклар қабул қилиш тавсия этилади.

Қизамиқ қаерда кўп учрайди?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Европанинг қатор давлатларида сўнгги икки йил давомида қизамиқ касаллиги бўйича эпидемиологик нохуш вазият сақланиб қолинмоқда. Ушбу касалликдан ўлим кўрсатгичлари ўтган йили «кўҳна қитъа»да 72 та ҳолатда қайд этилган. Бунда, айниқса, Мадагаскар ва Украинанинг аксар аҳолиси энг кўп тарқалган ҳудуд сифатида бу касалликдан азият чекмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, касалликнинг олдини олиш ва юқтирмаслик, организмда унга қарши иммунитет ҳосил қилдиришнинг ягона чораси, бу — эмлашдир. Афсуски, эмлаш даражаси паст ёки эмлашдан воз кечган мамлакатларда бу касаллик авж олади. Ўзбекистон эса ЖССТ томонидан қизамиқ ва қизилча касалликларини бартараф этган мамлакат сифатида тан олинган.

Ёрмамат РУСТАМОВ тайёрлади.

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш