«Яхшилар кўмагига муҳтожман...»

Турмуш деб аталмиш  ҳаёт уммони  турфа синовлар, сир-синоатларга бой. Бошига оғир ташвиш тушган кимсалар ўзгалар кўмагига эҳтиёж сезади, меҳр кутади. Баъзан муаммоларнинг охири кўринмаётгандек туюлади. Аммо ҳар бир иш, масаланинг чораси, имконияти, албатта, топилади. Бунинг учун тушкунликка тушмаслик, машаққат ва қийинчиликларни ҳамжиҳатликда енгиб ўтиш, сабр билан иш тутиш лозим.

Таҳририятимизга Фарғона вилояти Бувайда тумани «Жалаер» маҳалласида умргузаронлик қилаётган Шоҳиста Шокирова (муаллифнинг илтимосига кўра, исм-фамилияси ўзгартирилди) мурожаат қилиб, ўзининг оғир ҳаёт тарзи, ёш бошига тушган қийинчиликлар ҳақида  тўлиб-тошиб гапирди.

«Бир муаммо тугамасдан, иккинчисига дуч келяпман»

— Турмуш ўртоғим билан ажрашганимга 8 йил бўлди, — дейди кўзлари ёшга тўлган она. — Икки нафар фарзандларим билан онам ва укамнинг уйида яшайман. Каталакдек ҳовлида 3 та оила, ўн икки жон бирга туришга мажбурмиз. Баъзан ёш болаларнинг ўзаро тортишувлари ва бошқа сабабларга кўра келин билан келиша олмай ижарада турган пайтларимиз бўлади. Бу ҳам ўзига хос маблағ талаб этади. Ёлғиз бошим билан топганим рўзғордан ортмайди. Катта қизим бир неча йилдан буён хаста. Шифохоналарда даволатдим, фойдаси бўлгани йўқ. Устига-устак уй-жойсиз турли жойларда жон сақлаш ҳар жиҳатдан толиқтириб қўяди. Нима қилиш, қайга бош уришни билмай сарсонман. Оилавий аҳволимни яхшилаш, уй-жой масаласида амалий ёрдам беришларини сўраб туман ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилдим. Уй учун дастлабки тўловни амалга ошириш зарурлигини айтишди. Сўнг, икки миллион сўм сармоя тўплаб, банкка бордим. Улар мунтазам ойлик олмасам, уй берилмаслигини уқтиришди. Туман «Ҳунарманд» уюшмасига ишга кирдим. Энди тўлов учун «кафил» бўлиши кераклигини айтиш­япти. Хуллас, бир муаммонинг охири кўринмасдан бошқа бир муаммога дуч келяпман. Ахир мен улардан текинга  уй сўраётганим йўқ. Фақат бошланғич тўловни амалга оширишга имкониятим йўқлигини тушунтиришга ҳаракат қил­япман, фойдаси бўлмаяпти.

Ёш онанинг арз-додини тинглаб, беихтиёр ўйга толасан. Нега бу иш шу қадар илдиз отиб кетди? Унинг амалий ечимларига нима учун чора топилмаяпти? Туман ва маҳалла фуқаролар йиғинида хизмат қилаётган масъуллар нега қўл қовуштириб ўтирибди?

Саволлар кўп, аммо...

 — Маҳалламизда тўрт минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Жалаер» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Деҳқонали Йўлдошев. — Биз бу оиладаги мавжуд ҳолатдан хабаримиз бор. Шу кунга қадар оилага 2 ёшгача бўлган болалар нафақаси берилди. Айни кунда 14 ёшгача бўлган болалари учун моддий нафақа тайинланган.  Албатта, бу ишлар бир оила ҳаёт тарзини яхшилаш, уй-жой масаласини ҳал этиш имкониятини бермайди. Лекин фақат талаб қилиш билан иш битмайди. Аввало, аҳоли турмуш  тарзини яхшилаш,  фаровонлигини ошириш мақсадида ҳаётга татбиқ этилган  имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиш зарур. Хусусан, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида имтиёзли кредитлар олишга кўмаклашиш таклифи билан чиқдик. Аммо улар турли баҳоналарни рўкач қилиб, бу имкониятлардан фойдаланганлари йўқ. Маҳалламизда бундан-да оғир аҳволда кун кечираётган фуқаролар, ногирон ва кам таъминланган  оилалар бор. Имкон қадар уларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Яқинда биринчи гуруҳ ногирони Ғайрат Сайфиддиновнинг девори тиклаб берилди. Айни кунда Баркахон Тожикаримованинг уй-жойини  капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ўрганишларимиз давомида маълум бўлдики, Шоҳиста опа туман «Ҳунарманд» уюшмасига ишга жойлашибди. Ойлик маоши 610 минг сўмни ташкил этар экан. Икки нафар ёш боласи бўлган онага бу сармоя қанчалик муҳим эканини англаб олиш қийин эмас. Хўш, бу ҳолатда аёл рўзғордан орттириб қачон пул жамғаради-ю,  қачон уй сотиб олади?

— Шоҳиста оғир шароитда ҳаёт кечиради, — дейди ён қўшниси Маҳбуба Отабоева. — Икки нафар фарзанд билан бошпанасиз, турли жойларда ҳаёт кечириш аёл киши учун жуда оғир. Шу боис тез-тез онаси ва укасининг уйига келиб туради. Баъзан турли келишмовчилик, уй-жой масаласида келин ва қайнсингил ўртасида можаролар бўлиб туради. Биз ҳам қараб турганимиз йўқ. Ўзаро аҳил-иноқликда ҳаёт кечириш қанчалик муҳимлиги, ҳамжиҳатлик бўлмаган жойдан файз-барака кетишини таъкидлаймиз, сабр қилишга чақирамиз. «Қўл билан берганга қуш тўймас» деган гап бор. Бу оилага амалий ёрдам беришса, қийналган ёлғиз аёлнинг ҳаёти изга тушиб кетарди.

Муаммонинг ечими топилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 мартда  «Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ва унга илова қилинган низомда ногирон, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарни имтиёзли уй-жой билан таъминлаш учун бошланғич бадал (25%) Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот томонидан ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўлаб берилиши айтиб ўтилган. Шунингдек, қолган 75 фоизи эса тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб қопланади (талабгор томонидан). Борди-ю талабгорнинг бунга қурби етмаса (кам таъминланган бўлса, доимий даромади бўлмаса), у ишлаётган ташкилот, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг маблағлари ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига бу пуллар тўлаб берилиши кўрсатиб ўтилган.

— Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва амалий ечимлар топишга алоҳида эътибор қаратиб келамиз, — дейди Бувайда тумани ҳокимининг ўринбосари, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Олияхон Асқарова. — «Жалаер» маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган, уй-жойга муҳтож Шоҳиста Шокирова бу масалада бизга тўғридан-тўғри мурожаат қилгани йўқ. Лекин Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони талаблари асосида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида аҳоли билан ўтказилаётган  учрашув ва сайёр қабуллар жараёнида бу оиланинг ижтимоий  аҳволи, яшаш тарзи, уй-жойга муҳтожлигидан хабар топдик ва 2020 йилда  имтиёзли уй-жой  билан таъминлаш чоралари белгиланди.

Туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, ёлғиз оналарга ҳар жиҳатдан амалий кўмак берилмоқда, қўллаб-қувватланмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 30 нафар ижтимоий  ёрдамга  муҳтож, кам таъминланган, ёлғиз аёллар учун ажратилган уй-жойларнинг дастлабки бадаллари тўлаб берилди. Бу йил яна 20 нафар хотин-қиз ана шундай имтиёзлардан фойдаланадилар. Бундан ташқари,  4 нафари ногиронлар аравачаси, 2 та эшитиш мосламаси билан таъминланди, 10 нафар ижтимоий вазияти оғир хотин-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тадбиркорлик йўналишида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган 27 нафар хотин-қизга 627 миллион сўмлик имтиёзли сармоя берилди. Натижада 11 та тикувчилик корхонаси, 4 та иссиқхона, 4 та оилавий боғча, 2 та аёллар гўзаллик салони ишга туширилиб, 4 минг нафардан ортиқ аёллар бандлиги таъминланди.

Хулоса ўрнида

Биз бир мурожаат ортидан оддий оила ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган муаммони хаспўшлаш орқали бонг уриш, кимнидир айбдор қилиш фикридан йироқмиз. Ҳаёт бор экан, унинг ўзига яраша қувонч ва шодликлари, қайғу ва аламлари бўлади. Лекин мавжуд вазиятни кўриб, кўрмаслик, билса-да, билмасликка олиб иш тутиш инсонларга хос фазилат эмас. Шундай экан, бир мушфиқ она ҳаёт тарзида учраган муаммога барҳам беришга туман мутасаддилари, тегишли ташкилот вакиллари ҳамжиҳатлик билан бир ёқадан бош чиқариб иш тутишларига ишонч билдирамиз ва бу мавзуга яна қайтамиз.

Расул КАМОЛ

«Маhalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш