Чегирманинг ҳам чегараси бўлиши керак

Яқинда телеграмм каналлари орқали янги кийим дўкони очилиши муносабати билан жуда катта миқдорда чегирмалар эълон қилинаётгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим. Бозордаги нарх-навонинг тенг ярми миқдорида арзонлаштирилган маҳсулотлар кимда ҳам қизиқиш уйғотмайди дейсиз. Биз ҳам оила аъзоларимиз билан арзимас пулга бир дунё нарса харид қилиш умидида дўконга бордик.

Одамнинг кўплигидан қадам босишга жой йўқ. Бир қарашда кишида нархлар ҳақиқатан ҳам арзон экан-да, деган тасаввур уйғонади. Аммо эълонда кўрсатилган арзон буюмнинг сифати жуда паст, унинг ёнида турган сифатлироғи эса бозордагидан икки баравар қимматроқ. Бу ҳолат кўпчиликда таажжуб уйғотаётгани уларнинг юз-кўзидан шундоққина сезилиб турарди. Бир сўз билан айтганда, одамларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, қуруқ қўл билан чиқиб кетишди.

Кучли психологик таъсир

Бугун юртимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг имкониятлар очиб берилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини юзага келтириши аниқ. Шундай шароитда ҳамма ҳам ўз маҳсулотининг харидоргир бўлиши учун ҳаракат қилади. Айниқса, мижозлар эътиборини жалб этиш мақсадида турли чегирма ва акцияларнинг эълон қилиниши бугун урфга айланган. Бу ҳолат эса бевосита инсон психологиясига таъсир кўрсатишини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. 

— Бирор маҳсулот ёки эълон қилинган чегирмалар ҳақидаги хабарнинг инсон психологиясига таъсири жуда кучли, — дейди психолог Шоира Исоқова. — Бунинг боиси  унда фақат ижобий жиҳатларга урғу берилишидир. Аслида ҳам реклама психологияси ўз олдига кишиларни бундан беш дақиқа олдин хаёлига ҳам келмаган нарсаларни харид қилишга ундашни мақсад қилиб олган. Ёки бошқа маҳсулотлардан деярли фарқ қилмайдиган буюмга бўлган талабни оширади. Бу қармоққа тушиб қолмаслик учун эса маркетингда қўлланадиган ўзига хос усуллардан хабардор бўлиш талаб этилади. Шундагина сиз ўзингиз учун зарур ва фойдали харидни амалга оширишингиз мумкин.

Мижозларни рағбатлантириш ва қўшимча совғалар тақдим этиш жуда кўп учрайдиган ҳолат. Харид қилинган буюмга қўшимча тарзда туҳфа этиладиган маҳсулот (гарчи у кичик бўлса-да) кўпчиликда қизиқиш уйғотади.

Шундай усуллардан яна бири мутахассисларнинг тавсиялари асосида суратга олинган реклама роликлари саналади. Таклифларнинг маълум муддат доирасида чегараланиши ҳам мижозларни жалб этишда жуда фойда беради. Чунки одамлар доим камёб ва тугаб қолиш эҳтимоли юқори бўлган буюмларни харид қилишга ўч бўлишади.

Аслида маркетингга қўйиладиган асосий талаблардан бири истеъмолчиларни қизиқтириш билан бирга уларни талаб даражасидаги сифатли маҳсулот ва хизмат билан ҳам таъминлаш зарурлигидир. Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида сиз энг, аввало, синовдан ўтган, шу кунга қадар ишончингизни қозонган маҳсулотларни танласангиз адашиб қолмайсиз.  

Истеъмолчи ҳуқуқи муҳофазадами?

Масалага чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, бундай вазиятда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига ҳам йўл қўймаслик зарур. Ҳар қандай маҳсулот ёки хизмат кенг оммага тарғиб этилар экан, шу жиҳатни ҳам ёддан чиқармаслик талаб этилади.

— Маълумки, савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари томонидан товарларни истеъмолчиларга реализация қилишда сотишнинг ҳар хил йўллари ва воситаларидан фойдаланган ҳолда турли хил акциялар ташкил этилмоқда, истеъмолчиларга чегирмалар берилмоқда, турли ютуқли ўйинлар ўтказилмоқдаки, мазкур тадбирлар амалдаги қонун нормалари ва талабларини бузмаган ҳолда ташкил этилса мақсадга мувофиқ деб ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси раис ўринбосари Ғайрат Маматқулов. — Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунида истеъмолчилар товар ҳақида, шунингдек, сотувчи ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эгалиги, сотувчи эса бу борада уларни ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумотлар билан таъминлаши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, қонунда сотувчилар истеъмолчиларга товар ҳақида нотўғри маълумот бериш билан истеъмолчиларни зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олишларига, сотиб олинган товардан кўзланган мақсадда фойдалана олмаслигига, ҳаётига, соғлиғига ёхуд мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса, бу нарса уларнинг истеъмолчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаб бериш бўйича мажбуриятларини келтириб чиқаришини ҳам унутмаслиги керак.

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талабларини бузилиши маъмурий жавобгарликни, шунингдек, содир қилинган ҳуқуқбузарлик даражаси ва оқибатларига кўра, жиноий жавобгарликни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

Нотўғри реклама тақиқланади

Яқинда ижтимоий тармоқларда айрим супермаркетлардаги маҳсулот нархлари юзасидан кенг жамоатчилик ўртасидаги қизғин муҳокамаларни ўқиб қолдим. Кўпчилик маҳсулот нархини 10-20 сўм арзон (масалан, 13990 сўм тарзида) кўрсатиб, харидорларни ўзига жалб қилаётгани юзасидан турли мулоҳазалар билдирган. Баъзан арзимас кўринган қайтимни ололмаганлар ҳам орамизда анчагина экан. Бу усулни қўллаш ҳам психологик таъсир омилларидан бири. Аслида уни қўллашнинг ҳам қандайдир тартиб ва меъёрлари борми? 

— Ўзи ишлаб чиқараётган ёки сотаётган маҳсулотлар нархини белгилаш ҳуқуқи ишлаб чиқарувчи ёки сотувчига тегишли ҳисобланади ва бозордаги талаб ва таклиф муносабатларига кўра белгиланади  — дейди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти катта маслаҳатчиси Нурбек Тошканов. —  Нархни 10-20 сўмга арзонроқ қилиб, харидорни жалб қилиш бу — маркетинг. Маҳсулот шу нархда сотилишига эълон берилган ва у шу нархда сотиляпти. Сотиб олиш ихтиёри эса харидорнинг ўзига тегишли. Бу ерда мажбурлаш ёки харидорни алдашга уриниш ҳолати кузатилмайди.

Лекин агар маҳсулотларга чегирмалар қўлланиши  тўғрисидаги эълонда чегирма шартлари тўлиқ кўрсатилмаган бўлса, бу нотўғри реклама ҳисобланади. «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига кўра ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида, рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талабларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бузиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга, шунингдек, давлатга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланади.

Фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан нотўғри реклама берганлик эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга биноан энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Мисол учун чегирма деб, чегирма шартлари аниқ кўрсатилмаса, айтайлик, чегирманинг  фақат битта маҳсулотга экани аниқ айтилмаса, бу чегирма тўғрисида муҳим маълумотлар қолдириб кетилиши орқали истеъмолчиларни чалғитиш ҳисобланади.

Демак, берилган эълон нотўғри (ёлғон) реклама ҳисобланади. Мазкур ҳолат юқорида таъкидлаб ўтилганидек жавобгарликка сабаб бўлади.

Кўринадики, ҳамма нарсанинг ўз талаб ва меъёрлари мавжуд. Шундай экан, ҳар бир инсон шахсий манфаатларини кўзлаб бирор ишни амалга оширишдан аввал, бошқалар бунинг жабрдийдасига айланмаслигини ҳам ҳисобга олиши зарур. Зеро, ҳалоллик ва тўғрилик билан йўлимиз равон ва узун бўлади.

Дарвоқе:

  • Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, харидорларнинг 90 фоиздан кўпроғи ўзи учун керакли маҳсулотдан кўра, чегирмаларга катта қизиқиш билдиришади.
  • Айрим мижозлар эса чегирмага асосан бирор буюм харид қилишдан кўра, ўз нархида хонадонига етказиб беришларини афзал кўрар экан.  
  • Psychology Today нашри ўтказган сўров натижаларига биноан, инсон психологиясига эълон матни ҳам катта таъсир кўрсатиши аниқланди. Айтайлик, 50 фоизлик чегирмага қараганда харид қилинган буюмга иккинчиси совға тариқасида берилади, деган хабар самаралироқ натижа беради.  

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш