«Оққўрғон деҳқон бозори»да савдо қилувчи аёллар Ички ишлар органлари ходимларига нега қаршилик кўрсатишди?

Кейинги пайтларда халқимиз орасида ижтимоий тармоқлар шу даражада оммалашдики, ҳар ким кўрган-билган, тасдиқланган ва тасдиқланмаган турли хил воқеа ва ҳодисаларни қўл телефони ёрдамида фото ва видео съёмка қилиб тарқатмоқда. Бир томондан бу аҳолини тезкор хабарлар билан таъминласа, иккинчи томондан халқимиз орасида ваҳима уйғотиб, тасдиқланмаган ахборотларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Ижтимоий тармоқ — хатарли қармоқми?

Яқинда ана шундай воқеа­лардан бири Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги «Оққўрғон деҳқон бозори»да савдо қилувчи аёлларнинг ички ишлар органлари ходимларига норозилик билдириб, жанжаллашаётгани акс эттирилган видеолавҳа эълон қилинди.

Унда жорий йилнинг 14 август куни соат 11.00ларда «Оққўрғон деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамияти ҳудудида хавфсизликни таъминлаш ва ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида бозор ҳудудига А.Навоий кўчаси томондан кириш қисмини девор билан беркитиш учун туман ҳокимининг 1836-сонли «Оққўрғон шаҳри «Бирлик» маҳалласи А.Навоий кўчаси ҳудудидаги бўш турган ер майдонида фуқаро Даврон Қурбонов томонидан икки қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилиши учун рухсат бериш» тўғрисидаги қарори асосида қурилиш ишлари бошланган вақтида шу ерда полиз экинлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш билан шуғулланаётган Э.А., Ю.А. ва Н.Б. исмли аёллар девор қурилса, савдолари юришмаслигини рўкач қилиб, фуқаролар орасида жамоат тартибини бузишган ва бақир-чақир қилиб, атроф­дагиларнинг эътиборини ўзига қаратиб, усталар ва бозор раҳбарини ҳақорат қилиб, қурилаётган деворни бузиб ташланган воқеаси акс этган.

Аслида бу жой бозорнинг асосий кириш йўлаги ёки бозор дарвозаси ҳам эмас. Бу ерда ёймачилар туфайли автомашиналар тирбандлиги вужудга келмоқда.

Воқеага ойдинлик киритилди

Мазкур ҳолат бўйича «Оққўрғон деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамияти маъмурияти томонидан туман ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Оққўрғон тумани ИИБ масъул ходимлари ва ҳудудий профилактика инс­пектори тартиббузарликни бартараф этиш мақсадида ҳодиса содир бўлган жойга етиб боришган вақтида бозорда савдо қилувчи юқорида санаб ўтилган аёллар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатишган.

Шундан сўнг, ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқаролар Э.А., Ю.А. ва Н.Б.ларнинг тартиббузарлик содир этишларининг олдини олиш чоралари кўрилган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ички ишлар органлари ходимлари бозор ҳудудида тартиббузарлик содир этаётган фуқароларга имкон қадар хушмуомалалик билан мурожаат қилишган. Аммо аёллар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, жамоат тартибини бузишга қаратилган ўз хатти-ҳаракатларини давом эттирганликлари сабабли, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган салбий оқибатларга чек қўйиш мақсадида ҳуқуқбузарларни туман ИИБга олиб бориш чоралари кўрилган ва суриштирув ишлари олиб борилган.

Аёлларни махсус автомашинага олиб чиқилаётган ҳолати шу атрофда жараённи кузатиб турган фуқаролар томонидан қўл телефони орқали тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

Воқеа содир бўлган куни туман ҳокими ва унинг ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раиси шу ердаги аёллар билан суҳбатлашган. Айни вақтда ушбу аёллар ўз юмушлари билан машғул.

Маст ҳолдаги фуқаро ички ишлар органлари ходимига тўсқинлик қилди

Юртимиздаги барча давлат ташкилотлари ходими халқимиз фаровонлиги, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устувор бўлишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Сўзимиз давомида қонуний манфаатлар устуворлиги деган сўзни ишлатганимиз бежиз эмас.

Боиси айрим юртдошларимиз уларга бўлаётган ҳурмат, эътибор ва кўмакларни суиистеъмол қилганча, қонунбузарликларга йўл қўйиб, давлат ташкилотлари ходимлари билан қўпол муносабатда бўлмоқда ёки уларга қўл кўтариб, тан жароҳати етказмоқда. Натижада эса бу каби фуқаролар қонун олдида жавоб беришларига тўғри келмоқда.

Бундай ҳолат жорий йилнинг 17 август куни Навоий вилоятида ҳам юз берди. Шу куни соат 19:10ларда Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ инспектори Навоий шаҳри И.Каримов кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келган, давлат рақам белгиси 85 971 SAA бўлган «Cobalt» русумли автомашинани пиёдага йўл бермагани учун тўхтатиб, ҳайдовчидан автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини тақдим этишини сўраган, аммо ҳайдовчи Жасур Сайитовда мазкур автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатлари бўлмаган. Шу сабабли, инспектор қонуний тартибда ҳайдовчи Ж.Сайитовга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани Навоий шаҳридаги жарима майдончасига олиб келган.

Бундан хабар топган ҳайдовчи Ж.Сайитовнинг 44 ёшли отаси Алишер Ҳайитов жарима майдончасига маст ҳолатда келиб, инспектор томонидан автомашинани жарима майдончасига қўйилишига фаол қаршилик кўрсатган. Сўнг уни ҳақоратлаб, унга қўл кўтарган ва тан жароҳати етказган. Натижада жиддий жароҳат олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиалига олиб борилган. Ҳозирда унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўз ўрнида фуқароларимизга бу каби ҳаракатлар қонунбузарлик ҳолати эканлигини эслатиш билан бирга, ҳар қандай келишмовчилик ва эътирозларини тартиббузарликка қўл урмай, қонуний йўл билан ҳал этишга эътибор қаратишларини сўраб қоламиз.

Рашид НАСИЛЛАЕВ,

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими.

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш