«Ақлли ҳисоблагичлар» ошириб ҳисоблайдими?

Агар истеъмолчи янги электр ҳисоблагич ўрнатилгунига қадар қандайдир ноқонуний йўллар билан электрдан фойдаланган бўлса, янги ҳисоблагич уни ҳам ҳисоблай бошлайди

Айни пайтда республикамиз бўйлаб автоматлаштирилган электр ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Бироқ бу юмушлар охирига етмасдан туриб, истеъмолчилар: «Ҳисоблагич кўрсаткичларни ошириб қайд этяпти», «Ақлли ҳисоблагичга ўтиш бизга нима учун керак?», «Электр ҳисоблагичларни алмаштиравериб чарчадик» қабилидаги фикрларни билдиришмоқда. Ҳисоблагичларнинг масъуллар томонидан текинга ўрнатиб берилаётгани ҳам кўпчиликда шубҳа уйғотмоқда.

Хўш, ўзи нима гап? Автоматлаштирилган электр ҳисоблагичлар аввалгиларидан нимаси билан фарқланади? Маҳсулотлар халқаро талабларга жавоб берадими? Унинг истеъмолчиларга яратадиган қулайлиги нимада? Яқин 4-5 йил ичида улар яна янгисига алмаштирилмаслигига ким кафолат беради? Бу билан электр етказиб беришдаги муаммолар ечим топадими? Шу каби саволларга Энергетика вазирлиги томонидан ўтказилган пресс-турда жавоб олдик.

Янги ҳисоблагичлар неча йил хизмат қилади?

— Автоматлаштирилган ҳисоблагичлар 25 йил давомида хизмат қилиш имконига эга, — дейди энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев. — 4-5 йилдан кейин янги технология чиқди, ҳисоб­лагичларни яна алмаштириш керак, деган ташвишга тушмаслик учун ўрганишлар олиб бордик. Автоматлаштирилган ҳисоблагичлар ўрнатиш лойиҳаси шу кунга қадар қоғозда эди. Бу жараён аслида 2006 йилда бошланган. 2000 йилда эса жаҳон тажрибасида қўлланилган. Ўша пайтда бизда, биринчидан, ҳисоблагичларнинг аниқ ҳуқуқий талаблари бўлмаган. Иккинчидан, мутахассис етишмаган. Айрим ҳолларда эса ишлаб чиқарувчиларга ишониб қолганмиз. Шунинг учун электр ҳисоблагичлар сўнгги йилларда кўп марта алмаштирилди. Ушбу ҳисоб­лагичлар икки томонлама ўлчаш хусусиятига эга.

Яна бир ҳолат. Ҳар биримиз реактив энергияни истеъмол қиламиз, бироқ ҳаммамиз ҳам унга тўлов амалга оширмаймиз. Шу кунгача фақат белгиланган тоифадаги истеъмолчилар бу учун тўлов тўлаган. Автоматлаштирилган ҳисоблагичларда уни ўлчаш функцияси ҳам қўшилди. Бу электр токининг сифатли бўлишини таъминлайди. Тўғри, битта ҳисоблагич ўлчаган реактив энергия билан ҳеч нарса ўзгармайди. Аммо тизим бизга бутун ҳолатни таҳлил қилиш имконини беради.

Ҳисоблагич нархи тарифга қўшиладими?

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: ҳисоблагичлар текин ўрнатиляпти, унинг нархини ким тўлайди? Зеро, унинг нархи ҳисоблагични ўрнатиб бериш билан бирга 770 минг сўмни ташкил этмоқда.

— Айтиш керакки, ҳисоб­лагичларни ўрнатиш бўйича қилинаётган харажатлар 8-9 йил ичида ўзини қоплайди, — сўзида давом этади Ш.Хўжаев. — Аммо бу истеъмолчи шунча муддат мобайнида янги ҳисоблагич қийматини ҳам тарифга қўшилган ҳолда тўлаб боради, дегани эмас. Чунки биз бу масалага бошқачароқ ёндашганмиз. Яъни олинадиган халқаро кредитларнинг барчаси узоқ муддатли бўлиб, 20-25 йилни ташкил этади.

Шунингдек, ҳозирги кунда ҳисоблагичларни алмаштириш бўйича иккита асосий манба бор — булар Осиё Тараққиёт банки ва Мажбурий ижро бюроси жамғармаси маблағларидир. Жамғармадан ажратиладиган маблағлар беғараз ёрдам сифатида келгани боис, тарифга қўшилмайди. Тарифнинг бир қисми эса Осиё Тараққиёт банкидан олинган маблағларни қайтаришга йўналтирилади.

Қурилмалар халқаро стандартларга жавоб берадими?

— Корхонамизда кунига 6 минг дона электр ҳисоблагич ишлаб чиқарилади, — дейди «Электрон ҳисоблагич» кўшма корхонаси бош директори ўринбосари Қаҳрамон Нурматов. — Керакли хомашёларни шу йўналишда тажрибага эга корхоналардан оляпмиз. Хусусан, ҳисоблагичларнинг ташқи ҳимоя қобиғини олайлик. У аслида ҳисоблагичдаги рақамларга ҳеч қандай таъсир ўтказмайди. Бироқ йиллар давомида тусини ўзгартириб, аҳолига ноқулайлик туғдириши мумкин. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун сифатли хомашёдан фойдаланяпмиз. Ўзбек-хитой қўшма корхонамиз Европа андозаси асосида ишлайди. Маҳсулотимизнинг асосий қисми ички бозорга йўналтирилган. Биз тайёрлаётган маҳсулотлар халқаро меъёрларга жавоб берадиган электр ҳисоблагичлардан пухтароқ. Боиси мамлакатимиз иқлими ўзига хос. Баъзи ҳудудларда кундузи ва кечки ҳаво ҳарорати кес­кин фарқ қилади. Биз ишлаб чиқараётган ҳисоблагичларда шуларнинг барчаси инобатга олинган.

Электр токи симларини алмаштиришгa ким масъул?

Электр ҳисоблагичлар янгисига алмаштириляпти. Аммо баъзи жойларда электр токи симлари эскирганига эътибор қаратилмаяпти. Аслида уларни янгисига алмаштиришга ким масъул?

— Ходимларимиз кўп қаватли уйга ҳисоблагич ўрнатишга боради, — дейди Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси раҳбари Даврбек Имомов. — Баъзи жойларда симлар эскирган ва талабга жавоб бермайди. Бизда уларни алмаштириб бериш ваколати йўқ. Бу хусусий уй-жой мулк­дорлари ширкатининг вазифаси. Кўп қаватли уйларнинг деярли барчасида симлар талабга жавоб бермайди. Ниҳоятда абгор ҳолатдагиларни алмаштиряпмиз, чунки бошқа иложимиз ҳам йўқ.

— Биз аҳолига электр энергиясини сифатли ва узлуксиз етказиб беришга жавобгармиз, — дейди Ш.Хўжаев. — Лекин истеъмолчига етиб борадиган охирги нуқта бизга эмас, ширкатга тегишли. Баъзида истеъмолчилар кимга мурожаат қилишини билмайди. Ширкатга борса, у меники эмас, дейди, электр корхонасига борса, улар бунга жавоб бермаслигини айтади. Ана шу ҳолатга чек қўйиш мақсадида Адлия вазирлиги билан чуқур таҳлил ўтказдик. Бунда маълум бир миқдор маблағни электр симларининг ҳолатини техник талабга жавоб берадиган шаклда сақлашга қаратиш кераклигига эътибор қаратдик. Агар бу тармоқлар балансимизга ўтказилса, кўрсатилган хизмат ва харажатлар учун аҳоли ширкатга тўлаган 1 сўмини бизга тўлаши керак бўлади.

Эски ҳисоблагичларнинг аниқлик даражаси эскирган... (ми?)

Ўрнатилаётган янги ҳисоб­лагичларда аниқлик даражаси аввалги индукцион ёки биринчи авлодга мансуб айрим электрон ҳисоблагичлардан бирмунча юқори. Мисол учун, индукцион ҳисоблагичда аниқлик даражаси ±2,5 фоизни, янгисида эса ±1,0 фоизни ташкил этади. Индукцион ҳисоблагичларнинг аниқлик даражаси ҳар беш йилдан сўнг ±5 фоизга камаяди. Демак, биз айни пайтда фойдаланаётган айрим индукцион ҳисоблагичларда аниқлик даражаси ±10 фоизга ошиб кетган.

Шу ўринда савол туғилади: янги ҳисоблагичлар электрни нотўғри ҳисоблаётгани юзасидан бўлаётган эътирозлар қаердан келиб чиқяпти?

— Агар ушбу истеъмолчи янги электр ҳисоблагич ўрнатилгунига қадар қандайдир ноқонуний йўллар билан электр токидан фойдаланган бўлса, янги ҳисоблагич уни ҳам ҳисоблай бошлаган, — дейди Ш.Хўжаев. — Янги ўрнатилган ҳисоблагичларга дастур ўрнатиб, у ноқонуний йўл билан уланишни сезганида электрни ўчириб қўядиган қилсак бўларди. Лекин биз бундай қилмадик. Ҳисоблагич истеъмолчининг ноқонуний тарзда тармоққа уланганини аниқласа, ўчиб қолмайди, ишлашда давом этади. Бироқ ноқонуний тарзда фойдаланишни ҳам тегишли тартибда қайд этади.

«Аниқлик синфи», «сезгирлик даражаси» деган тушунчалар бор. Эски электр ҳисоб­лагичлар ўрта ҳисобда 30 йил хизмат кўрсатган, унинг ички механизмлари эскирган ҳамда электр истеъмолини тўғри ҳисобламаган. Шунинг учун, табиийки, янги турдаги электр ҳисоблагичларга ўтилганидан сўнг улар хонадонда мавжуд барча электр истеъмолини ҳисоблай бошлаган. Эски ҳисоблагичлар бу миқдорни қайд этмаган.

Садоқат МАХСУМОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш