Юнусободдаги Оқтепа тепалиги остидаги сирлар

Тупроқ қаърида асрлар давомида сукунатга чўмган бу жойлар олис ўтмишда обод шаҳару кентлар бўлганига ишонгингиз келмайди. Тошкентнинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Оқтепа археологик ёдгорлиги билан танишар экансиз, хаёлан олис мозийга сайр қилгандек бўласиз. Илк ўрта асрларда, яъни 16 аср муқаддам бино қилинган улкан истеҳкомнинг харобаси бўлган бу тепаликда қаср, қўрғон ҳамда уларга туташиб кетган ҳунармандчилик маҳаллаларининг вайроналари бор. Оқтепа пирамидага ўхшаш баланд тепа, унга ёндашган пастроқ тепа ҳамда уларга туташиб кетган бир нечта ясси тепаликлардан иборат. Унинг энг баланд қисми 21 метрга тенг. Бир пайтлар ҳудуди қарийб юз гектар майдонни эгаллаган тарихий обиданинг бугунга келиб атиги тўрт гектари қолган, холос.

Кўҳна манзилнинг кашф қилиниши

— Мазкур тепаликларни ўрганиш ўн тўққизинчи асрнинг 80-йилларидан бошланган, — дейди Ўзбекистон миллий университети тарих факультети ўқитувчиси Раҳмон Ибрагимов. — Дастлаб уни 1886 йилда В.П.Наливкин қайд қилган. Кейин турли йилларда бу ерда археологлар томонидан қазишма ишлари бажарилган. Хусусан, 1940-1941 йилларда А.И.Тереножкин қисман қазишмалар олиб борган. 1975 ва 1977-1983 йилларда эса Тошкент археология экспедицияси кенг кўламда ўрганган. Ушбу қазишма ишлари Оқтепанинг қандай ёдгорлик эканлиги, унинг тузилиши, пайдо бўлган ва харобага айланган даврлари ҳамда вайронагарчилик сабабларига ойдинлик киритди.

Маълум бўлишича, Оқтепа канали бўйида жойлашган Юнусобод Оқтепа ёдгорлиги тарихи V-XIII асрларга бориб тақалади. Унинг жанубий томони баландроқ тепалик кўринишидаги арк ва қишлоқдан иборат бўлган. Арк харобалари шимолдан жануб томонга чўзилган ва қишлоқдан чуқур жарлик билан ажратилган. Кенг ҳовли ва унинг жанубий қисмида қаср харобалари жойлашган бўлиб, қазиш вақтида хом ғишт ва пахсадан қурилган, меъморий жиҳатдан яхши сақланган бинолар қолдиқлари очилган.

Осма кўприк, лабиринтсимон дарвоза...

«Тошкент» энциклопедиясида қайд этилишича, мажмуада қурилиш 3 босқичда амалга оширилгани аниқланган. Биринчи босқичдан (V–VI асрлар) қалъанинг ички қисмидаги бир неча хона ва йўлаклар сақланиб қолган. Қишлоқдаги ҳаётнинг сўнгги даври (VII–VIII аср боши)га оид ансамбль баланд қаср (майдони 80х80 м.), ҳовли ва қаср этагида жойлашган сарой типидаги иншоотдан иборат. Ансамбль мудофаа девори ва хандақ билан ўралган. Қасрга ғарб томондаги хандақ устига қурилган осма кўприкдан ўтилган. Кўприкдан ўтилгач, лабиринт кўринишидаги дарвозага, сўнгра ҳовлига кирилган. Дарвозалар олдида қўриқчилар хонаси, шимолда саройсимон иншоот, қаср жойлашган. Қасрга квадрат минора орқали пандус билан кўтарилган. Қаср икки қатор йўлаклар билан ўралган. Устки қатор йўлаклар бурчакларида думалоқ гумбазли хоналар бўлиб, улар ташқаридан айлана минорага ўхшаб кўринган.

Қаср нимага мўлжалланган?

Қасрнинг ичи икки қисмга бўлинган. Fарбий қисм бурчагида икки қаватли баланд минора — мўла қад кўтарган. Пастки қаватда гумбазли учта йўлак, юқорида — деворий расмлар билан безатилган зал жойлашган. Шу ерда оташпарастларнинг икки хонали саждагоҳи, қўшимча ёндош хоналар бўлган.

Асосий хонанинг деворлари тагида супалар, марказда оташгоҳ бўлиб, унинг усти ёғоч билан рамзий ёпилган. Қуёш нурларидан муҳофаза қилинган яланг деворли хона зардуштийлар оташгоҳи талабларига мос равишда бунёд этилган. Бу қисм марказида куб кўринишидаги маҳобатли бино қад кўтарган, унинг усти гумбаз билан ёпилган, деворлари қалин бўлган, ичида супалари — новуслар жойлашиб, уларга зардуштийлар удумига кўра остадонлар қўйилган. Қасрнинг шарқий қисмида хўжалик (ошхона, узум эзадиган қурилма, тандирлар) ва омбор­хоналар жойлашиб, улар узун, икки қаватли йўлак қўринишида бўлган, у ердаги супаларга хумлар қўйилган. Қасрдаги йўлакларда шу давр учун хос бўлган шинак-туйнуклар бўлмаган, унинг мудофааси йўлакларга ўрнатилган усти том кунгуралари ортидан амалга оширилган. Омборхоналар ва минора тепасига зинапоя билан чиқилган, у ерда майдонча бўлган, натижада қаср зинапоясимон ташқи қиёфа кўринишини олган. Ҳовлидаги сарой мажмуаси учта йирик зал, кенг ҳовли ва ички хоналардан ташкил топган. Заллар усти ёғоч тўсинлар билан ёпилган, уларнинг бир қисми қулаб тушган ҳолатда сақланган. Деворлар рангли, нақшинкор сюжетли расмлар билан безатилган. Марказий зал — маросимлар ўтказиладиган зал атрофи зинали супалар билан ўралган, марказида тахт ўрнатилган.

Ноёб топилмалар жамламаси

Қалъадаги археологик топилмалар алоҳида диққатга сазовор. Жумладан, тош, суяк ва металдан ясалган қурол-яроғ, зеби-зийнат, темир пичоқ, ханжар, болта, ўроқ, уч парракли ўқ пайконлари, тош ёрғучоқлар, тоғ хрустали, кўзли кумуш узук ва бошқа нарсалар топилган. Айниқса, нуроний мўйсафид тасвирли терракота (сопол буюм) Шошда яшаган қадимги аҳолининг этник қиёфаси ҳақида тасаввур беради.

Инқирозга нима сабаб бўлган?

Юнусобод Оқтепаси VII-VIII аср бошида яшаган чочлик йирик зодагоннинг қасрли чорбоғи, саройи бўлгани тахмин қилинади. Бу ерда ўша даврга мансуб топилмалар, жумладан, уммавийлар халифалиги (VIII асрнинг биринчи ярми)га оид кумуш тангаларнинг кичик хазинаси топилган. Ушбу тангалар ва кўшк биноларидаги кучли ёнғин асоратлари араблар босқини бу ерда вайронагарчилик келтириб чиқарганини кўрсатади. VIII асрнинг иккинчи ярмида ёдгорлик ҳудудида ҳаёт қайта жонланган, IX-XII асрларда эса у Бинкат вилоятининг мустаҳкамланмаган қишлоқларидан бўлиб, XIII аср бошида мўғуллар истилоси даврида инқирозга учраган.

Хуллас, қадимги Шарқ меъморчилигининг ноёб обидаси бўлмиш Юнусобод Оқтепаси илк ўрта аср шаҳар қурилиш санъати ва маданияти намунаси сифатида катта аҳамиятга эга.

Тўлқин ШЕРНАЕВ тайёрлади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш