Нукус шаҳар ҳокимлиги диққатига: мутасаддилар муаммоларга нега бефарқ?

Аввал чиқиндилар ёқиб юборилар ёки чуқур ковланиб, кўмиб қўйиларди. Бу атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиши баробарида аҳоли соғлиғига ҳам хавф туғдирарди. Эндиликда бу каби ҳолатлар барҳам топди. Чиқиндиларни олиб кетиш учун махсус машиналар бириктирилди. Йўналишдаги ишларга масъул «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасининг саъй-ҳаракатлари эътиборга молик.

Хўш, унинг ҳудудлардаги филиаллари ишидан ҳам кўнгил тўладими? Биргина Нукус шаҳридаги маҳаллаларга «Тоза ҳудуд» корхонаси филиали ва тўртта тадбиркорлик субъекти хизмат кўрсатмоқда. Уларга шаҳардаги 59 та фуқаролар йиғини бириктирилиб, аҳоли билан шартномалар тузилган.

Ҳаммаси жойида эди, бироқ...

Бир неча йил чиқиндиларни олиб кетиш ишлари рисоладагидек бажарилди, бундан фуқаролар ҳам мамнун эди. Аммо Нукус шаҳри ташқарисида чиқиндилар ташланадиган ҳудуднинг ёпиб қўйилиши билан ҳаммаси бошланди. Махсус ҳудуд эшиклари нега ёпилди, аҳоли хонадонлари ва ишлаб чиқариш корхоналаридан чиққан чиқиндилар энди қаерга ташланади, деган саволлар эса очиқлигича қолди. Мурожаатларга ҳудудга яқин аэропортга самолёт қўниши пайтида қаттиқ шамол туриб полиэтилен халтачаларни ҳавога учириб, ён-атрофга ёяётганини сабаб қилиб келтириш билан кифояланишди. Шу баҳона бўлдию, хонадону корхоналардан чиқиндиларни олиб кетиш тизими ҳам издан чиқди. Орадан икки ой вақт ўтди. Ҳокимликдан бирон ким мазкур масала билан қизиқмади.

Рейд нимани ўзгартирди?

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг Нукус шаҳар бўлими ва инспекция ходимлари ҳамкорлигида ҳудудда рейд ўтказилди. Жараёнда «Нукус тозалаш» МЧЖ ҳайдовчиси маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойга тўкаётгани аниқланди. Афсуски, бу каби ҳолатлар кундан-кунга кўпаймоқда. Ўзбошимчалик билан олиб келинган чиқиндилар уюми эса аллақачон тоғ каби кўтарилиб улгурган. Ён-атрофни эса бадбўй ҳид тутган. Полиэтилен пакетлар ниҳоятда катта ҳудудни эгаллаган.

Чиқинди ташлаганлар жаримага тортилди

— Чиқинди ташлаш учун махсус ҳудуд ажратиш бўйича Нукус шаҳар ҳокимлигига хат юборганмиз, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси бўлим бошлиғи Камал Сейтниязов. — Оммавий ахборот воситаларида бу бўйича бир неча маротаба чиқишлар ҳам қилинди. Аммо шаҳар ҳокимлиги бундан тегишли хулоса чиқармади. Натижада шаҳар яқинидаги бир нечта бўш ҳудудда чиқиндихоналар юзага келди. Афсуски, бу ҳозир ҳам давом этмоқда. Тадбиркорлик субъектлари ходимлари ҳам чорасизликдан чиқиндиларни тўкиб кетишмоқда. Рейд давомида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари учун 3 кишига жарима солинди.

Нукус шаҳри ишлаб чиқариш ривожланган ҳудуд. Табиийки, бу ердан кунига 2-3 машинада чиқиндилар олиб кетилади. Шаҳар яқинидаги «чиқиндихона» эса тобора кенгаймоқда. Хўш, чиқиндиларни олиб кетишга масъул ташкилотлар бу вазиятга қандай изоҳ беради?

Мурожаатларимиз эътиборсиз қолдирилмоқда

— Нукус шаҳридаги 13 та маҳалладан чиқиндиларни йиғиш ва ташиш бизга юклатилган, — дейди «Нукус тозалаш» МЧЖ раҳбари Жоллибай Торемуратов. — Айни пайтда 4 та махсус транспорт тўлақонли фаолият олиб бормоқда. Экология қўмитаси томонидан ўтказилган рейдда ҳайдовчимиз белгиланмаган жойга чиқинди тўккани учун жаримага тортилди. Бу биз учун сабоқ бўлди. Бироқ чиқиндиларни қаерга тўкайлик, деган саволимизга ҳеч ким жавоб бермаяпти. Шаҳар ҳокимлигига қилган мурожаатимиз ҳам жавобсиз қолмоқда. У ерга олиб бориб тўкаверинг, деб айтилган оғзаки жавоблар эса ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга эмас. Яна бир ҳолат бизни ташвишга солмоқда. Яъни авваллари ташланган чиқиндилар алоҳида йиғилиб, қайта ишлаш учун сараланарди. Бугун эса бу билан бирон кимнинг иши бўлмаяпти. Экология қўмитаси эса фақат рейд ўтказиб, жарима солиш билан овора. Улар шу каби масалаларга эътибор қаратиб, бизга керакли шароитларни яратиб беришса, яхши бўларди.

— Вазиятдан хабаримиз бор, — дейди Нукус шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Султон Бойниязов. — Чиқиндилар полигонини қуриш учун «Roodell-recovery» МЧЖга 50 гектар ер ажратиб берилган эди. Бироқ икки ой олдин мазкур ташкилот ўз фаолиятини тугатди. Ажратилган ер ҳам балансидан чиқарилди. Ҳозирда тадбиркорлик субъектлари билан шартнома тузиш ишлари олиб бориляпти. Тез орада чиқиндилар полигони «Мингбай Нукус» МЧЖ балансига ўтказиб берилади. Шу билан ҳудуддаги муаммолар ҳам барҳам топади.

Масъуллардан жавоб кутамиз

Аслида, ҳудудларда махсус чиқинди ташлаш жойларини ташкил этишга ким жавобгар? Ҳокимликларми ёки экоташкилотлар?

Жорий йилнинг 7 мартида Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашининг топшириғи асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 95-сонли қарори қабул қилинди. Унда чиқиндиларни белгиланмаган ҳудудларга ташлашга йўл қўймаслик масаласига эътибор қаратилган. Жойларда маиший чиқинди полигонларини тартибга келтириш ва ҳудудни чиқиндилардан тозалаш ишларига шахсан шаҳар ва туман ҳокимлари масъул этиб белгиланган. Шу асосда барча вилоят, шаҳар ва туманларда чиқиндиларни ташлаш ва зарарсизлантириш(кўмиш) учун махсус полигонлар ташкил этилиши қайд этилганди.

Лекин негадир ушбу талаб Нукус шаҳар ҳокимлиги томонидан бажарилмаяпти. Агар аҳвол шу тарзда давом этаверса, шаҳар атрофи чиқиндихоналар билан ўралади. Бу эса ҳудудда турли юқумли касалликлар кўпайишига сабаб бўлади. Бу мавзуга яна қайтамиз.

 

Омирбай ЕСБЕРГЕНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш