«Рақобат тўғрисида»ги қонун талаблари нега бузилмоқда?

Иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, бозор инфратузилмасини ривожлантириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш туфайли хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши тобора ортиб бормоқда. Ишбилармонларнинг бизнеси ривожланиши, қамровининг кенгайиши нафақат бир инсонга, балки жамиятга-да наф келтиряпти. Уларнинг эмин-эркин фаолият юритиши, маҳаллий ва жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлиши эса табиийки, яратиб берилган меҳнат шароитига боғлиқ.

Хўш, юртимизда тадбиркорлик субъектларининг ўзаро соғлом рақобатга киришишига ҳеч ким тўсиқ бўлмаяптими? Ёки бир томон манфаати ўзгаларникидан устун қўйиляптими? Маҳаллий ҳокимликлар томонидан чиқарилган қарорлар-чи, уларнинг оёғига тушов эмасми? Шу каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қонун ҳужжатлари ва давлат органлари қарорларининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Санжар Абдуқодировга мурожаат қилдик.

218 та қарорда қонун талаблари бузилган

Айни пайтда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан қабул қилинган ҳужжатларнинг рақобатга таъсирини баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.

Шу кунга қадар республикамизнинг 56 та шаҳар ва туманида ўрганишлар ўтказилди. 218 та ҳолатда маҳаллий ҳокимликлар томонидан рақобатни чеклайдиган ҳужжатлар ҳамда ҳаракатлар содир этилгани аниқланди. «Рақобат тўғрисида»ги қонун талаблари бузилганлик аломатлари юзасидан 37 та шаҳар ва туман ҳокимликларига нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун иш юритувига олинган.

Рақобатни чеклаган ким?

Аниқланишича, Андижон вилояти Асака тумани ҳокимлиги «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Андижон филиали директори номига жорий йилнинг 7 январида 01/21-сонли хат йўллаган. Унда Асака туманининг Ҳумо кўчаси ва А.Темур мавзесида қурилиши режалаштирилган 24 хонадонли тўрт қаватли уй-жой қурилиши учун тавсия қилинган «Шаҳрихон юлдузи» МЧЖ ва «Сапфир Бўстони» МЧЖ ўрнига «Моҳир меъмор қурувчи» МЧЖ ва «Идеал Бунёдкор» МЧЖни бош пудратчи сифатида алмаштириш сўралган. Бу билан рақобат чекланган. Яъни айрим тадбиркорлик субъектларига шартномалар тузишда устунлик бериш ҳаракатларига йўл қўйилган.

Ҳокимлик тадбиркорга шарт қўйди

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокимлиги эса Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига 2019 йил 13 апрелда йўллаган 01/292-сонли хатида эътиборсизликка йўл қўйган. Яъни доломит қазиб олиш учун «Kvarts» АЖ Деҳқонобод туманидаги «Отқамар» маҳалласидаги 31 гектар ер майдонида геологик қидирув ишлари учун лицензия олиш бўйича танловда ғолиб чиққан. Бироқ ҳокимлик тадбиркорлик субъектига Деҳқонобод туманидан солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиши, кейин ер ажратилиши тўғрисида кафолат хати берган. Бу тадбиркорлик субъектига ортиқча шартлар жорий этиш, унинг фаолияти учун бошқа камситувчи шартлар белгилашга олиб келган.

Қонун талаби нега бузилди?

Тошкент вилоятида йўловчи ташиш йўналишлари бўйича тендер савдоларини ўтказиш комиссияси таркибини шакллантиришда ҳам қонун талаблари бузилган. Маълум бўлишича, вилоятда тендер савдоларини ташкил этиш комиссияси таркибида «Тошвилтранстерминал» уюшмасининг вакили бўлган. Бу эса тендер савдоларида рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатган.

Тошкент вилояти ҳокимининг 2019 йил 22 апрелдаги 317-сонли қарорига асосан, жами 13 кишидан иборат бўлган вилоят комиссияси таркиби тасдиқланган. Бироқ бу жараёнда комиссия тўғрисидаги Намунавий низом талабларига риоя этилмаган. Хусусан, комиссия таркибига бошқа идоралар вакиллари билан бир қаторда вилоят транспорт бошқармасидан 4 нафар вакил ва «Тошвилтранстерминал» уюшмаси раиси киритилган.

Маълумот учун, Тошкент вилоятида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 306 та хўжалик юритувчи субъектдан 59 таси «Тошвилтранстерминал» уюшмаси аъзоси ҳисобланади. Мазкур уюшма раисининг комиссия таркибига киритилиши тендер савдоларида уюшма аъзоларининг бошқа хўжалик субъектларига нисбатан афзал ҳолатга эга бўлиши мумкинлигига олиб келади.

Бундан ташқари, комиссия аъзолигига транспорт тизимидан жами 5 киши (комиссия таркибида 38,4 фоиз) киритилиши, ўтказилаётган танловларда овоз беришда манфаатлар тўқнашувига олиб келган. Мазкур ҳолатлар Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан «Олмалиқ Исузу Транс» МЧЖ ва Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирокида кўриб чиқилди. Натижада Тошкент вилояти ҳокимлиги «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддаси тегишли қисмлари талабларини бузган, деб топилди. Қонун бузилиш ҳолатини бартараф этиш бўйича кўрсатма берилган.

Ҳужжатлар нега бекор қилинди?

Ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 37 та шаҳар ва туманларга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатини бартараф этиш ҳақида тақдимнома киритилган. Рақобатни чеклашга олиб келган 10 та ҳужжат бекор қилинган.

Қўмитага жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 193 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари киритилган. Улардан 78 фоиз (153 та) ҳолларда рақобатни чекловчи, биринчи навбатда, айрим хўжалик юритувчи субъектларга асосланмаган имтиёзлар, преференциялар ва бошқа бозор иштирокчиларига нисбатан устунлик ҳуқуқини беришни кўзда тутувчи нормалар киритилгани аниқланди. Ўз навбатида, вазирлик ва идоралар томонидан тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларида «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига зид бўлган нормалар киритилгани юзасидан хулосалар берилган.

Садоқат МАХСУМОВА ёзиб олди.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш