«Катта еттилик» давлатлари нега Россияни қўшиб олишни истамаяпти?

Жаҳоннинг иқтисодиёти юксак ривожланган етти мамлакати — АҚШ, Канада, Германия, Буюк Британия, Япония, Франция ва Италия раҳбарлари «Катта еттилик» клуби доирасида бу сафар Франция мезбонлигида тўпланишди. Дунёнинг энг ўткир муаммолари муҳокама қилинган учрашувда экспертлар кутганидек, АҚШ ва Буюк Британиянинг тузилмага аъзо бошқа мамлакатлар билан қарама-қаршилиги юз бермади. Кўплаб масалалар юзасидан фикрлар хилма-хиллигига қарамай, «Катта еттилик» еттилигича қолди.

Якуний ҳужжатда нималар акс этди?

Франциянинг Атлантика океанига туташ Биарриц курорт шаҳарчасидаги етакчи дунё давлатларининг 44 йиллик учрашуви тарихида биринчи марта якуний ҳужжат имзоланиши барбод бўлишига бир баҳя қолди. Ҳужжат имзоланди, бироқ атиги бир саҳифадан иборат бўлди ва савдо масалалари, Эроннинг ядро дастури, Украина, Ливия ва Гонгконгдаги вазиятни ўз ичига олди.

Рўйхатда биринчи банд бўлиб савдо масалалари турибди. Унда таъкидланишича, «G7» очиқ ва адолатли савдо ҳамда жаҳон иқтисодиёти барқарорлиги тамойилларини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, «еттилик» иштирокчиларининг Жаҳон савдо ташкилотини самаралироқ қилиш учун бир нечта соҳалар бўйича ўзгартириш истаги билдирилган. Эрон ядро дастури иккинчи банд бўлиб турибди. «Биз икки мақсад борасида тўлиқ якдилмиз: Эронда ядро қуролига йўл қўймаслик ва минтақада тинчлик ҳамда барқарорлик ўрнатилишига кўмак бериш», деб таъкидлашган клуб аъзолари.

Учинчи ўринда Украинадаги вазият ҳукмрон. Ушбу бандда Франция ва Германия яқин ҳафталарда «норманд формати»да учрашув ташкиллаштирмоқчи экани таъкидланган. Якуний баёнотнинг тўртинчи бандида Ливия масаласига эътибор қаратилган. «Катта еттилик» етакчилари ушбу давлатда ярашувни қўллаб-қувватлашади. Баёнотнинг охирги бандида Гонгконгдаги вазиятга тўхталган. Баёнот муаллифлари у ерда зўравонликдан қочишга чақиришган ва 1984 йилда Буюк Британия ҳамда Хитой ўртасида тузилган декларация муҳимлигини таъкидлаб ўтишган.

Саммитга Эрон томони нима учун чақирилди?

Анжуманда «ёниб» турган дунё муаммолари туриб, Бразилиядаги ўрмон ёнғинларини қутқариш мавзусига кўпроқ эътибор қаратилди, десак янглишмаймиз. Бразилия «Катта еттилик» давлатларининг Амазония ўрмонларидаги ёнғинларни ўчиришдаги ёрдамини рад этди. Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон «еттилик» Амазониядаги ўрмон ёнғинларини ўчириш учун 20 млн. евро миқдорида шошилинч ёрдам юборишини айтган. Канада ҳам 15 млн. доллар ажратишга ваъда берган. Бироқ Бразилия ушбу ёрдамни олишни истамаган.

Саммит мезбони Франция президенти Эммануэл Макрон кўплар учун кутилмаганда Биаррицга Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифни таклиф этди. Эрон бош дипломати билан музокараларнинг асосий мавзуси Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги охирги бир неча ойлардан бери жиддий можарога сабаб бўлиб келаётган Эроннинг ядровий дастурига оид халқаро келишувни сақлаб қолиш бўлди.

Маълумки, АҚШ Теҳроннинг ядровий қурол яратишига йўл қўймаслик мақсадида 2015 йилда имзоланган шартномадан бир томонлама тартибда чиқиб кетган ва санкцияларни қайтадан тиклаган эди. Бунга жавобан Форс кўрфази давлати ядровий дастурига оид битимдан босқичма-босқич чиқишини ва ҳужжатда кўрсатилган даражадан юқори миқдорда уранни бойитишини эълон қилди. Макроннинг Зариф билан учрашуви ҳам муваффақиятли деб тан олинди. Ваҳоланки, Эрон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари 2015 йилдаги келишувни қайта кўриб чиқиш хусусидаги музокаралар олиб борилмаслигини ошкор қилди.

Россия ташкилот аъзолигига қайтадими?

Биаррицда Россия иштирокида «Катта саккизлик» шаклига қайтиш эҳтимоли ҳақидаги савол ҳам кун тартибига қўйилди. «G8»ни тиклашни аввалгидек АҚШ президенти таклиф этди. Негаки, клуб саммитларида, асосан, Россия мавзуси ёки унинг Эрон, Венесуэла, Сурия, Шимолий Корея, Украина зиддиятларидаги иштироки муҳокама қилинади. Ваҳоланки, учрашувда Россиянинг ўзи иштирок этмас экан, бу мавзуларни муҳокама қилиш маънисиз кўринади. Ғояни истеъфога кетаётган Италия бош вазири Жузеппе Конте қўллаб-қувватлади, Япония бош вазири  Синзо Абэ нейтрал позицияни сақлаб қолди. Франция, Буюк Британия, Германия ва Канада Россиянинг «Катта саккизлик»ка қайтиш таклифига рад жавобини беришди. Уларнинг фикрича, Москвани 2014 йилда клубдан чиқарилишига олиб келган Қрим аннекцияси ва Украина шарқидаги уруш оқибатлари ҳануз бартараф этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Россияни «Катта саккизлик»дан 2014 йилнинг мартида мамлакат клубга раислик қилаётган пайтда чиқариб юборишди: Сочида белгиланган учрашувга ҳеч қайси давлат вакили келмади.

Келгуси «G7» саммити 2020 йилда АҚШда ўтказилади. Францияда Дональд Трамп ҳамкасбларини Россиянинг етакчи давлатлар раҳбарлари учрашувидаги мақомини тиклаш заруратига ишонтира олмади. Айни пайтда АҚШ президенти 2020 йилги Майамида ўтадиган йирик тадбирга Россия президенти Владимир Путинни таклиф этиши мумкинлигини назардан соқит қилмади.

«Катта еттилик» «жонсиз» ташкилотга айланиб улгурди...  (ми?)

Очиғини айтганда, 1975 йилда дастлаб олти мамлакат иштирокида ташкил топган ва кейинчалик Канада қўшилган «Катта еттилик» ҳозирги кунга келиб салоҳиятли клубдан «жонсиз» ташкилотга айланиб улгурган. Кўпчилик таҳлилчилар наздида атавизм (мажруҳлик кўриниши) аномалияси касб этувчи ушбу саммит ҳеч қандай фойдали мақсадга хизмат қилмайди. Шундоқ ҳам баёнотлари бажарилмайдиган, декларатив хусусиятга эга сиёсий жамият обрўси аллқачон тўкилиб бўлган. Ҳатто Россия АҚШ президенти Дональд Трампнинг Москвани жамиятга қайтариш ташаббусига совуққонлик билан жавоб қайтарди.

Ҳар ҳолда, сўнгги ўн йил ичида дунёда улкан ўзгаришлар юз берди: Ғарб илгари бўлгани каби халқаро майдонда етакчилик қилмай қўйди, шу боис ҳам «G7»ни сақлаб туришдан ҳеч қандай наф қолмади. Камига «еттилик» ўрнига аллақачон глобал ташкилот бўлмиш — «Катта йигирматалик» келган. Ҳақиқатан ҳам, «Катта еттилик» ташкил этилаётган вақтларда Ғарб давлатлари жаҳон иқтисодиётида салмоқли ўрин эгаллар эди. Бугунги кунда уларнинг орқасида Хитой, Ҳиндистон, Бразилия давлатлари бўй кўрсатиб, кундан-кунга жадал равишда ривожланиб бормоқда.

«G7» форматидаги учрашувлар эндиликда сиёсатни эмас, балки у ҳақдаги хотираларни эслатмоқда. «Еттилик» давлатларининг рўй бераётган ҳодисаларга таъсир ўтказиши сезиларли даражада пасайган ва бу ҳақиқатни инкор этиб бўлмайди. «Еттилик» аъзолари жараён иштирокчилари мақомини йўқотиб, АҚШ кўзгусига айланди. Кўзгулар билан эса ҳеч ким гаплашишни хоҳламайди.

Дунё учун АҚШ — Россия муносабатлари муҳимроқ

Аслида дунё учун Россия ва АҚШ муносабатлари муҳимроқ. Улар ўртасидаги илиқлик оз бўлса-да, дунё барқарорлигига хизмат қилади. Тўғри, дунёнинг турли минтақаларида таъсир доирасини бўлиш интилишлари, манфаатлар тўқнашуви алоқаларга соя солиб келган. Телеэкранлар қаршисида табассумлар, қўл сиқишлар ҳаммаси рисоладек кечаётганини англатмайди. Олий даражадаги музокаралардан кейин ҳаммаси «эски тос, эски ҳаммом» бўлган кезлар кўп бора юз берган. 

Бугун Сурия, Украина, Венесуэла, Эрон, Афғонистон, Шимолий Корея мавзуси билан боғлиқ муаммолар кун тартибига чиққан. Албатта, АҚШ — Россия вакилларининг мулоқоти тўхтаб қолган 2015-2019 йилларда бу мамлакатлардаги вазият қанчалик таранглашганига гувоҳ бўлдик. Аммо 2019 йилнинг май ойида АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг Сочида Россия президенти Владимир Путин ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувидан кейин дунёдаги кескинлик оҳанги бироз пасайди.

Айниқса, Венесуэладаги ҳукумат ва мухолифат зиддиятида «пауза» пайдо бўлди. АҚШ Суриядан қўшинларини олиб чиқишга киришди. Украина шарқида тинчлик ўрнатишга қаратилган «Минск-2 келишуви» доирасида Украина ва Донбассдаги айирмачи расмийлар ўртасида музокаралар қайта тикланди. Ниҳоят, Молдовадаги сиёсий инқирозга биринчи марта Россия, Европа Иттифоқи ва АҚШ воситачилигида ечим топилди. Россияпараст социалистлар ва европапараст АСУМ блоки коалицион ҳукуматни шакллантиришга муваффақ бўлди.

* * *

Хуллас, Франция саммити «Катта еттилик» мамлакатлари етакчилари учун жиддий синов бўлди, улар мавжуд қийинчилик ва тўсиқларни биргаликда бартараф этишга қодирми, деган саволларга ойдинлик киритиши керак эди. Ҳозирча бу саволнинг жавоби очиқ қолмоқда. 

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,

сиёсий шарҳловчи.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш