Ишлайман деганга имконият кенг

Наима ЖАББОРОВА,

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги «Катта Қорасув» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси:

— Мамлакатимиздаги ҳар бир ўзгаришлар, ютуғу камчиликлари билан барчаси маҳалла институтига дахлдор деб биламан. Чунки ҳар бир соҳа кишиси у, аввало, маҳалла аъзоси ҳисобланади. Дейлик, таълимнинг ривожланиши учун ҳам маҳалланинг ўрни беқиёс.

Бугун маҳаллага ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратиляпти. Маҳалла фаолиятига ҳуқуқий асос яратилди. Президент фармон ва қарорлари билан вазифаларимиз аниқ белгилаб берилди. Моддий таъминотимиз мустаҳкамланди. Очиқ айтиш керак, яқин-яқингача маҳалла раисининг фуқароларни қабул қилиши учун арзигулик қабулхонаси йўқ эди. Оғиримизни енгил қилиши керак бўлган мутасаддилар ҳам ишни талаб қилардию, аҳволимизга келганда мум тишлагани ҳам бор гап.

Бугун вазият тубдан ўзгарган. Ишлайман, халқимга хизмат қиламан деган одамга барча имконият яратиб берилди. Масалан, бизнинг «Катта Қорасув» маҳалламиз ҳудудида 2017 йил бошида ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Йўллар, уйларга кириш йўлаклари таъмирланиб, болалар учун майдонча қурилди. Қорасув анҳори ёқасида нуронийларимиз учун ажойиб чойхона қад ростлади. Маҳалла биноси капитал таъмирдан чиқди. Бугун нафақат фуқароларни қабул қилиш учун хона, мажлислар зали, кичик зал, қолаверса, кутубхона, тўгараклар, тадбирлар ўтказиш учун хиёбонлар бунёд этилди. Бу, биз маҳалла раисларига янада катта масъулият юклайди. Бу хонадонма-хонадон юриш, одамларнинг дардини билиш, уларга амалий ёрдам билан эртанги кун учун умид, ишонч бериш керак дегани.

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан менга берилган мукофот аслида мамлакатимизда маҳалла институтига қаратилган эътибор, фуқароларимизнинг бизга бўлган ишончи самараси деб биламан.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш