Нуронийларнинг ўз ўрни ва сўзи бор

 

Сайдулла БОЙЗАҚОВ, 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Пайариқ тумани кенгаши раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби:

— Кексалардан дуо олган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Бугун Юртбошимиз томонидан нуронийларга қилинаётган ғамхўрлик ва эътибор алоҳида эътирофга молик. Кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш натижасида улар мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишаётир. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари, маҳалла раисларининг ўринбосарлари — кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилар лавозимларининг жорий этилиши биз, нуронийларга шижоат бағишлади.

Пенсияга чиққач, айримлар ўзини жамиятдан узилиб қолгандек ҳис қилиши мумкин. Шу боис ёши улуғларни маҳалла ҳаётига, «Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари» ҳамда комиссиялар таркибига жалб қилишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Айниқса, ҳудудларда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, оилалар, жумладан, низоли, нотинч хонадонларга кириб боришда нуронийларимиз маслаҳати ва кўмагига доимо суянамиз. 

Улар ҳар бир маҳалладаги нотинч оилаларга мунтазам бориб туришади. Диний экстремистик оқимга мойил оилани соғломлаштириш, жазони ижро этиш муассасасидан қайтган фуқаролар ҳамда  эҳтиёжманд хонадонларга ҳар томонлама кўмаклашиш ишларида 175 нафар нуроний фаоллик кўрсатаётир. Кексаларнинг ёшлар ўртасида олиб борган тарғибот ишлари самараси ўлароқ, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар сезиларли даражада камайди. Тўйлар ихчам, дабдабасиз, халқимизнинг урф-одатларига мос ўтказилаётир.

Ҳали олдинда қиладиган ишларимиз кўп. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Юртбошимиз томонидан «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланганим қалбимни тоғдек ўстирди. Ўз навбатида, олдимиздаги вазифаларни адо этишда ушбу рағбат менга, қолаверса, туманимиз нуронийларига қанот бағишлади.

Изоҳ 2
Назаров Дилшод

2019-09-05 11:20:30

Туманимизнинг ҳар соҳасида устози Сайдулла БОЙЗАҚОВни яна бир бора ўзимни ва оиламни номидан юксак орден билан табриклайман

Фароғат

2019-09-06 15:00:33

Мен ҳам қўшиламан. Мукофотлар бардавом бўлсин

Изоҳ қолдириш