Спортимиздаги натижалар якуний марра эмас

Мамлакат довруғини дунёга тез ёйишда ҳеч бир соҳа спорт  билан тенглашолмайди. Юртимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли дунёнинг турли минтақалaрида бўлиб ўтаётган нуфузли мусобaқаларда спортчилaримиз юксак ғалaбаларни қўлга киритишаётганидан фахрланамиз. Янада муҳим жиҳати, спорт ва жисмоний тарбия ривожи, энг аввало, соғлом авлодни тарбиялаш, миллат генофондини яхшилаш, умр кўриш давомийлигини оширишга хизмат қилади.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг учрашув ва мулоқотларда инсонлар саломатлигини асраш, айниқса, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига зарур шароитлар яратиш масалаларига алоҳида урғу бериши бежиз эмас.

Спорт соҳасида олиб борилаётган ишлар хусусида мутахассислар билан суҳбатимизга ҳам ана шу ифтихор туйғулари сабаб бўлди. 

Осиё ўйинлари дастурига киритилди

— Сўнгги икки йил ичида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган соҳани янада ривожлантириш, халқаро майдондаги ғалабалар салмоғини ошириш, спортда бошқарув тизимини такомиллаштириш борасидаги фармон ва қарорлар биз — спорт аҳли учун улкан имкониятлар эшигини очиб берди, — дейди  Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сокен Полатов. — Ўтган йилги мусобақалар тақвимидан ўрин олган энг нуфузли спорт анжумани — Индонезияда ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида спортчиларимиз 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза – жами 70 та медални қўлга киритди. Мамлакатимиз олтин медаллар сони бўйича 5-ўринни эгаллагани ўзбек спорти тарихида энг яхши натижа бўлди. Зотан, бунгача Ўзбекистон спорт делегацияси Осиё ўйинларида олти маротаба иштирок этган бўлса-да, ҳеч қачон бу қадар ёрқин ғалабаларни қўлга киритмаган. Қувонарлиси, миллий спортимизнинг Осиё ўйинлари дастуридан ўрин эгаллаши бутун ўзбек спортининг улкан ютуғи бўлди.

20 йил деганда миллий курашимиз Осиё ўйинлари дастурига кирди. Қадриятларимиз, урф-одатларимизнинг ажралмас қисми бўлган кураш қитъамизнинг энг нуфузли мусобақасида катта қизиқиш ва ҳаяжон билан қарши олинди. Бу эса ҳар бир ватандошимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиши шубҳасиз. Бевосита мусобақага келадиган бўлсак, унда ўзбек ўғил-қизлари яққол устунликка эга бўлдилар.

Дарҳақиқат, ўтган йил спортчиларимиз учун ғалабали онларга бой бўлди. Юртимизда 500 га яқин мусобақа ва 52 та ўқув-машғулот йиғини ўтказилди. 205 та нуфузли хaлқаро мусобақaларда (жаҳон ва Осиё чемпионатлари,  халқаро турнирлар) 1804 нaфар спортчи иштирок этди. Улар кескин ва муросасиз баҳсларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 520 та олтин, 544 та кумуш ва 588 та бронза, жами 1652 та медални қўлга киритди.

Шунингдек, 14 та хaлқаро ўқув-йиғини ҳамда 3 та илмий-амалий конференция ва конгрессда юртимиз спортчиларининг иштироки тaъминланди.

Энг яхшилар аниқланди

— Бугун ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари қайд этаётган натижаларга дунё ҳавас қилмоқда, — дейди Бокс бўйича терма жамоа мураббийи Беҳзод Хидиров. — Осиё бокс конфедерацияси йилнинг энг яхшиларини аниқлаш мақсадида сўровнома ўтказди. Натижаларга кўра, Исроил Мадримов «Осиёнинг энг яхши боксчиси», дея эътироф этилди. Ушбу йўналишда умидли боксчимиз Иқболжон Холдоров учинчи бўлди. «Осиёда йилнинг энг яхши техник мутахассиси» йўналишида шифокор Дилшод Казаковга тенг келадигани топилмади. Ҳамюртимиз Александр Ҳамидов эса 2018 йилда «Осиёнинг энг яхши ҳаками» номинациясига сазовор бўлди. Шуни таъкидлаш лозимки, ўтган йилги спорт мавсумида бир қатор нуфузли мусобақаларнинг мамлакатимизда ташкил этилгани, халқаро майдонда ўтган турнирларда боксчиларимизнинг муваффақиятли иштироки боис Ўзбекистон бокс федерацияси «Қитъанинг энг яхши федерацияси» деган шарафга эришди.

Шунингдек, юртимизда «Йилнинг энг яхши спортчиси» номинацияси ташкил этилиб, унга жаҳон чемпионатида 102 килограммгача вазн тоифасида даст кўтаришда жаҳон рекордини янгилаб, олтин медаль билан тақдирланган, ёшлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпионатларида муваффақият қозонган Акбар Жўраев муносиб деб топилди. Спортчи белгиланган намунадаги гувоҳнома ҳамда 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағи билан тақдирланди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан илк маротаба катта масштабдаги «National Sports awards — 2018» (Миллий спорт мукофоти — 2018) ташкиллаштирилиб, унда  18 хил йўналишда спортчилар танлаб олиниб тақдирланди. Ушбу танлов Миллий Олимпия қўмитаси расмий сайтида ўтказилган сўровнома асосида амалга оширилди.

Спорт объектлари учун 281 миллиард сўм ажратилди

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 июлдаги фармойиши билан 2019 йилда жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича манзилли дастур тасдиқланди.

Унга кўра, жорий йилда 51 та объектда 281 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Уларнинг  25  таси  янги спорт иншооти сифатида қад кўтаради, 21 та мавжуд спорт мажмуасида реконструкция ва 5 та мажмуада капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, илк марта Жиззах вилоятининг Фориш, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Тошкент вилоятининг Бўка, Тошкент, пойтахтимизнинг Учтепа, Мирзо Улуғбек туманларида енгил конструкцияли сендвич панеллари асосида янги спорт иншоотлари қурилади.

Хулоса ўрнида

— Юртимизда яратилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш ёшларимизнинг қўлида, — дейди «Абдирашид полвон Мирзаев» кураш клуби тренери  Абдирашид Мирзаев. — Спорт — тинимсиз меҳнат ва матонат демакдир. Бу  соҳада меҳнат қилаётганлар эса доим эътиборда. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Юртбошимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ  юртимиз спорти ривожи йўлида ўз ҳиссаларини қўшиб келаётган қатор спортчи ва мураббийлар қатори мен ҳам «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» мукофотига сазовор бўлдим. Бу — йиллар давомида қилган меҳнатимга берилган баҳо. Мен каби мураббийлар бундай эътибор ва эътирофдан сўнг дунёга донғи кетган чемпионларни етиштиришдан толмаймиз.

ДАРВОҚЕ...

Жорий йилнинг  3 январида  Президентимиз томонидан имзоланган «Жаҳон чемпионатида юқори натижаларга эришган спортчиларни тақдирлаш тўғрисида»ги фармойишга биноан  Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича 2018 йилда ўтказилган жаҳон чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаган бир гуруҳ спортчилар ва уларнинг мураббийларининг ҳар бирига бир марталик пул мукофоти ажратилди.

Унга кўра, жаҳон чемпионатининг олтин медали соҳиблари 12000, кумуш медаль совриндорлари 6000, бронза медалига эга чиққан спортчиларимиз эса 3000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули билан тақдирланишди. Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига асосан, шогирди чемпион бўлган мураббийга 6000, вице-чемпионларни етиштириб чиқарган мураббийларга 3000 ва  шогирди бронза медалга эга чиққан мураббийларга 1500 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули топширилган.

Нилуфар ЮНУСОВА

«Mahalla»

Изоҳ 1
уткир

2019-09-09 10:55:48

Бокс буйича усмирлар уртаси да Осие чемпионига мукофат ажратиладими

Изоҳ қолдириш