Бунёдкорлик кўлами тобора кенгаймоқда

Халқимиз ҳар йили мустақиллик байрамини ўзгача шукуҳ, меҳр-муҳаббат, хуш кайфият билан қарши олади. Бу бежиз эмас. Боиси ортда қолган 28 йил юртдошларимиз ҳаётида, турмуш тарзида том маънода тараққиёт ва янгиланишлар даври бўлди. Ўзбекистон ўтган давр мобайнида миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил қадам ташлаб, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади. Айниқса, сўнгги йиллар мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар ва унинг юксак натижалари нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф билан тилга олинмоқда.

Маҳалла — халқчил тузилмага айланмоқда

Яхши кунларимиз, турмуш ташвишларимиз халқ билан бирга. Меҳмондўстлик, аҳиллик, сахийлик, бағрикенглик каби чин инсоний фазилатлар онгу шууримизга айнан маҳаллада сингган. Қўшничилик оқибати, ёрдамга муҳтожларга кўмак бериш, кексалар ҳолидан хабар олиш, ҳашар ўтказиш каби эзгу фазилатлар ҳам халқимизга хос қадриятлардан.

Қувонарлиси, сўнгги йилларда жамиятимизда маҳалланинг мақоми мустаҳкамланиб, унинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни тобора юксалиб бормоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 апрелда «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳадаги ишларни бутунлай янги босқичга олиб чиқди.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 505 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, уларда 2 миллион 510 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Қувонарлиси, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида пойтахтимизнинг 9 та туманидаги 33 та маҳаллада фуқаролар йиғини биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг маҳаллаларда ижросини таъминлаш мақсадида шу йилнинг ўтган 8 ойи давомида 2700 дан зиёд илғор лойиҳалар, турли спорт ва маданий тадбирлар ташкил этилди.

Тарихимизга юксак эҳтиром

Яқин-яқингача Шайхонтоҳур туманидаги Сузук ота зиёратгоҳи ҳақида кўпчилик билмас, маҳалла ичида қолиб кетган мақбара ва эски масжид қаровсизликдан зах тортиб, нураб ётарди. Эътиборлиси, бундан икки йил аввал, аниқроғи, 2017 йил 26 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Сузук ота мажмуасига ташриф буюриб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, мажмуа атрофини ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган эди.

Шундан сўнг бу ерда кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Эътиборлиси, қисқа муддат ичида олиб борилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида мажмуа таниб бўлмас даражада чирой очди.

Қолаверса, ушбу масканда олиб борилган қурилиш ишлари доирасида Шайхонтоҳур туманидаги «Сузук ота» маҳалласи ҳам бутунлай ўзгача қиёфа касб этди. Жумладан, маҳалла идораси ва бошқа объектлар қад ростлади. Таъкидлаш лозимки, бугун маҳаллада миллий анъаналаримизни давом эттириб келаётган уста-ҳунармандлар талайгина. Эътиборлиси, ана шундай ҳунармандлардан бир қанчасига Сузук ота мажмуасида бунёд этилган янги ҳунармандлар уйлари берилди.

«Tashkent City» маркази дунё ишбилармонлари эътиборида

Сўнгги йилларда пойтахтимизда замонавий шаҳарсозлик асосида барпо этилаётган янги тураржой массивлари, кўп қаватли уйлар, истироҳат боғлари, маҳалла гузарлари, муҳташам спорт иншоотлари бош кентимиз кўркига кўрк бағишламоқда. Жумладан, Тошкентнинг қоқ марказида бунёд этилаётган «Tashkent City» маркази нафақат ўзбекистонликлар, балки бутун дунё ишбилармонлари диққат марказида бўлиб турибди.

Маълумки, «Tashkent City» бизнес-марказлар, меҳмонхоналар, офислар, кўп қаватли уйлар, ресторанлар ва бошқа объектларни ўз ичига олган замонавий комплекс бўлиб, келгусида бу ерда олий даражадаги тадбирлар, йирик халқаро анжуманлар ўтказилади.

Яқин кунларда «Tashkent City» ҳудудида Lot№4 қурилиши бошланади. Қувонарлиси, бир ярим гектардан ортиқ майдондаги  баландлиги 266,5 метрли бу осмонўпар бино Марказий Осиёдаги энг баланд иншоот бўлиши кутилмоқда. «Осмон барча учун» шиори остидаги муҳташам иморат 51 қаватдан иборат бўлиб, лойиҳадан хоҳлаган инсон ўз масканига эга бўлиши мумкин.

Президентимиз жорий йил 30 август куни «Tashkent City»га яна бир бор ташриф буюриб, конгресс-холл ва беш юлдузли меҳмонхона, ҳудуддаги ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Давлатимиз раҳбари мажмуада амалга оширилган бунёдкорлик ишларини юқори баҳолаб, бу объектлар ишга тушганда хизмат турларини кўпайтиришга эътибор қаратиш, халқимизнинг бу ерга келиб мазмунли дам олиши учун қулайликлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш янги босқичга чиқди

Ўзбекистоннинг замонавий тарихида яна бир муҳим лойиҳа бу — шубҳасиз, Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишида амалга оширилаётган ишлардир. Узунлиги 7,1 километрни ташкил этувчи ушбу метро йўли пойтахтимиз аҳолиси узоғини яқин қилиши, халқаро туристлар учун бир қатор қулайликлар яратиши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, Тошкент метрополитенининг «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисмида ҳам қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Ушбу йўналиш 11 километрдан иборат бўлиб, «Дўстлик», «Оҳангарон», «Тузель», «Илтифот», «Роҳат», «Янгиобод» ҳамда «Қўйлиқ» бекатларини ўз ичига олади.

Яна бир гап. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Тошкент шаҳридан вилоятлар марказлари ва қўшни давлатларга автотранспорт қатнови йўлга қўйилди. Ташландиқ ҳолга келиб қолган «Тошкент» автовокзали таъмирланиб, йўловчилар ва мамлакатимизга келаётган сайёҳлар учун кўплаб қулайликлар яратилди.

Хулоса ўрнида

Пойтахтимизнинг Талабалар шаҳарчасидаги бунёдкорлик ишлари, Яшнобод туманининг Махтумқули кўчасида барпо этилаётган замонавий болалар тиббиёт маркази, пойтахтимиз ҳудудини кесиб ўтувчи ариқ ва каналлар бўйларида олиб борилган кенг кўламли қурилиш ва ободончиликлар... Эҳ-ҳе, бу каби эзгу ишларнинг санаб адоғига етиб бўлмайди. Ўйлаймизки, қилинаётган бу саъй-ҳаракатлар жонажон Ўзбекистонимизни дунёнинг тараққий этган мамлакатлари сафидан муносиб ўрин эгаллашига, халқимиз турмуш тарзини янада тараққий этишига хизмат қилади.

Фурқат МАҲМУДХЎЖАЕВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш