Элмира Раҳимжонова:бугун замонавий тўмарисларга эҳтиёж катта

«Чархпалак» телесериали, «Забаржад», «Чаёнгул», «Тўмарис» сингари кино ва саҳна асарлари билан мухлислари қалбидан жой олган актриса, «Дўстлик» ордени соҳибаси, «Ўзбекфильм» давлат унитар корхонаси ҳамда Мудофаа вазирлиги қошидаги «Турон» театр-студияси актёри Элмира Раҳимжонова билан санъат ва ҳаёт йўллари ҳақида суҳбатлашдик. 

— Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан «Дўстлик» ордени билан тақдирландингиз. Хушхабарни эшитганда кўнглингиздан қандай туйғулар кечди?

— Эҳтимол, сиз кутган гапларни айта олмасман, лекин кўнглимда борини оддий сўзлар билан тушунтиришга уриниб кўраман. Биласизми, актриса ҳаётда жуда кўп нарсалардан ўзини мосуво қилиб яшайди. Кўпинча қариндошларнинг тўйига боришга ҳам имкони бўлмайди. Гоҳида ҳафталаб сафарларга кетиб оила бағридан узоқда бўламан. Баъзан фарзандларимга ўзим истаганчалик эътибор қарата олмайман. Шу боис гоҳида ҳаммасига қўл силтаб кетишни, оддий ўзбек аёли сифатида оилам бағрида яшашни истаб қоламан. Кейин кўз олдимга ота-онам, шу даражага эришишимга сабабчи бўлган устозларим келади. Улар мен учун қанчалик машаққат чекканини ҳис этаман. Ана шу туйғу олдинга интилишимга сабаб бўлади.

Мукофотни олганим ҳақидаги хабарни эшитганимда дастлаб ана ўша меҳрибонларимнинг сиймоси кўз олдимга келди. Хушхабарни эшитган яқинларим, дўстларимнинг ўзимдан кўра кўпроқ қувонганини, севинч кўз ёшларини кўриб, ҳаётимдан, танлаган йўлимдан мамнун бўлдим.

Киносинов жараёнида режиссёр мукофотга эмас, актёрнинг ўша образга қанчалик мос келишига, унинг истеъдодига қарайди. Ижодкор кўнгил одами! Кўрсатилган озгина эътибор ҳам уни янги марралар сари бошлайди. Мукофотни топшириш вақтида айтилган илиқ фикрларни эшитиб, уни қабул қилиб олгач ўзимга бўлган ишонч, масъулият ҳисси икки баробар ошди. Бунинг учун ўзим, оилам ва дўстларим номидан ­Президентимизга миннатдорлик билдираман.

— Актёр қандай инсон бўлиши керак?

— Актёрнинг қалбида болаларча соддалик сақланиб қолган бўлиши керак. Бола қўлга кирита олмаган нарсалари учун йиғлайди. Ўзига ишончи йўқолади. Аммо озгина рағбат бериб, тўғри йўлга йўналтирсангиз ҳамма ишнинг уддасидан чиқади. Актёр ўша соддаликни, беғуборликни йўқотиб қўймаса, у юлдуз бўлиш учун ёки кун кечириш важидан эмас, одамларга айтадиган гапи бўлгани боис роль ўйнайди. Режиссёр истаган образни ярата олади. Ёзувчининг айтмоқчи бўлган гапини ўзининг дил изҳори — дардлари, изтиробларига омухта қилиб, томошабинга етказиб беради. Қизиғи буни олдиндан билмайсиз. Образга киришганингиздан кейин ичкаридан, руҳиятнинг инсон ақли етмайдиган олис нуқталарида яшириниб ётган туйғулар уйғонади. Буни ифода этиб бериб бўлмайди. Шунчаки, ҳис этиш керак.

Энг қизиғи, бундай истеъдод саноқлигина одамларга насиб этади. Афсуски, бугун кўпгина ёшларимиз роль ўйнаш деганда айтиладиган гапларни ёдлаб сўзлаб беришни тушунади. Образнинг ичига киришга уринмайди. Бу йиллар давомида машаққатли меҳнат қилишни, тинимсиз ўқиб-ўрганишни талаб этади. Эҳтимол, мана шу лоқайдлик, ўз устида ишламаслик сабаб қанчадан-қанча истеъдодлар кашф этилмай қолиб кетаётгандир. Шунинг учун ёшларнинг телефондан бош кўтармай, китоб ўқимай тасвирга олиш майдонига бемалол келиши ғашимни келтиради. Лекин уларга танбеҳ бериш ниятим йўқ. Улар ўзи ўқиб-ўрганмай бирон натижага эришиб бўлмаслигини ҳис этмаса, сизу бизнинг гапларимиз кор қилмайди. Бунинг учун актёр театрда ишлаши керак. Театрда шундай бир сеҳр борки, у сизни ўзига маҳлиё қилиб қўяди. Эҳтимол, театрда юлдуз бўлиб танилиб кетмассиз, балки катта миқдорда пул ҳам топмаслигингиз мумкин, лекин ҳеч қандай бойлик билан қўлга киритиб бўлмайдиган мўъжиза сизни ўзига тортаверади.

— Театр ҳақида гап очдингиз, айтингчи, бугун қўйилаётган саҳна асарларидан кўнглингиз тўладими?

— Яхши асарлар ҳам қўйиляпти. Лекин бугунги кун томошабини кечаги одамлар эмас. Одамларни кўпроқ пул топиш қизиқтиряпти. Улар, ҳатто, фарзанди билан бемалол ўтириб суҳбатлашишга ҳам вақт тополмаяпти. Мана шу ўзгаришлар сабаб театрларда бугун кечагига қараганда томошабин камроқ бўлиши мумкин. Демак, одамларнинг назари тўқ бўлиши керак. Дунёга келиб шунчаки яшаб ўтиб кетмаслик зарурлигини англаш даркор. Шунда театрга ҳам, кинога ҳам вақт топади.

— Театрдаги Тўмарис, кинодаги Забаржад образларини ёнма-ён қўйиш хатодир, лекин назаримда улар орасида қандайдир уйғунлик борга ўхшайди. Бу Элмира Раҳимжонованинг руҳиятидаги бир қисм Тўмарис, бир қисм Забаржад эмасми?

— Эҳтимол, тахмин тўғридир. Лекин бу ерда бошқа ўхшашликни кўраман. Тўмарис ҳам, Забаржад ҳам шарқ аёли! Уларнинг мардлиги, садоқати, жасорати шарқона табиати билан боғлиқ. Одамнинг кўнглида ўзигагина аён бўлган ҳайқириғи бўлади. Тўмарисда ҳам, Забаржадда ҳам ана ўша ҳайқириқ, замонга, одамларга айтмоқчи бўлган гапи бор.

Лекин бир гапни айтишим керак, «Забаржад»дан кўнглим тўлмаган. Сценарий муаллифи Эркин Аъзам билан Забаржад образи ҳақида суҳбатлашганимизда у умуман бошқа аёл эди. Кино тайёр бўлгач қарасам, у биз кутгандек образ бўлиб гавдаланмабди. Шундай бўлса ҳам аксар томошабинлар ижобий қабул қилди.

Режиссёр Сайфиддин Мелиев «Тўмарис» спектаклини саҳналаштираётганини айтиб, Тўмарис ролини берганида рози бўлмадим. Аммо режиссёримиз мени ўзимга ишонтирди. Ижроим кутилмаганда «Эътироф — 2016»да эътироф этилди. 

— Бугун замонавий Тўмарисга эҳтиёж борми?

— Тўмарис аслида афсона дейилади. Ҳар қандай афсонанинг замирида ҳақиқат бор. Тўмарис неча минг йиллар аввал яшаган аёл бўлса ҳам бугун замонавий Тўмарисларга эҳтиёж катта. Тўмарис фарзанди учун ҳамма нарсага тайёр. Сиз у ҳақидаги китобни ўқисангиз, унинг бола тарбиясида қандай йўл тутгани, керак вақтда фарзандини рағбатлантириб, зарурат бўлганида қандай жазолаганини билиб ундан сабоқ олиш кераклигини туясиз. Афсуски, аксариятимиз Тўмарисни мактаб дарслиги ва саҳнадаги образ даражасида биламиз. Аслида ундан ўрнак олишимиз керак бўлган жиҳатлар кўп.

Замонавий оналаримиз эса, кундалик ташвишлардан ортмайди. Болага етарлича эътибор қаратмайди. Буни вақтнинг тиғизлиги, ўзига ҳам қарашга имкони йўқлигини айтади. Аслида аёл истаса, ҳамма нарсага улгиради. Худо уни шундай яратган. Мендан «Тўмарис ким?», деб сўрашади. У ОНА! Бўлди, унга бошқа таъриф беришга эҳтиёж йўқ. Ўзим ҳам бошқаларга намуна бўладиган даражада яхши она эмасдирман, лекин бугун замондош аёлларимизни аввало ОНА бўлишини истайман.

— «Она» номли қисқа метражли фильмдаги ролингиз Олмота ва Грузияда ўтказилган халқаро кинофестивалларда «Энг яхши аёл роли учун» номинацияси ғолиби бўлди. Кичик кино билан ҳам катта ютуққа эришиш мумкин экан...

— Ҳажм жиҳатдан кинонинг катта-кичиги бўлмайди. Қисқа метражли фильмда ҳам ижодкор ўз гапини айта олиши ёки сериалда роль ўйнаб ҳам томошабинга ҳеч нарса бермаслиги мумкин. Бу фақат актёрнинг ўзига боғлиқ эмас. Лекин очиғи, мазкур ижроим кетма-кет халқаро фестивалда махсус номинацияга муносиб кўрилиши сира хаёлимга келмаган. Бу ёш режиссёрлар Ботир Абдураҳмонов ва Абду­азим Илҳомовларнинг  ютуғи. Ёшларнинг изланиши, тиниб-тинчимаслиги менда илиқ таассурот қолдирди.

— Тилакларингиз...

— Барча юртдошларимизни Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги билан чин қалбдан табриклайман. Юртимиз тинч бўлсин! Аҳиллигимиз ва меҳр оқибатимиз йўқолмасин!

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ

суҳбатлашди.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш