Намунали бўлишга бел боғлаганмиз

Жалил КЕНЖАЕВ,

Дўстлик туманидаги Манас қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, «Шуҳрат» медали соҳиби: 

— Президентимизнинг оқилона ташаббуси — «Обод қишлоқ» дастури бизнинг ҳудуд — Манас қишлоғидан бошланган.

Тан олиб айтиш керак, илгари марказдан олисда бўлган Манас қишлоғига ичимлик суви тармоғи етиб келмаган эди. Маҳалламиз ҳудудидаги ички йўллар ёзда чанг, қишда лой бўлиб кетарди. Фарзандларимизнинг таълим олиши учун қулай шарт-шароитлар йўқ эди. 2017 йил декабрь ойида маҳалла раиси бўлиб сайланганимда халқ ишончини оқлай оламанми, деган ҳадик бор эди. Аммо саккиздан ортиқ миллат-элат вакиллари бўлмиш маҳалладошлар борига шукр қилиб, аҳил-иноқликда умргузаронлик қилаётганини кўриб, бу вазифага қатъий киришдим.

Ўтган йили кўклам насими билан биргаликда маҳалламизга бунёдкорлик, ободонлик шамоли кириб келди. «Обод қишлоқ» дастури доирасида 2018 йил февраль-март ойлари, аниқроғи, қирқ беш кун ичида минг йилда амалга ошмайдиган ислоҳот ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу бизнинг аҳиллигимиз, тотувлигимиз учун берилган совға дея шукрона келтирдик.

Бугун маҳалладошларимиз яратиб берилган шарт-шароитлардан мамнун, юзларида кулги-табассум билан бахтли турмуш кечиряпти. Қалбида масъулият ҳиссини туйиб, янгиланган масканимизни кўз қорачиғидек асраб, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшиш туйғуси билан ёниб яшамоқда. 

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан менга берилган мукофот аслида бутун манасликларнинг ютуғи, уларга кўрсатилган эътибор ва рағбат самараси деб биламан. Келгусида маҳалламизни республикамиздаги энг намунали ҳудудга айлантириб, бизга билдирилган катта ишонч ва имкониятларни оқлашга бел боғлаганмиз.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш