Импортни чеклаш — ички монополияни кучайтиради...(ми?)

Кўпчилик мамлакат ривожланиши учун экспортни кўпайтириб, импортни чеклаш керак, дея ҳисоблайди. Содда қилиб айтганда, камроқ сотиб олиб, кўпроқ сотиш фойдали, деб биламиз. Бу тужжор нигоҳи билан қараганда тўғри ўлчов. Аммо ишлаб чиқарувчи бундай қарашдан воз кечиши керак. Буни тўғри тушунмаганимиз сабабли, афсуски, маҳаллий корхоналарни қўл­лаб-қувватлаш мақсадида импортни «бўғиш» ҳолатлари учраб турибди.

Жумладан, турли вазирлик ва идоралар томонидан импортни ҳар томонлама чеклаш учун тариф ва нотариф чоралар қўлланмоқда. Гўёки, биз шу йўл билан, яъни рақобатни камайтириб, маҳаллий корхоналарга ўзини ўзи ўнглаб олиши ва рақобатбардош бўлишига замин яратяпмиз. Аслида бу йўл билан уларнинг рақобатбардошлиги камайишига хизмат қилган бўламиз.

Импортни чеклаш зарар...(ми?)

Хўш, импорт чекланса, қандай вазият вужудга келади? Мамлакатда импорт қанча чекланса, экспортни кўпайтириш учун шунча кўп ресурс сарфланади. Бошқача айтганда, импорт тарифини ошириш ёки турли чекловлар (стандартлаштириш, сертификатлаштиришга доир ва бошқа қўшимча тартиб-таомиллар)ни жорий қилиш орқали экспортга шунча миқдорда солиқ жорий этилган бўлади.

Оддий мисол: ташқаридан маҳсулот киритилмайдиган бозорда хориж валютасига бўлган талаб камаяди. Бу миллий валютанинг қадри ошишига сабаб бўлади. Дейлик, биронта корхона ўз маҳсулотини 1 АҚШ доллари эвазига сотаётган бўлса, импортнинг чекланиши ва унинг натижасида курс тушиши, дейлик, 9 400 сўмдан 8 000 сўмга арзонлашиши сабаб ўша маҳсулот 1,75 доллар қийматга эга бўлади. Бир қарашда бу — хориж валютасининг арзонлашиши, миллий маҳсулотнинг қимматлашиши каби кўринади. Аслида бу халқ учун ҳам, ишлаб чиқарувчига ҳам зарар. Чунки импорти чекланган маҳсулот ички бозорда қимматлашади. Бу ишлаб чиқарувчининг ташқи бозордан ўрин олиш иштиёқини пасайтиради. Айни пайтда бу имконсиз бўлиб, ташқи бозорда ўша маҳсулот мамлакат ичкарисидагига нисбатан арзон ва сифатли бўлиши мумкин.

Маҳсулот қанча қиммат бўлса, уни ташқи бозорда сотиш шунчалик қийинлашади. Оқибатда халқ қиммат нархда рақобатбардош бўлмаган маҳсулот сотиб олишга мажбур бўлади. Аксинча импортнинг ўсишини табиий жараён деб қабул қилсак, бозорда арзон маҳсулот кўпаяди ва харид миқдори ҳам сезиларли равишда ўсади. Қолаверса, импорт ҳажми экспортдан қанча кўп бўлса, валютага бўлган талаб ошади ва мамлакатга валюта (капитал) оқими шунча кўпаяди. Бундай вазиятда хорижий валюталар курси мувозанатини бозорнинг ўзи белгилайди. Импортга қилинган харажат эса экспорт ҳажмининг ўсиши билан қопланади.

Ўз навбатида, хориждаги меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари, сайёҳлар оқимининг ўсиши, хорижий инвестициянинг кўпайиши ҳам мамлакатда импорт ҳажмининг ортишига сабаб бўлади ва табиий равишда импорт-экспорт ҳажми ўртасидаги салбий фарқ катталашади. Бундай вазиятда, салбий фарқни камайтириш учун мамлакатга келаётган сайёҳларни камайтириш ёки хорижий инвестиция киришига тўсқинлик қилиш ноўрин, албатта. Зеро, биз каби ривожланаётган давлат учун хорижий инвестиция кириб келиши муҳимроқдир.

Нима қилиш керак?

Импорт ҳажмини оширишдан қўрқмай, экспорт салоҳиятини яхшилаш керак экан, бунинг учун қандай йўл тутиш лозим, деган савол туғилади. Бунинг учун, аввало, импортни чеклашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларни тўхтатиш лозим. Шунингдек, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш керак. Бунда уларга энергия манбалари ва мавжуд хомашёлардан самарали ва эркин фойдаланишга шарт-шароитлар яратиш лозим. Зарур инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, темир йўллар ва автомобиль йўлларининг, электр таъминоти сифатларини ошириш керак. Қолаверса, миллий ишлаб чиқарувчилар учун мақбул, имтиёзли коммунал ва транспорт тарифларини белгилаш лозим.

Ҳар бир соҳанинг ривожланиши, аввало, кадрлар салоҳияти билан белгиланади. Шу сабаб юртимизда фан, миллий инновацион тизим ва технологияларни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш шарт. Бунинг учун кичик ва ўрта инновацион бизнесни яратиш ҳамда ривожлантиришдаги айрим маъмурий тўсиқларни қисқартириб, тадқиқотлар ва ишланмалар учун давлат буюртмаларини шакллантириш керак. Энг муҳими, иқтисодиёт тармоқларидаги технологик қолоқликни камайтириш учун институтлар, университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш талаб этилади.

Хориж тажрибаси қандай?

Ривожланган давлатларнинг тўлов балансини таҳлил қилсак, қизиқ зиддиятга дуч келамиз. Масалан, дунёдаги айрим давлатларда ташқи савдо балансидаги юқори профицит — ушбу мамлакат маҳсулотларининг жаҳон бозорида машҳурлигини ва импортга бўлган талаб пастлигини билдиради. Бунга Германия ва Хитой мисол бўла олади. Улар каби ривожланган давлатларда экспорт импорт ҳажмидан кўп, лекин уларда хорижий инвестицияга бўлган талаб кам. Аксинча улар бошқа давлатларга кўпроқ инвестиция киритади. Ана шу сабаб туфайли уларда импорт ҳажми табиий равишда камайган.

Хулоса ўрнида...

Ташқи савдо балансидаги дефицит Ўзбекистон каби ривожланаётган давлат учун қўрқинчли ҳисобланмайди. Импортнинг кўпайиши бизнинг маҳсулотларимиз рақобатдош бўлишига имкон беради. Мамлакатимиз ривожи учун савдо балансидаги дефицитни қисқартириш йўлида курашиш эмас, балки хорижий сармоянинг кириб келишини янада кўпайтириш лозим. Зеро, хорижий сармоялар бу янги инфратузилма, янги технология, янги машина ва ускуналар деганидир.

Фурқат ЮНУСОВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази лойиҳа

координатори.


МАЪЛУМОТ УЧУН...

Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси маълумотларига кўра, 2019 йилнинг I ярим йиллигида хорижда қисқа муддатли меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимиз 1,4 млрд. АҚШ доллари миқдорида иш ҳақи олган. Узоқ вақтдан буён хорижда юрган ватандошларимиз эса юртимизга 2,4 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағ юборган.

2019 йилнинг II чорагида эса хорижий инвестицияларнинг кириб келиши кескин ўсган бўлиб, уларнинг қиймати 923 млн. АҚШ долларига етган. Бу жорий йилнинг I чорагига нисбатан 4 бараварга кўп дегани. Ушбу кўпайиш тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмининг ортиши билан боғлиқ.

Изоҳ 1
Сухроб

2019-10-09 16:40:39

Ҳориждан ўрганиш керак

Изоҳ қолдириш