Деҳқонободда ичимлик суви муаммоси ечим топади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил январь ойидаги Қашқадарё вилоятига ташрифи Деҳқонобод тумани аҳолиси ҳаётида янги даврни бошлаб берди.

Бугунги кунда туманда якка тартибдаги уй-жойлар, боғча, мактаб, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, сервис, хизмат кўрсатиш, савдо нуқталари, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш юзасидан истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ҳудудда узоқ йиллардан бери оғриқли масала бўлиб келаётган  ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ тармоқларини таъмирлаш ҳамда янгиларини барпо этиш ишлари жадал олиб бориляпти. Туман аҳолисидан юқори ташкилотларга келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти айнан мазкур соҳаларга доир ариза ва шикоятлардан иборат.

Муаммоларга ечим топилмоқда

2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури доирасида мазкур масалаларга ечим топилмоқда. Маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ва йўл қурилиш техникалари харид қилиш ҳамда ички йўлларда кўприк қуриш бўйича 8 та, электр энергияси таъминоти бўйича 138 та, газ таъминоти бўйича 5 та, арзон уй-жойлар қуриш бўйича эса 4 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Энг кўп сармоя (156,7 миллиард сўм) эса ичимлик суви, оқова сув тармоқлари ва иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш жабҳасида ўзлаштирилади. Асосан, республика ва маҳаллий бюджетдан ажратилаётган бу маблағнинг 95 фоизи (150 миллиард сўм) узунлиги 77 километр бўлган ва ҳудуддаги кўплаб аҳоли пунктларини қамраб оладиган «Оқсув — Деҳқонобод» ичимлик суви қувури қурилишига сарфланяпти.

Туманнинг 75 фоиз ҳудудига обиҳаёт етиб боради

— Ичимлик суви муаммоси бўйича бормаган жойимиз, кирмаган эшигимиз қолмаган эди, — дейди Деҳқонобод туманидаги «Айридевол» маҳалласида яшовчи фуқаро Холмурод Қиличев. — Мустақилликдан олдин ёзавериб натижаси бўлмагандан кейин қўл силтаб қўйган эдик. Мустақилликка эришганимиздан сўнг яна тегишли ташкилотларга мурожаат қила бошладик. Лекин яна натижа бўлмади. Хафсаламиз пир бўлиб, умуман ичимлик суви ҳақида орзу ҳам қилмай қўйган эдик.

— Орзуларимиз армонга айланмаганидан жуда хурсандмиз, — дея суҳбатга қўшилади шу маҳаллалик Нурмуҳаммад ота Чориев. — Олиб борилаётган ишларни кўриб, тўғриси, ҳайратга тушяпмиз. Қилса бўлар экан-ку.

«Оқсув — Деҳқон­обод» магистраль сув қувури қурилиши мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган энг йирик лойиҳалардан ҳисобланади.

— Туманимизда 45 та маҳалланинг 28 мингдан ортиқ хонадонида 140 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Деҳқонобод тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Давлат Қулматов. — Таъкидлаб ўтиш жоиз, туман аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи энг катта муаммолардан биридир. Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида фаоллар билан бўлиб ўтган учрашувларида ҳам мана шу муаммони бартараф этиш таклифи билан чиққан эдик. Чунки айни пайтда 6-7 та маҳаллагина марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, қолган маҳалла аҳолиси эса обиҳаётни турли манбалардан олади. Истеъмол учун яроқсиз сувни ишлатишга мажбур бўлаётган хонадонлар ҳам йўқ эмас.

«Оқсув — Деҳқонобод» лойиҳаси эса туманнинг тоғли Оқсув ҳудудидан олинадиган ер ости сувини аҳолига етказиб беришни назарда тутади. Бу жуда мураккаб иш бўлиб, содда тил билан айтганда, аввал ер остидан олинган сув асосий иншоотга қуйилади, кейин эса магистраль қувурга узатилади. Сув тепаликдан тушиб келгани боис уни ҳайдаш учун ҳеч қандай ортиқча воситалар талаб этилмайди, табиий босим натижасида барча ҳудудларга бирдек етиб боради.

— Лойиҳага кўра, узунлиги 77 километр, диаметри эса 273 миллиметрдан 530 миллиметргача бўлган магистраль сув қувури тортиш ҳамда бир кеча-кундузда 10 минг 800 куб метр ҳажмда сув йиғадиган «Оқсув» иншоотини барпо этилади, — дейди Қашқадарё вилояти «Сувоқова» давлат унитар корхонаси раҳбари Шавкат Муродов. — Шунингдек, қишлоқ аҳоли пунктларида 183 километрли қувурлар монтаж қилиниши, 310 километрли сув тармоқлари қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, магистраль сув тармоғидан келаётган ичимлик сувини қишлоқ ва маҳаллаларга тақсимлаб беришга мослаштирилган 16 та сув тақсимлаш иншооти ва иккита 500 куб метр ҳажмдаги сув сақлаш ҳовузи қурилади.

60 нафар ишчи кучи ва 50 дан зиёд махсус техника

Айни пайтда объектда темир қувурларни ётқизиш, монтаж ва изоляция қилиш ишлари жадал давом эттириляпти. Қурилиш ишларида бош пудратчи «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли махсус механизациялаш йўл станцияси ва яна олтита  пудратчи ташкилот иштирок этмоқда. 60 нафардан ортиқ киши, 50 дан зиёд махсус техника жалб этилган.

— Корхонамиз жамоаси ҳам мана шу йирик лойиҳани амалга оширишда қатнашмоқда, — дейди «Насаф темир йўл комплекс монтаж» масъулияти чекланган жамияти ишчиси Соҳибназар Абдухолиқов.  — Албатта, бу ер тоғли ҳудуд бўлгани учун ҳам қурилиш ишлари анча қийин кечмоқда. Юқори сифатли темир қувурлар Россиядан олиб келиняпти. Улар махсус мосламалар ёрдамида икки қават қилиб изоляцияланиб, сўнг пайванд қилинади. Бу уларнинг чидамлилигини ошириб, узоқ вақт хизмат қилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ишни эътибор билан бажаришимиз талаб этилади.

Ушбу лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач, Деҳқонобод туманининг 75 фоиз ҳудуди ёки бошқача айтганда, 117 та қишлоқда яшовчи 104 мингга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Сув омбор қуввати 10 баробарга ошади

Яна бир асосий лойиҳалардан бири Деҳқонобод сув омборининг қурилишидир. Туманнинг аксарият қисми тоғ ва адирликлардан иборат бўлгани боис ҳам қиш ва баҳор ойларида ёғингарчилик кўп бўлади. Бу ерда ушбу мавсумларда дарёлар тўлиб-тошиб оқиши табиий ҳол.

— Кунлар исиб, ёғингарчилик тортилган, айни экинларни суғориш эҳтиёжи юзага келган бир пайтда эса сув тақчиллиги бошланади, — дейди Давлат Қулматов. — Туманнинг кўпгина ҳудудларида аҳоли, томорқа эгалари ана шу муаммодан азият чекиб келмоқда. Айниқса, «Қорашина», «Деҳқонобод», «Аэродром», «Бибиқорасоч», «Бешбулоқ», «Навобод» ва «Гумбулоқ»  каби маҳаллаларда бу муаммо яққол сезилади. Шу боис ҳудудда қор ва ёмғир сувларини йиғиб, ёз мавсумида аҳолига етказиб беришни таъминлайдиган йирик сув омборларига эҳтиёж бор. Шунга мувофиқ, туман марказидаги сел сув омборида олиб борилаётган қурилиш-бун­ёдкорлик ишлари эса юқоридаги маҳалла ва қишлоқларни сув билан таъминлаш  имконини бериши билан аҳамиятга молик.

Аслида мазкур сув омбори 1976-1982 йилларда ҳудуддаги Шакарбулоқ қишлоғи яқинида, Кичик ўра дарёси ўзанида барпо этилган бўлиб, бир қанча вақт мобайнида туман марказига яқин қишлоқ ва маҳаллаларни оқар сув билан  таъминлаб келган. Бироқ ўз вақтида унга эътибор қаратилмагани, тозалаш, таъмирлаш ишлари олиб борилмагани натижасида йиллар ўтиши билан турли чўкиндиларга тўлиб қолган ва сиғим қувватини деярли йўқотган эди.

240 гектардан ошиқ майдонни эгаллаган сув омбори ҳудудида узунлиги 850 метр, баландлиги 36,2 метр ҳажмдаги сув тўғонини қуриш, таъмирлаш, кўприк барпо этиш ва бошқа бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда лойиҳа ташкилоти томонидан объектнинг йиллик сув тўплаш ҳажмини 30 миллион кубга етказиш бўйича 69,5 миллиард сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган. Бу мазкур сув омборининг қуввати охирги йиллардаги сув тўплаш ҳажмига нисбатан камида 10 баробарга оширилади деганидир.

Шоҳиста БОЗОРОВА

«Mahalla»

 

Изоҳ 1
Фарида

2019-10-09 14:45:52

Қачон кўзларимиз тўрт бўлиб кутиб турибмиз. Лекин муаммо йўқ бўлмаяпти.

Изоҳ қолдириш