Соҳага қаратилаётган эътибор қандай самара бермоқда?

Қўшнимиз Ҳакима опа бир неча йилдан буён эндокринологик хасталик(бўқоқ)дан азият чекади. Ушбу касалликни даволаш узоқ давом этгани боис бемор барча муолажаларни шифокор назоратида олиши, бир неча тиббий текширувлардан ўтиши талаб этилади. Шу боис қўшни аёл тез-тез Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг тиббий хизматларидан фойдаланади.

Тунов куни ишдан қайтаётиб, Ҳакима опа билан йўлакда суҳбатлашиб қолдик. Гап орасида соғлиги ҳақида сўрадим.

— Раҳмат, анча яхшиман, — дейди Ҳакима опа. — Аммо кейинги вақтларда тиббий текширувлардан ўтиш анча қийинлашиб кетди. Баъзан турнақатор беморлар орасидан навбатинг келишини кутиб, сочинг сарғаяди. Айниқса, шифокор гормон таҳлиллари ёзиб берса, эртаси кун тонг отмасдан навбатга туришинг керак. Акс ҳолда тиббий таҳлилларни топшира олмайсан...

Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга доир 7 йиллик концепция

Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг ягона тизимини яратиш, тиббиётнинг хусусий секторини ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Аммо шунга қарамай, тизимда ечилиши лозим бўлган муаммолар, камчиликлар талайгина эди.

2018 йил 7 декабрь санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этди. Фармон билан тасдиқланган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дас­тури  соҳа ривожида янги даврни бошлаб берди. Ушбу концепция 7 йил муддатда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишдек улкан мақсадни олдимизга қўяди.

Вазифалар ижроси таъминланди...(ми?)

Мақсад бўлгани яхши, аммо уни амалга ошириш, ҳаётга татбиқ этиш-чи? Маълумки, юқоридаги Концепция доирасида тиббиёт муассасаларида «электрон соғлиқни сақлаш» тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш борасида муҳим вазифалар белгилаб олинганди. Қолаверса, 2017 йил 20 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017–2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида 2019 йил 1 январгача барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан туриб ёзилиш имконини берувчи электрон дастур жорий этилишини таъминлаш айтиб ўтилган. Хўш, ушбу вазифалар ижроси таъминландими?

— Замонавий тиббиётни ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Ахборот технологиялари маркази директори Ҳусан Бердиев. — Бугунги кунга келиб, юртимиздаги 5600 дан зиёд давлат тиббиёт муассасаларининг 876 таси «Электрон соғлиқни сақлаш» тизими доирасида ягона корпоратив тармоққа уланди. Тармоқда маълумотларнинг махфийлиги таъминланган. Ҳозирда ушбу тизимга уланган тиббиёт муассасалари ахборот алмашишда қатор қулайликларга эга бўлмоқда. Шунингдек, вазирликнинг minzdrav.uz сайтида янги  – «online xizmatlar» интерактив хизмати ишга туширилди. Бу орқали беморлар юртимизнинг 14 та ҳудудида жойлашган 350 га яқин давлат тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорлари қабулига ёзилиш имконига эга. Қолаверса, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам юртимиздаги нуфузли давлат тиббиёт марказларининг шифокорлари қабулига ёзилиш мумкин. Бироқ чекка ҳудудлардаги кўплаб тиббиёт муассасаларида моддий-техник базанинг мавжуд эмаслиги ушбу тизимни тўлиқ йўлга қўйишда баъзи муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шу ўринда бир масалани таъкидлаб ўтиш жоиз. Соғлиқни сақлаш йўналишида электрон тизимни тўлиқ ишга тушириш ва бу йўлда учраётган муаммоларни бартараф этиш фақатгина ушбу соҳа билангина боғлиқ эмас. Бунинг учун кўплаб ҳамкор ташкилотлар билан иш олиб бориш зарур.

Давлат тиббиёт муассасаларининг сайтлари яхши ишламайди, айримларида эса сайтнинг ўзи йўқ. Нега?

Афсуски, бугун юртимизда соғлиқни сақлашни самарали ислоҳ қилишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммолар мавжуд. Ушбу йўналишда узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги натижасида соҳага татбиқ этилаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар кўзланган самарани бераётгани йўқ. Бу эса аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Жумладан, айни пайтда мамлакатимиз тиббиёт муассасалари, марказларнинг расмий сайтларида фойдаланувчилар учун етарли маълумотлар берилмайди. Шунингдек, интерактив хизматлар йўлга қўйилмаган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, тиббиёт марказлари сайтларидан фуқаролар ўзига керакли бўлган 30 фоизгина маълумотни олишлари мумкин. Баъзи муассасаларда бу кўрсаткич 30 фоиздан ҳам паст. Мисол учун, Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг шу кунгача сайти йўқ, Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг сайти эса етарлича ишламайди. Қолаверса, ушбу манзилда фойдаланувчилар учун зарур маълумотлар кам. Хўш, нега юртимиздаги кўзга кўринган тиббиёт масканлари бу борада ҳали ҳам оқсамоқда?

— Тиббиёт муассасаларида АКТ бўйича мутахассис етишмаслиги бунга энг асосий сабаб, — дейди Ҳусан Бердиев. — Борлари ҳам талабга жавоб бермайди. Шу боис мутахассисларни тайёрлаш, борларини қайта ўқитиш, малакасини ошириш зарур. Шу мақсадда яқинда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб, у ердаги йирик тиббиёт клиникаларининг илғор тажрибаларини ўрганиб қайтдик. Малакали шифокорларнинг қабул жараёнларида муҳим маълумотларга эга бўлдик. Тан олиш лозим, улардан ўрганадиган жиҳатларимиз, тиббиётимизга татбиқ этишимиз лозим бўлган лойиҳалар жуда кўп. Ўйлайманки, яқин келажакда мамлакатимиз тиббиёти ҳам мазкур йўналишда яхши натижаларни қўлга киритади.

Электрон рецептлар қачондан берилади?

Дори воситаларини электрон рецептлар асосида чакана реализация қилиш «Электрон соғлиқни сақлаш» тизимини яратиш доирасидаги муҳим лойиҳалардан бири. Бу қулайлик ёрдамида онлайн-навбат, электрон ҳужжатлар айланиши ва бошқа интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини жорий этиш орқали соҳани босқичма-босқич рақамлаштириш кўзланган.

— Режага кўра, лойиҳани 2020 йилнинг март ойигача Тошкент шаҳрида тажриба асосида, 2021 йил охиригача эса республика бўйлаб жорий этиш белгиланган, — дейди Ҳ. Бердиев. —  Электрон рецепт тизими тўлиқ ишга тушиши учун юртимиздаги барча дорихона ва уларнинг филиалларида глобал тармоққа кириш имконини берувчи компьютер ёки бошқа турдаги телекоммуникация тармоқлари билан ўзаро боғланадиган техник воситалар бўлиши талаб этилади. Бироқ бугун дорихоналарнинг ҳаммасида ҳам бундай шароит йўқ. Шу боис бундай муассасаларга лицензия беришда ана шу талаб киритилди. Шунингдек, ҳозирда чет элдан импорт қилинаётган дори воситаларини умумий маркалаш бўйича тизимни соддалаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу эса лойиҳани тезроқ йўлга қўйиш имконини беради.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимиз тиббиёт тизимига «Электрон соғлиқни сақлаш» тизимини жорий қилиш жараёнида ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар, муаммолар талайгина. Аҳоли эса бу борадаги яратилган шароитлардан ҳозирча кўнгли тўлаётгани йўқ. Мавжуд камчиликларни тезроқ ҳал этиш эса юртдошларимизга янада сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради.

Саъдулло ТУРСУНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш