Қачонгача мутасаддилар ўз ваъдасини бажармайди?

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ҳудуддаги олис қишлоқлар, маҳаллаларда бўлиб, сайёр қабуллар ўтказиши анъанага айланган. Бу тадбирлар орқали одамларни қийнаб келаётган кўплаб муаммолар ўз ечимини топяпти, аксарияти жойида ҳал этилмоқда. Айрим мурожаатларни кўриб чиқиш масаласи эса жойлардаги мутасаддиларга топшириляпти. Хўш, бу масалалар ижроси қай даражада? Масъуллар ўз зиммасидаги масъулиятни ҳис қиляптими?

Муаммолар ечимида кадрлар салоҳияти етишмаяпти...(ми?)

Вилоят раҳбарининг Пастдарғом туманида ўтказган сайёр қабули давомида олдинги учрашувларда қилинган мурожаатларда кўтарилган масалаларни тегишли тартибда ҳал қилмаган 6 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди. Бу ҳолат «қизим сенга айтаман, келиним сен эшит», нақлини ҳам ёдга солади. Негаки, бу жараёнда бошқа соҳалардаги хато-камчиликлар ҳам кўзга ташланиб қолди.

Таъкидлаш ўринли, сайёр қабулларда такрор мурожаатларнинг кўпайгани, бир томондан, ҳали жойларда муаммоларга тўла барҳам берилмаганини англатса, бошқа томондан, айрим мутасаддилар одамларни қийнаётган камчиликларни ҳал қилишга етарлича ҳаракат қилмаётгани ёки уларнинг бунга салоҳияти етмаётганини кўрсатиб турибди. Жумладан, вилоят ҳокимининг Оқдарё туманида ўтказган сайёр қабулида 50 дан ортиқ масала ижроси туман мутасаддиларига топширилган эди. Хўш, ўтган вақт давомида мутасаддилар мазкур мурожаатларга қай йўсинда ечим топдилар?

— Сайёр қабулда маҳалламиз ҳудудидан ўтган «Суткент — Қоратери» йўлини таъмирлаш масаласида ёрдам сўрагандик, — дейди «Янги Равот-2» маҳалласида яшовчи Раъно Худойбердиева. — Шундан сўнг тумандаги бир нечта идорадан масъуллар келиб, йўлни суратга тушириб кетишди, лекин ҳозиргача ўзгариш бўлгани йўқ. 1995 йилда асфальт қилинган йўл икки томондан ариқ қазилиши туфайли янада қисқариб, яроқсиз ҳолга келиб қолган.

— Қишлоғимизга 1967 йилда симёғочлар ўрнатилган, ҳозир улар жуда хавфли ҳолатда, — дейди «Сўғончи» маҳалласида яшовчи Келдиёр Абдураззоқов. — Жумладан, маҳалламиздаги Тепа Сўғончи, Паст Сўғончи, Қорахитой ва Ўрадин қишлоқларидаги симёғочлар абгор аҳволда. Ана шу эски симёғочларни алмаштиришда ёрдам сўраб мурожаат қилгандим. Аммо мурожаатим юзасидан бирор киши ёки ташкилот вакили келиб, масалани ўргангани ҳам йўқ.

— Нафақат «Суткент – Қоратери» йўли, балки тумандаги ички йўлларнинг аксарияти жуда таъмирталаб бўлиб қолган, — дейди туман ҳокими ўринбосари Алишер Ҳайдаров. — Бунинг барчаси маблағ муаммосига бориб тақалади. Аммо шунга қарамай, сўнгги 2 ой мобайнида туман марказидаги кўча ва унга туташ ҳудудлардаги йўлларда катта ҳажмдаги таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу юмушлар босқичма-босқич амалга ошириляпти. «Сўғончи» маҳалласидаги симёғочлар масаласига келсак, уларни алмаштириш 2020 йилги дастур ва «Йўл харитаси»га киритилди. Ўйлайманки, бу муаммолар келаси йилда ўз ечимини, албатта, топади.

Аслида мутасаддилар одамларга қулайлик яратиш ҳақида ўйлаши керак эмасми?

Нарпай туманидаги «Оқтош» маҳалласида кўп йилдирки, аҳоли тоза ичимлик суви йўқлигидан азият чекади. Маҳалла фаоли Мансур Раҳимов шу масалада ёрдам сўраб вилоят ҳокими қабулига кирганди.

— Йиллар давомида кўп жойларга мурожаат қилдик, аммо ҳар сафар «Ичимлик суви тармоғи тортишни кейинги йил дастурга киритамиз», деган жавобни оламиз, кейинги йил эса яна ўша баҳона, — дейди М.Раҳимов. — Ҳозир аҳоли истеъмол қилаётган сув ичишга мутлақо яроқсиз. Лекин ҳокимлик мутасаддилари турли ваъдалар билан бизга тушунтириш хати ёздириб олишди ва «масала ҳал этилди» қабилида юқорига ҳисобот беришди. Аслида, туман раҳбарлари мурожаатни ёпишни эмас, аҳоли саломатлигини асраш, тоза ичимлик суви келтириш, йўлларни таъмирлаш, фуқароларга қу­лайлик яратишни ўйлаши керак эмасми?

Туман ҳокимлигига йўлланган мурожаатлар «тақдири» билан қизиқар эканмиз, уларнинг аксарияти «Кейинги йил дастурига киритилди», «Жамоатчилик асосида ишга олинди», «Тушунтириш берилди» мазмунидаги жавоблардан иборат эканини кўрдик. Бу ҳаракат билан мутасаддилар аҳоли муаммоларига ечим топиш, уларни қийнаётган масалаларни имкон қадар бартараф этишга эмас, аксинча фуқародан розилик хати олиш ва мурожаатни ёпишга эътибор қаратгани кўриниб турибди. Аслида мурожаатларнинг ҳар бири туман ҳокимлиги учун ҳудуд олдида турган муаммоларни кўрсатиб берувчи кўзгу, келгуси режалари учун дастур бўлиши керак эмасми?

«Мурожаат ҳал этилди, деган мазмунда имзо қўйдириб олишди»

Вилоят раҳбарининг Пастдарғом туманидаги сайёр қабулида 44 та мурожаат мутасадди раҳбарлар ҳукмига ҳавола қилинган эди. Туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, шундан 39 таси ижобий ҳал қилинган ва қолган 5 та мурожаат ўрганилмоқда. Ҳокимлик берган маълумотлар асосида айрим мурожаатчилар билан боғландик.

— Вилоят ҳокимидан иккита муаммони ҳал қилиб беришини илтимос қилгандим, — дейди Амир Темур номли маҳаллада истиқомат қилувчи Шоира Мансурова. — Яъни маҳалламизнинг бошқа жойларида табиий газ бор, аммо бизнинг кўчада йўқ. Шунингдек, кўчамизда ариқ йўқлиги сабабли ёмғирли кунларда уйимизгача сув киради. Мутасаддилар қабулдан сўнг келишди, бироқ масалага ечим топилмади. Аксинча камчиликлар бартараф этилишини айтиб, улар ҳал қилинди, деган мазмундаги қоғозга имзо қўйдириб кетишди.

«Пўлатчи» маҳалласида яшовчи Дилбар Юсупова йиғинда ичимлик суви йўқлиги ва одамлар қудуқ сувидан истеъмол қилаётганини айтиб мурожаат қилган эди.

— Очиғи, биз яшаб турган жамиятда шу муаммони кўтариб чиқишга уяламан, — дейди у. — Аммо начора, уни ҳал қилишга бизда имконият етарли эмас. Қолаверса, икки марта туман ҳокимига дардимизни айтган бўлсак-да, бизни эшитадиган одам топилмаяпти.

Туман ҳокимлиги берган маълумотда юқоридаги икки ҳолат ҳам жойига чиқиб ўрганилиб, ўз ечимини топгани кўрсатилган. Ажабо...

— Амир Темур номли маҳаллада табиий газ масаласи анча оғир, аммо зарур чоралар кўриляпти, — дейди туман ҳокими ўринбосари Обид Облақулов. — Уйларга ёмғир суви кираётганининг бош сабабчиси эса шу ерда яшаётган одамларнинг ўзлари. Ҳовлиси 20-25 сотих ердан иборат бўлгани ҳолда, уларнинг аксарияти кўчага қараб ҳар йили силжиб, уни қисқартириб келишади. Натижада кўча жуда торайиб, унинг четидаги ариқча кўмилиб қолган. Бу масалани маҳалла фаоллари иштирокида ҳал қилиш лозим. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш биргина «Пўлатчи» маҳалласида эмас, туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам мавжуд. Шу боис айни пайтда артезиан қудуқ қазадиган замонавий техника воситалари харид қиляпмиз. Бу ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш келаси йилдан бошлаб босқичма-босқич амалга оширилиши учун махсус «Йўл харитаси» ҳам ишлаб чиқилди.

Ҳар бир муаммонинг ечими бор...

— Ҳар бир муаммонинг ечими бор. Бунинг учун жойлардаги мутасаддилар халқнинг олдига раҳбар сифатида эмас, оддий фуқаро сифатида келиб, уларнинг муаммоларини, дардларини эшитиши лозим, — дейди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. — Масалан, айрим қишлоқлардаги мактаблар қурилганига 40 йил бўлган, лекин шу пайтгача таъмирланмаган, унинг моддий-техник базаси ҳеч кимни қизиқтирмаган. Боғчалардаги аҳвол ҳам бугунги кун талабларига тўғри келмайди. Одамлар биз чекка қишлоқда яшаймиз, шу сабаб эътибордан ҳам четдамиз, деб эртанги кунга умиди, ишончи сўниб бораверган. Ҳеч ким қишлоқни обод қилайлик, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратайлик, деб ташаббус кўрсатмаган.

Хулоса шуки, кўп ҳолларда туман ҳокимликларининг эътиборсизлиги жойида ҳал этиш имкони бўлган муаммони қуйидан юқоригача кўтарилишига олиб келаётир. Натижада оддий одамлар сарсон бўлмоқда. Шунинг учун масъул шахслар ўз вазифасига чуқурроқ ёндашиб, мурожаатлар мазмунига жиддийроқ эътибор қаратишлари лозим. Шуни унутмаслик керакки, ижтимоий адолат ва инсонларнинг дарду ташвиши билан яшаш барча тоифадаги раҳбарлар олдидаги энг катта масъулиятдир. Бугун унга қай даражада ёндашилаётгани ҳисобини эртага сўрайдиганлар бор, албатта.

Ёрмамат РУСТАМОВ

«Mahalla»

Изоҳ 1
Муҳаммад

2019-10-09 14:43:34

Бизда минг гапираверинг эски ҳаммом эски тосни учратаверасиз

Изоҳ қолдириш