Маҳалла мажбурий меҳнатдан холими?

Бир хабар таассуроти

Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир журналист ёки нашр бирор-бир идора матбуот хизматининг хабарини шунчаки кўчириб қўймайди. Назаримда, матбуот хизмати хабари хамиртурушга ўхшайди. Уста новвой – моҳир журналист ана шу хамиртуруш атрофида қўшимча фактларни йиғиб хамир қориши, сўнгра ижод тандирида қизитиб нон пишириши керак. Ачитқини истеъмолчига шундайлигича тақдим этиш киши ошқозонига зарар етказганидек, ҳар қандай хабарни муаллифнинг қўшимча изланиши, мулоҳазасисиз шундайлигича тақдим этиш ўқувчида нотўғри хулосани шакллантириши, воқеа ҳақида тугал хулосани бермаслиги мумкин.

Яқинда расмий нашрлардан бирининг веб-сайтида Бухоро туманидаги «С...» номли маҳалла фуқаролар йиғини раисининг 600 АҚШ доллари миқдорида пора билан қўлга тушганлиги ҳақидаги хабар диққатимни тортди. Кейинчалик ушбу хабар бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам кенг тарқалди. Манба эса битта: бош прокуратура ахборот хизмати.

Воқеада маҳалла раиси фермер хўжалиги иш юритувчисидан экспорт режасини бажарилиши учун пора сўраган.

Барча хабарларда, унинг остидаги изоҳлар порахўрликнинг жирканч иллати, ушбу мудҳиш ҳолат «халқ виждони» ҳисобланган маҳалла раисига ярашмаслиги ҳақидаги фикрларга тўлган пайтда мени бошқа мулоҳаза чулғаб олди.

Одатда маҳалла раиси билан боғлиқ таъмагирлик ҳолатлари бевосита моддий ёрдам тайинлаш, маълумотнома тақдим этиш сингари ўз ваколатлари доирасидаги масалаларда кузатиларди. Аммо...

Хўш, маҳалла раиси қишлоқ хўжалиги, айниқса, экспорт масалаларига қандай ўралашиб қолди? Унинг иқтисодий секторга қандай алоқаси бор? Экспорт режасини бажартиришни зиммасига олган экан, унга бу ҳуқуқни, ваколатни ким берди?

Ана шу ерда хаёлимизнинг бир чеккасида ушбу масала моҳиятида мажбурий меҳнат муаммоси йўқмикан, деган мулоҳаза ўтади...

Қонунчилик ва ижро...

Президентимизнинг жорий йил 2 апрелдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида «.....фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш... тақиқланади», деган банд мавжуд. Аммо баъзи ҳолларда уларнинг хизмат вазифасига тааллуқли бўлмаган солиқ ва бошқа тўловлар йиғими, қишлоқ хўжалик ишларига жалб этиш ҳолатларини кузатамиз.

Оилада ажралишми маҳалла ишламаган, ҳудудда жиноят содир этилдими маҳалла айбдор. У-бу ким хонадони ёки бирор идора атрофи чиқиндими маҳалла жаримага тортилади. Бирортаси ялқовлиги тутиб томорқасида ишламадими маҳалла гуноҳкор. Фермернинг пахта режаси тўлмаса, далага теримчи чиқмаса, бирорта оммавий тадбирларда иштирокчилар жалб этилмаса маҳалла жавоб беради. Камига қора металл парчаси йиғиш, солиқ, коммунал тўловларни ундиришга кўмаклашиш ва қишлоқ хўжалик юмушлари сингари хизмат вазифасига кирмаган ишлар ҳам борки, гарчи ҳар бирининг алоҳида ойлик олиб ишлайдиган масъули бўлса-да, барчасининг жавоби маҳалладан сўралади.

Ана шундай қил кўприклар устида масъулият лангарини тутиб мувозанат сақлайдиган маҳаллалар яна давлат ташкилотлари йиғилишларида асосий нишонга айланишади.

Ҳолбуки, юқорида келтирилган вазифаларнинг ҳар бирининг ўз ижрочиси бор. Ойлик маоши эса маҳалла тизими ходимлариникидан бир неча баробар юқори...

Қонуний тақиқлов – тўғри ечимми?

Шу ўринда табиий савол туғилади. Нега қонунчиликда маҳалла тизими ходимларини ўз фаолиятига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб этмаслик борасида ҳар қанча бандлар киритилмасин, амалда бу ҳолатга қайта-қайта дуч келаверамиз?

Сабаби эса оддий. Халқимизнинг бир неча минг йиллик тадрижий тараққиёти, давом этиб келаётган ижтимоий анъаналари маҳалланинг жамият қуйи тузилмасида мустаҳкам ўрин эгаллашига замин ҳозирлади. Шу боис ҳам бугун жамият ҳаётининг қайси бир жабҳасини олмайлик, маҳаллага дахлдор бўлмаган масаланинг ўзи йўқдек кўринади. Исталган масала маҳалла аралашувисиз ҳал бўлмайди. Баъзида ваколатли тузилмаларнинг жазо билан қўрқитиб ҳал эта олмаган масаласини маҳалла раиси оддийгина муомала билан бир зумда бартараф этади.

Биргина мисол. Солиқ идораси вақтида тўланмаган солиқ учун хонадон эгасини жаримага тортиши, қўшимча пеня ундириши, жиноий иш қўзғатишга ҳаракат қилиши мумкин. Аммо ана шундай кескин чоралар ҳам солиқ ундирувида доимо натижа беравермайди. Маҳалла эса ҳудудидаги ҳар бир одам билан қандай гаплашишни, унга қандай индивидуал ёндашишни, қачон тўлов қобилиятига эга бўлиши ёки тўловни ундириш манбаларини билади. Кейин аҳоли ҳам аксарият давлат идораси вакилига айтолмаган масалаларини маҳаллага очиқ-ойдин айтади. Муаммолар аниқ кўринган, ташхиси ойдин масала эса тез ечим топади.

Ана шу жиҳатлардан келиб чиққан ҳолда маҳалланинг халқ ўртасидаги мавқеидан тўғри фойдалана олиш керак. Яъники маҳалланинг ҳозирда бажариб турган ишларини қонуний жиҳатдан ҳам расмийлаштириш, бу борада тегишли ишчи органларини йўналтириш мақсадга мувофиқ.

Тўғри, ҳар бир маҳаллада солиқ, меҳнат, профилактика инспекторлари, бошқа давлат хизматчилари фаолият юритади. Лекин фаолият самарасизлиги шундаки, аҳоли уларни маҳалланинг одами деб билмайди. Қолаверса, ушбу ходимларнинг ўзи ҳам «маҳалла кишиси» бўлмоқликдан ор қилади. Маҳаллага ҳамкор сифатида эмас, буйсунувчи тизим сифатида қарашади.

Шу боис давлат хизматчилари горизонтал тарзда юқори турувчи туман ташкилоти раҳбарига буйсунуви билан бирга, вертикал тарзда маҳалла раисига ҳисобдор қилиш борасидаги тизимни жорий этиш мақсадга мувофиқ. Тўғри, қонунчиликда давлат идораларининг маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳар чоракда ҳисобот бериш тизими мавжуд. Аммо аниқ қонуний жазо чоралари белгиланмаганлиги боис ҳисоботлар фақатгина йиғилиш кўринишида қолиб кетмоқда.

Ҳар қандай қонун аввало жамиятдаги мавжуд анъаналар пойдеворида ишлаб чиқилади. Демакки, жамиятда шаклланган анъаналарнинг ўзи жамоатчилик назорати орқали маҳаллага катта ваколатлар берган экан, унга етарли даражада қонуний асослар бериш, янада таъсирчан ижро механизмини ишлаб чиқиш керак.

Йўқса, ўз қонуний ваколатидан ташқари, аммо айрим ваколатли идораларга кўмаклашиш учун уддалай оладиган ишини қилгани учун номи «қора»га чиқиб қолаверади.

Аврангзеб

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш