Маҳалла раисининг ваколатлари нималардан иборат?

– Маҳалла раиси кун-кунора турли масалалар бўйича бизни безовта қилади. Қонунчиликда уларнинг вазифалари нималардан иборат? Йиғин раиси қандай ваколатларга эга?

Илҳом КАРИМОВ.

Бухоро вилояти Ромитан тумани.

 

Сардор ДАВРОНОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бухоро вилояти кенгаши ташкилий-услубий шўъба мудири:

– Фуқаролар йиғини раисининг ваколатлари «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасида келтириб ўтилган. Унга кўра фуқаролар йиғини раиси:

– фуқаролар йиғинини (фуқаролар вакилларининг йиғилишини) чақиради;

– раис маслаҳатчиларининг, масъул котибнинг, асосий йўналишлар бўйича комиссиялар раислари ва аъзоларининг номзодларини сайлаш учун фуқаролар йиғинига тақдим этади;

– фуқаролар йиғини ва унинг органлари томонидан ўз ваколатларини амалга оширишига, шунингдек, қарорларни ижро этишга доир ишларни ташкил этади;

– давлат органларида, шу жумладан, судда, юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фуқаролар йиғинининг манфаатларини ифодалайди, фуқаролар йиғини номидан шартномалар, шу жумладан, меҳнат шартномалари тузади;

– фуқаролар йиғини маблағларини қонун ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади;

– тегишли ҳудудда маслаҳат марказлари ишини ташкил этади;

– эгасиз мол-мулкни сақлаш чораларини кўради;

– спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисида ёки фуқарони руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақида судга ариза беради;

– кам таъминланган оилаларнинг, етим болаларнинг, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг, шунингдек, табиий офатлардан ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларнинг моддий ва уй-жой, маиший шароитларини яхшилаш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритади;

– маҳаллий давлат ҳокимияти органларига янги дафн этиш жойларини барпо этиш ва мавжуд бўлганларини реконструкция қилиш ҳақида таклифлар киритади;

– вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик ишларини ташкил этади, етим болалар, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақидаги маълумотларни васийлик ва ҳомийлик органларига тақдим этади, шунингдек, бундай болаларни тегишли давлат муассасаларига жойлаштиришга кўмаклашади;

– «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси аъзолари фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

– тегишли ҳудудда байрам кунлари ва муҳим саналар билан боғлиқ оммавий тадбирлар ўтказилишини ташкил қилади;

– рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотлар фаолият кўрсатишининг, диний қарашларни мажбуран сингдириш ҳолларининг олдини олишга доир ишларни ташкил этади, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этади;

– фуқаролар йиғинининг масъул котиби, ҳарбий ҳисобни юритиш бўйича ходимнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

– фуқароларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини кўриб чиқади;

– фуқароларга уларнинг оилавий ва мулкий аҳволи тўғрисида маълумотномалар ҳамда ҳужжатлар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар берилишини таъминлайди;

– тегишли давлат органларидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, моддий маданий мерос объектлари ҳақида маълумотлар сўрайди ва олади;

– фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларини бажармаганлиги учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга тақдимномалар киритиш сингари вазифаларни амалга оширади.

Шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш